Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи ярмида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинганлар сони 22 фоизга ошди. Бу жараён гиёҳвандликка қарши кураш билан боғлиқлигини кузатиш мумкин.
Олий суд маълумотларига кўра, январь-июнь ойларида судлар 11 703 нафар шахсни озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги 9 570 нафарга нисбатан 2 133 нафарга ёки 22 фоизга кўп.
Икки кишига умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳар икки ҳукм Тошкент шаҳрида чиқарилган.
Cўнгги йилларда Ўзбекистонда жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар умумий сони кескин кўпаймоқда.
Ички ишлар вазирлиги апрель ойида мамлакатдаги 49 та жазони ижро этиш муассасасида 47 432 нафар маҳкум жазо ўтаётганини маълум қилди.
Бу рақамлар Ўзбекистонда маҳкумлар сони тўрт йил ичида 60 фоиздан кўпроққа кўпайганини ва 2020 йилдан бери икки баробардан зиёд ошганини англатади.
Мирзиёев ҳокимиятга келган дастлабки йилларда афвлар ва қамоқ жазосига муқобил жазо чоралари кенгайтирилиб, мамлакатдаги маҳкумлар сони кескин камайган эди.
Гиёҳвандликка оид жиноятлар бўйича судланганлар икки баробардан зиёд кўпайди
Олий суд маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар учун 5 788 нафар шахс судланган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4 578 нафарни ташкил қилган. Бу эса икки даврни таққослаганда қарийб 26 фоиз кўпдир.
Ўзбекистон ҳукумати гиёҳвандликка қарши курашни кескин кучайтирганини айтиб келади.
2025 йил ноябрида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева хавфсизлик идораларининг раҳбарларини йиғиб, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши мувофиқлаштирилган курашни кучайтиришга чақирди.
2026 йил июнида Ўзбекистон гиёҳвандликка оид қонунчиликни кучайтирди. Яширин нарколабораториялар ташкил қилиш, интернет орқали ва трансмиллий гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда вояга етмаганларни бундай жиноятларга жалб қилиш учун жазолар оғирлаштирилди.
Айрим оғир гиёҳвандлик жиноятлари учун энди 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши мумкин.
Ушбу чоралар ижросини шахсий назоратига олганини айтган Саида Мирзиёева июнь ойида давлат “гиёҳвандлик жиноятчилигига қарши аёвсиз кураш” эълон қилганини билдирди.
“Бу курашда ҳеч кимнинг четда томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ”, деди у.
Гиёҳвандликка оид жиноятлар бўйича судланганлар сони Мирзиёеванинг 2025 йил ноябридаги баёнотидан олдин ҳам — 2020-2024 йиллар оралиғида — икки баробардан зиёд кўпайган эди.
Маҳкумлар сони Каримов давридаги сўнгги кўрсаткичдан ҳам ошди
Маҳкумлар умумий сонининг ўсиши Мирзиёев президентлигининг дастлабки йиллари билан таққосланганда айниқса яққол кўринади.
World Prison Brief маълумотларига кўра, 2014 йилда, Ўзбекистонни узоқ йиллар Ислом Каримов бошқарган даврда, мамлакатда тахминан 43 900 нафар маҳкум бўлган.
Каримовдан кейин 2016 йил охирида президентликка келган Мирзиёев ҳокимиятининг тўртинчи йили — 2020 йилга келиб бу рақам 22 827 нафарга тушган.
Ички ишлар вазирлигининг 2026 йил апрелида эълон қилган 47 432 нафарлик кўрсаткичи маҳкумлар сони шундан буён икки баробардан зиёд кўпайганини англатади.
Мутлақ рақамларда бу кўрсаткич Каримов даврининг охирига яқин мавжуд бўлган сўнгги очиқ маълумотдан ҳам юқори.
Бироқ Ўзбекистон аҳолиси ҳам бу даврда сезиларли кўпайган. Шу сабаб мамлакат ҳали Каримов давридаги аҳоли жон бошига тўғри келадиган қамоқ кўрсаткичига қайтган эмас.
38,4 миллионга яқин аҳолига нисбатан 47 432 нафар маҳкум — ҳар 100 минг аҳолига тахминан 124 нафар маҳкум дегани.
2014 йилда эса бу кўрсаткич ҳар 100 минг аҳолига тахминан 144 нафарни ташкил қилган.
Мирзиёевнинг дастлабки сиёсати
Сўнгги тенденция Мирзиёев президентлигининг дастлабки йилларида жазо сиёсатида кузатилган йўналишдан фарқ қилади.
2017 йил декабрида Мирзиёев маъмурияти Ўзбекистон тарихидаги илк кенг кўламли президент афви деб таърифлаган фармон қабул қилинди. У 2700 нафар маҳкумни қамраб олди, улардан 956 нафари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди.
2019 йилга келиб Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён етти марта эълон қилинган афв орқали қарийб 4 минг маҳкум озод этилганини айтди.
2019 йилда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари йиллар давомида қийноқлар билан боғлаб келган Жаслиқ колонияси ёпилди.
2020 йил декабрида парламентга мурожаатида Мирзиёев 25 та манзил-колонияни босқичма-босқич қисқартириш ва биринчи марта енгилроқ жиноят содир этган айрим шахсларни колонияга юбориш ўрнига пробация назоратига олиш режасини эълон қилди.
Расмийлар бу ислоҳот ўша пайтда жазо ўтаётган қарийб 6 минг кишига оиласи бағрида яшаш имконини беришини айтган эди.
Айни пайтда жазони ижро этиш муассасалари сони ҳам қисқарган: 2022 йилда 54 та муассаса қайд этилган бўлса, 2026 йилда улар сони 49 та экани айтилди.
Ўзбекистон расмийлари ушбу 49 та муассасанинг бугунги умумий сиғими ҳақида янгиланган маълумот эълон қилмаган. Шу сабаб маҳкумлар сонининг тез ўсиши қамоқхоналарда жой танқислиги ёки ортиқча тўлиб кетишга олиб келган-келмаганини очиқ маълумотлар асосида аниқлаш имкони йўқ.
Форум