Линклар

Шошилинч хабар
27 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 10:18

Россия Самарқанд олимпиадасига қўйилмади - Катта сиёсат шахмат доскасида

Самарқанд сентябрь ойида дунёдаги энг йирик жамоавий шахмат мусобақаларидан бири — Жаҳон шахмат олимпиадасида юзлаб миллий терма жамоаларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. Аммо Россиянинг эркаклар ва аёллар терма жамоалари мусобақага қўйилмади.

Россия шахмат расмийлари 24 август куни Халқаро шахмат федерацияси — FIDE уларнинг мусобақада қатнашиш тўғрисидаги сўровини рад этганини маълум қилди. Шу тариқа Россия 2022 йил Ченнай ва 2024 йил Будапештдаги мусобақалардан кейин учинчи бор кетма-кет шахмат олимпиадасини ўтказиб юборади.

Россия расмийлари FIDE’ни шахматни сиёсийлаштиришда айблаб, қарор учун ташкилотнинг муваққат раҳбариятини жавобгар деб кўрсатмоқда. Собиқ жаҳон чемпиони Анатолий Карпов Россия терма жамоаларининг четлатилишини "русофобия", яъни русларга ёки Россияга нисбатан душманона муносабатнинг ифодаси деб атади. У Самарқанддаги FIDE президенти сайловидан кейин ташкилот сиёсати ўзгаришига умид билдирди.

Бироқ Россиянинг мусобақада қатнашмаслиги фақат Москва 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин жорий этилган умумий спорт чекловлари билан боғлиқ эмас.

FIDE июнь ойида Россия шахмат федерациясининг аъзолигини вақтинча тўхтатди. Бунга федерациянинг Россия босиб олган Украина ҳудудларидаги шахмат фаолиятига доир Спорт арбитраж суди қарорини бажармагани сабаб бўлди.

Самарқандда қарийб 400 жамоа кутилмоқда

Олимпиаданинг очилиш маросими 15 сентябрда ўтказилади, 11 турдан иборат мусобақалар эса 16–27 сентябрь кунларига белгиланган. Очиқ йўналишда 208 та, аёллар ўртасидаги мусобақада эса 192 та жамоа қатнашиши кутилмоқда.

Мезбон Ўзбекистон очиқ йўналишдаги дастлабки рейтингда АҚШ ва амалдаги чемпион Ҳиндистондан кейин учинчи ўринда турибди.

Ўзбекистоннинг ёш шахматчилардан тузилган эркаклар терма жамоаси 2022 йилги олимпиадада олтин, 2024 йилда эса бронза медалини қўлга киритган. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Жаҳонгир Воҳидов каби шахматчиларнинг халқаро муваффақиятлари Ўзбекистонни жаҳон шахматидаги янги кучлардан бирига айлантирди.

2022 йилги ғалаба мамлакатда шахматга қизиқишнинг сезиларли ортишига ҳам туртки берди. Кейинги йилларда Абдусатторов ва Синдоровнинг жаҳоннинг етакчи шахматчилари қаторига кириши, ёшлар ўртасидаги халқаро ғалабалар ва Ўзбекистонда йирик мусобақалар ўтказилиши бу қизиқишни янада кучайтиргани айтилади.

Ўзбекистон олимпиада мезбони, аммо Россияни мусобақага қўйиш ёки қўймаслик ваколати FIDE’га тегишли. Ўзбекистон ҳукумати ва Шахмат федерацияси ҳозирча Россия жамоаларининг четлатилиши юзасидан муносабат билдирмади. Мезбон федерация қарор қабул қилинишидан олдин маслаҳатлашувларда иштирок этган-этмагани ҳам очиқланмаган.

Самарқанд олимпиада билан бир вақтда FIDE конгресси ва президент сайловига ҳам мезбонлик қилади. FIDE маълумотига кўра, сайлов 26–27 сентябрь кунлари ўтказилади. Янги раҳбарият FIDE’нинг Россияга нисбатан келгуси сиёсий ёндашувига таъсир қилиши мумкин, аммо сайлов Спорт арбитраж суди қарори ёки Россия федерациясининг четлатилишини автоматик равишда бекор қилмайди.

Россия расмийлари қарорни қораламоқда

Россия шахмат федерацияси ижрочи директори Александр Ткачёвнинг айтишича, Россия жамоаларининг иштироки масаласи 23 август куни FIDE Президент кенгашида кўриб чиқилган.

Ткачёв қарор учун FIDE президенти вазифасини вақтинча бажараётган Вишванатан Анандни айблаб, ташаббус айнан ундан чиққанини даъво қилди. У кенгаш аъзоларининг аксариятини шахмат манфаатларидан кўра ўз лавозими ва карьерасини устун қўйишда айблади.

"Айримлар шахматни сиёсатдан устун қўяди, бошқалар эса шахсий манфаатлари ва карьерасини биринчи ўринга қўяди. Бу сафар улар ғалаба қилди", дея Ткачёвнинг сўзларини келтирди Россия матбуоти.

У FIDE’нинг "Биз бир оиламиз" шиори фақат қоғозда қолганини ҳам айтди.

FIDE августдаги қарорни тушунтирувчи алоҳида батафсил баёнот эълон қилмади ва кенгаш аъзолари қандай овоз берганини очиқламади. Ташкилот Ткачёвнинг ташаббус шахсан Ананддан чиққан деган даъвосига ҳам муносабат билдирмаган.

Карпов сентябрдаги сайловдан кейин вазият ўзгаришига умид билдирди.

Россия нима учун четлатилди?

Россия ва Беларусь терма жамоаларининг FIDE мусобақаларидаги иштироки Москва 2022 йил февраль ойида Беларусь ҳудудидан ҳам фойдаланиб, Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаганидан кейин тўхтатилган эди.

Бироқ 2025 йил декабрида FIDE Бош ассамблеяси ҳар икки давлат жамоаларини мусобақаларга қайтариш учун овоз берди. Ташкилот Россия ва Беларусь терма жамоалари расмий мусобақаларда яна қатнашиши мумкинлигини, аммо катталар жамоалари учун миллий байроқ ва мадҳиядан фойдаланиш бўйича чекловлар сақланиб қолишини билдирди.

Украина шахмат федерацияси Россия федерациясининг Қрим ва Севастополь ҳамда Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия босиб олган қисмларидаги шахмат ташкилотлари ва фаолиятини ўз назоратига олишига қарши Спорт арбитраж судига мурожаат қилди.

Суд Россия шахмат федерациясига бу ҳудудлардаги фаолиятини тўхтатишни буюрди. Қарорни бажариш учун федерацияга 90 кун берилди ва бу муддат 9 июнда тугади.

10 июнь куни FIDE суд талаблари бажарилмаганини билдириб, Россия шахмат федерациясининг аъзолигини дарҳол вақтинча тўхтатди. FIDE’нинг расмий қарори

Шу сабаб Россиянинг Самарқанд олимпиадасидан четлатилишига бевосита ҳуқуқий асос — унинг миллий федерацияси Спорт арбитраж суди қарорини бажармагани учун FIDE’даги аъзолик мақомидан маҳрум бўлганидир.

FIDE мазкур чора миллий федерацияга нисбатан қўллангани, алоҳида шахматчиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашиши тўлиқ тақиқланмаганини таъкидлади. Талабларга жавоб берадиган россиялик шахматчилар FIDE белгилаган шартлар асосида якка тартибдаги мусобақаларда иштирок этиши мумкин. FIDE’нинг расмий қарори

Украина қарорни олқишлади

Украина шахмат федерацияси Россиянинг четлатилишини олқишлади.

Федерация вице-президенти Владимир Ковальчук Украина томони FIDE’га Россия жамоаларини Самарқанд олимпиадасига қўймасликни сўраб расмий хат юборганини билдирди. У қарорни Украина федерациясининг "навбатдаги ғалабаси" деб атади.

Ковальчук FIDE президенти Аркадий Дворкович Россия жамоаларининг қайтиши учун расмийларга босим ўтказганини ҳам даъво қилди. Бу даъво мустақил равишда тасдиқланмаган. Дворкович унга очиқ муносабат билдирмади.

Уруш Россия спортига ҳам таъсир қилмоқда

Россиянинг халқаро спортдаги яккаланиши президент Владимир Путиннинг Украинага қарши бошлаган уруши оқибатларидан бири бўлиб қолмоқда. Қатор халқаро спорт ташкилотлари Россия терма жамоаларига чекловларни Москвага босим ўтказиш, Украина билан ҳамжиҳатлик билдириш ва босиб олинган ҳудудларнинг спорт тизимига қўшиб олинишига йўл қўймаслик чораси сифатида изоҳлайди.

Россия расмийлари эса бундай қарорлар спортчиларни давлат сиёсати учун жазолашини ва спортни сиёсийлаштиришини айтиб келади. Айрим халқаро федерациялар россиялик спортчиларга бетараф мақомда якка тартибда қатнашишга рухсат бериб, миллий терма жамоаларни мусобақалардан четда қолдирмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG