Линклар

Шошилинч хабар
12 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 15:56

Нижнекамскда ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасади ватанга олиб келинди

Фото: Ўзбекистон ТИВ
Фото: Ўзбекистон ТИВ

Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрида 10 август куни дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган саккиз нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади 12 август куни Ватанга олиб келиниб, яқинларига топширилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги маълум қилди. Кейинчалик мазкур маълумотни Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

Миграция агентлиги маълумотига кўра, маросим билан боғлиқ харажатларни Татаристон томони ўз зиммасига олган. Марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш учун Мудофаа вазирлиги махсус самолёт ажратган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳодиса билан боғлиқ барча масалалар, жумладан жабрланган фуқароларга зарур ёрдам кўрсатиш ишлари Россия томони билан ҳамкорликда назоратга олинганини билдирди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг аввалроқ маълум қилишича, ҳалок бўлган фуқаролар қурилиш компаниясида ишлаган. Шунингдек, яна бир неча нафар ўзбекистонлик турли даражада жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан ҳукумат комиссияси тузилган бўлиб, унга бош вазир ўринбосари Ачилбой Раматов раҳбарлик қилмоқда. Комиссияга жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, ҳалок бўлганларнинг жасадларини Ўзбекистонга олиб келиш ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш вазифалари юклатилган.

Шунингдек, Татаристонга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа идоралар вакилларидан иборат махсус ишчи гуруҳ юборилган.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713
This item is part of
XS
SM
MD
LG