Ўзбекистонда Comrade Aziz тахаллуси билан танилган блогер Азиз Ҳакимов тўрт йилу икки ойга озодликдан маҳрум қилинди. У туҳмат, ҳақорат ҳамда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишда айбдор деб топилди. Айни пайтда Ҳакимов урушни тарғиб қилиш моддаси бўйича оқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар берди.
Суд, шунингдек, Рақамли технологиялар вазирлигига Азиз Ҳакимов юритган Comrade_Aziz Telegram-каналини блоклаш мажбуриятини юклади. Бир кун аввал каналда маҳкумнинг суд ҳукми устидан шикоят қилмаслиги ҳақида хабар пайдо бўлган эди.
Жиноят иши доирасида олти киши жабрланувчи деб топилган. Улар орасида блогер Никита Макаренко ҳам бор. Унинг билдиришича, Ҳакимов видеоларидан бирида унинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотлар тарқатган.
Макаренко аввалроқ Ҳакимовни СССРни улуғловчи, Ўзбекистон мустақиллиги аҳамиятини камситувчи материаллар эълон қилишда, шунингдек, Россиянинг Украинадаги урушига доир тарғибот мазмунидаги чиқишлар қилишда танқид қилган эди.
Азиз Ҳакимов ва унинг адвокати Сергей Маёров эса жиноий таъқибни сиёсий сабаблар билан боғлаб келган.
Бундан аввал Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжага нисбатан ҳақоратли ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатгани учун Ҳакимов маъмурий жавобгарликка тортилиб, жаримага ҳукм қилинган эди.
Азиз Ҳакимов шунингдек Тошкентда ўтказиб келинган «Ўлмас полк» акцияси ташкилотчиларидан бири сифатида танилган. Мазкур акция иштирокчилари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган қариндошларининг суратлари билан кўчаларга чиқади.