Линклар

Шошилинч хабар
07 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 01:58

АҚШ молия вазири: Ҳормуз бўғозида кемалар қатновини қайта тиклаш бўйича келишувга яқинлашдик

АҚШ молия вазири Скотт Бессент томонлар музокаралар натижасида Ҳормуз бўғозида кемалар қатновини қайта тиклаш бўйича келишувга яқинлашганини маълум қилди.

«Биз Эрон билан музокаралар олиб бормоқдамиз ва менимча, келишув бугун ёки эртагаёқ имзоланиши мумкин», деди Бессент CNBC телеканалига берган интервьюсида. У батафсил маълумот келтирмади.

Axios нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, келишув ҳақидаги эълон 5 август куниёқ берилиши мумкин.

АҚШнинг расмий вакили Axios’га Эрон раҳбарияти келишув лойиҳасини аллақачон маъқуллаганини тасдиқлади. Гап Эрон ва Уммон ўртасидаги 60 кунлик келишув ҳақида кетмоқда.

Хабар қилинишича, Ҳормуз бўғози ва Форс кўрфазига кираётган кемалар шимолий йўналиш бўйича Эрон сувлари орқали, бўғоздан чиқаётган кемалар эса жанубий йўналиш бўйича Уммон соҳиллари яқинидан ҳаракатланади. Эрон талаб қилаётган ва АҚШ қарши бўлган йиғимлар бу давр мобайнида ундирилмайди.

АҚШ президенти Дональд Трамп Fox News телеканалига берган интервьюсида бўғоз орқали кемалар қатнови ё музокаралар натижасида, ёки ҳарбий операция оқибатида қайта тикланишига ишонч билдирди.

- Биз уларга жуда қаттиқ зарба бердик. Лекин энг қаттиқ зарба ҳали олдинда ва умид қиламанки, уни қўллашга ҳожат қолмайди. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлишини истайман. Биз жуда яхши музокаралар олиб бормоқдамиз. Улар буни тан олишни ёқтирмайди, лекин биласизми, бу бироз ғалати. Сиз одамларга: “Биз ажойиб музокаралар олиб бормоқдамиз”, дейсиз, кейин эса Эрондан кимдир чиқиб: “Биз учрашмаганмиз. Йўқ, учрашмаганмиз”, дейди. Бу шунчаки ëлғон. Куни бўйи шундай давом этади, тушуняпсизми? Бу шунчаки ҳайратланарли, деди АҚШ президенти Дональд Трамп.

Қатар воситачилар АҚШ ва Эрон ўртасидаги урушни тугатиш бўйича саъй-ҳаракатларда илгарилашга эришаётганини маълум қилди. Бу нефть нархларининг пасайишига олиб келди, бироқ Теҳрон Трампнинг музокаралар аллақачон бошлангани ҳақидаги баёнотини рад этди.

- Ҳозирги асосий эътиборимиз кескинлашувнинг олдини олиш, Ҳормуз бўғозини қайта очиш ва томонлар ўртасида дипломатия учун имкониятни қайта тиклашга қаратилган. Ҳозир кўришни истамайдиган нарсамиз минтақамиздаги катта кескинлашувдир, чунки воқеалар айнан шу томонга қараб кетаётган эди. Шунинг учун биз минтақадаги ҳамкорларимиз ва можаро томонлари билан яқин ҳамкорлик қилиб, қисқа ёки ўрта муддатли дипломатик ечимга эришиш устида ишлаяпмиз. Бу бизга ҳар қандай йирик кескинлашувнинг олдини олиш имконини бериши керак, деди Қатар Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мажид ал-Ансорий.

Эрон расмийлари ҳозирча бу ҳақда расмий изоҳ бермаган. Улар аввалроқ музокаралар АҚШ иштирокисиз, Уммон билан олиб борилаётганини таъкидлаган эдилар.

Эрон жаҳон бозорига нефть ва газ етказиб беришнинг тахминан 20 фоизи ўтадиган Ҳормуз бўғозини март ойи бошида, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши зарбалари бошланганидан кейин ёпган эди.

Июн ойида бўғоз кемалар ҳаракати учун қисман очилди, бироқ июль ойида Эрон яна блокада жорий қилинганини маълум қилди.

Айрим кемалар бўғоз орқали ўтмоқда, аммо уларнинг сони можаро бошланишидан аввалги даражага нисбатан бир неча баробар кам.

XS
SM
MD
LG