Линклар

Шошилинч хабар
06 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 02:05

Ҳукумат уйи йўқларни бепул ўқитмоқчи

Тошкент метросида садақа сўраш билан шуғулланаётган эркак. 4 август, 2018.
Тошкент метросида садақа сўраш билан шуғулланаётган эркак. 4 август, 2018.

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг турар жойига эга бўлмаган шахсларни касбларга бепул ўқитиш ва ишга жойлаштиришни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда президент Мирзиёевга тақдим этилган ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларда қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш бўйича таклифларни кўриб чиқди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати. Асосий ташаббуслар орасида — қонунда белгиланган тартибда қўшимча қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш белгиланган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозирда мамлакатда 11 та реабилитация маркази бўлиб, 2026 йилнинг биринчи ярмида уларга 1,1 минг нафар шахс жойлаштирилган.

Эндиликда ушбу реабилитация муассасаларини вақтинчалик бошпана ва ижтимоий тикланиш марказларига айлантириш режалаштирилмоқда.

Режага кўра, бошпанасиз шахслар ушбу марказларга ўз мурожаати асосида, “маҳалла еттилиги”нинг ўрганиш натижаларига кўра ёки ижтимоий ходим ва профилактика инспектори кўмагида жойлаштирилади.

Таъкидланишича, ҳар бир эҳтиёжманд учун ҳужжатларни тиклаш, тиббий хизматлар кўрсатиш, касбий ўқитиш ва ишга жойлаштиришни ўз ичига олган индивидуал режа тайёрланади.

Реабилитация марказларида бандликка кўмаклашиш бўлимлари ташкил этилади, бўш хоналар эса имтиёзли шартларда хусусий тадбиркорларга ижарага берилади.

Бундан ташқари, бошпанасиз шахслар янги касбларни ўрганиш учун ваучерлар олиш имконига эга бўлади, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар рўйхатига киритилади, иш берувчилар эса улар учун махсус иш ўринларини захира қилиб қўйишга таклиф этилади.

Ўзбекистонда ўзининг турар жойи йўқ фуқароларнинг аниқ сони бўйича расмий статистика мавжуд эмас. Давлат идоралари бу тоифадаги аҳоли ҳақида мунтазам умумий маълумот эълон қилмайди. Бироқ мамлакатда камбағаллик даражаси тахминан 14 фоиз атрофида баҳоланади, кўчада ёки ўта оғир шароитда яшовчи одамлар сони эса кузатувчилар фикрига кўра, юзлаб ёки минглаб кишиларни ташкил этади.

XS
SM
MD
LG