Линклар

Шошилинч хабар
28 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:43

Эстония Россия чегарасига яқин ҳудудлардаги мактабларни эҳтимолий портлашларга ҳозирламоқда

Эстонияда Россия чегарасига яқин шарқий ҳудудлардаги мактаблар ойналарига махсус ҳимоя плёнкалари ёпиштирилмоқда.

Бу портлаш бўлган тақдирда болаларни синиқ ойна ва металл парчаларидан ҳимоя қилиш учун қилинмоқда.

Россиядаги нишонларга мўлжалланган бомбаларни олиб учган Украина дронлари жорий йилда бир неча марта Эстония ҳудудига кирган.

Чегарадан 45 километр узоқликда жойлашган Тарту шаҳридаги мактаблар дронлар кўринганда болаларни хавфсиз жойга олиб ўтиш бўйича чоралар ҳам кўрмоқда.

- Агар 100 метр радиусда портлаш содир бўлса, синган ойна парчалари ойна ортида паноҳланган одамларга зарар етказмайди. Бу ҳақда биз украиналик ҳамкасбларимиздан эшитдик. Улар буни энг катта хатарлардан бири деб айтишган, - деди Тарту шаҳри ҳокими ўринбосари Мартин Бек.

Шаҳардаги мактаб директори Карин Луккнинг сўзларига кўра, дронлар илк бор пайдо бўлганида ходимлар нима қилишни билмаган, аммо ҳозир мактабда тегишли тадбирлар жорий қилинган.

- Биз нима қилишни билмасдик, чунки бундай ҳолатга тайёр эмас эдик. Ростини айтсам, қўрққан эдик. Аммо биз ўқитувчилар билан шу ҳақда гаплашдик: бундай ҳолатларда хотиржам бўлишимиз керак, чунки болаларга вазият назоратда эканини кўрсатишимиз лозим, - деди Тарту Кивилинна мактаби директори Карин Лук.

Бу режа Тарту шаҳридаги тахминан 30 та мактаб ва 38 та болалар боғчасини қамраб олади.

XS
SM
MD
LG