Линклар

Шошилинч хабар
28 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 01:42

Wildberries сайтидан "Барчаси Махсус Ҳарбий Амалиëт учун" тегини олиб ташлади

Украина дронлари сўнгги кунларда Россиядаги йирик объектлар, хусусан Wildberries компанияси омборларини нишонга олишда давом этмоқда.

Россия ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 2 фоиздан ортиғини ташкил қиладиган Wildberries ширкати бу ҳужумлар ортидан вебсайтидаги "Барчаси Махсус Ҳарбий Амалиëт учун" (МҲА) тегини олиб ташлади.

Аввал актив қидирувда бўлган бу тег-сўзлар ҳозир ширкат сайтига ёзилса, “Барчаси Махсус Ҳарбий Амалиëт учун” сўрови бўйича ҳеч нарса топилмади”, деган ёзув чиқмоқда.

Айни пайтда, маркетплейсда "МҲАда синовдан ўтган" ва "МҲА ҳудудида қўлланилади", деган белгилар билан қўйилган ҳарбий товарлар ҳамон сотилмоқда.

Бронежилетлар ва ҳимоя дубулғалари "Спорт" бўлими, FPV-дронлар ва улар учун бутловчи қисмлар эса "ТВ, аудио, фото, видео техникаси" бўлимида сотилмоқда.

The Moscow Times нашрининг таъкидлашича, аввал "Барчаси МҲА учун" белгиси орқали 200 мингдан ортиқ товар позициясини топиш мумкин эди.

Ушбу саҳифага ҳаволани биринчи бўлиб 22 июль куни 21 минг обуначига эга бўлган украиналик Myrotvorets News Telegram-канали жойлаштирганди.

Тег компаниянинг омбор мажмуаларига Украина дронлари зарбалар бергани фонида олиб ташланди. Сўнгги кунларда Wildberries ширкатининг Невинномысск, Санкт-Петербургдаги Шушары, Новосаратовка ва Екатеринбургдаги логистика марказлари дронлар ҳужумига учради. Шу сабабли маркетплейс уларнинг ишини вақтинча тўхтатиш ва логистикасини қайта ташкил этишга мажбур бўлди.

Wildberries сотувида ҳарбий хизматчилар учун мўлжалланган товарларнинг мавжудлиги компания омборларини қонуний ҳарбий нишон, деб ҳисоблаш тарафдорларининг муҳим далилларидан бири ҳисобланади. Мутахассислар орасида бу нишоннинг қонунийлиги масаласида ягона фикр мавжуд эмас.

2024 йилда Wildberries ширкатининг жами товар айланмаси Россия ЯИМининг тахминан 2 фоизини ташкил қилган, ўша йилги даромади 441 млрд рубл, тахминан 42 миллиард долларни ташкил қилган.

XS
SM
MD
LG