Линклар

Шошилинч хабар
22 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 02:59

Виза стратегияси. Тошкент "ёпиқ эшиклар”ни очадими?

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси (иллюстратив сурат)
Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистон ташқи сиёсатида "Виза ҳафталиги" бошланди.

Янги қабул қилинган стратегияга кўра, мамлакат 2030 йилгача ўзбек ватандошлари учун визасиз давлатлар сонини қарийб 1,5 баробарга оширишни мақсад қилган.

Президент Шавкат Мирзиёев туристлар оқимини кўпайтириш тўғрисидаги фармони билан Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визаси тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича музокаралар бошлашни топширди.

Россия мигрантларга қарши

Узоқ йиллар давомида ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун асосий йўналиш бўлиб келган Россияда меҳнат муҳожирлари учун ўйин қоидалари кескин ўзгарди.

Текширувлар, рейдлар, кириш тартибининг мураккаблашиши ва патент тўловларининг ошиши мигрантлар учун шароитни оғирлаштирди.

Тинимсиз текширувлар Россиянинг турли минтақаларидаги масжидларда ҳам ўтказилмоқда. Путин ҳукумати бу рейдлардан мақсад Украинага қарши урушда жангчилар етишмаслигини хорижлик мигрантлар эвазига қоплаш эканини яширмаётир ҳам.

Петербург халқаро юридик форумида сўзга чиққан Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, идора яқинда Россия фуқаролигини олган "80 минг" шахсни "тутиб олгани" ва улардан 20 минг нафарини урушга жўнатганини маълум қилди:

"Бизнинг ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказяпти. Биз 80 минг Россия фуқаросини тутиб олдик — улар нафақат жанг майдонига, балки ҳарбий комиссариатга ҳам боришни истамайди. 80 мингни тутиб олдик, ҳарбий рўйхатга олдик ва шундан негадир Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистонда яшаш ёқмаётган 20 минг нафар "ёш" Россия фуқаролари ҳозир жанг майдонида".

Бастрикин ўз маърузасида, шунингдек, Россияга кирувчи барча шахслар учун мажбурий биометрик рўйхатга олишни жорий этишни таклиф қилди.

Текширувларни кучайтириш билан бирга Россия Давлат Думаси Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий этиш масаласини анчадан бери фаол муҳокама қилмоқда, бироқ ҳокимият вакиллари ўртасида ягона позиция мавжуд эмас.

“Ўзбекистон–2030”

Бунга параллел равишда, сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг бошқа мамлакатлар, масалан Грузияга киришида ҳам жиддий тўсиқлар пайдо бўлди — ўзбекистонликларни расман айтилган сабабларсиз чегарадан қайтариш ҳолатлари кўпайди.

Гарчи Грузия Ўзбекистон фуқаролари учун 365 кунлик визасиз режимни сақлаб қолмоқда.

Виза олишни енгиллаштириш ёки уни бекор қилиш масаласига эътибор кучайтирилаётган пайтда, масалан, Таиланд 2026 йил июлидан Ўзбекистон ватандошлари учун визасиз режимни бекор қилганини эълон қилди.

Ўз ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев туристлар оқимини кўпайтириш тўғрисидаги фармони билан Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон фуқаролари учун АҚШ визаси тартиб-таомилларини енгиллаштириш бўйича музокаралар бошлашни топширди.

Халқаро алоқалар ва туризмни ривожлантириш стратегияси доирасида Баҳрайн, Ўмон, Иордания, Қатар, Хитой, Қувайт ва Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий этилди. Бу билан фуқаролари Ўзбекистонга тўсиқсиз кира оладиган мамлакатлар сони 86 тага етди.

Ишбилармонлик муҳитини фаоллаштириш мақсадида Европанинг етакчи давлатлари, Буюк Британия ва Япония каби 12 та мамлакат фуқаролари учун бизнес-виза расмийлаштириш муддати 2 кунгача, БАА, Эрон ва Покистон фуқаролари учун эса 3 кунгача қисқартирилди.

Ўзбекистонликларда эса “Хўш, биз қаерга бора оламиз?”, деган ўринли савол туғилмоқда.

Айнан шу инқирозли вазиятда Ўзбекистон ҳукумати фаол ва агрессив дипломатияга ўтди. Бир ой давомида ўзбекистонликлардан виза талаб қиладиган ўнлаб давлатлар билан яқиндан музокаралар олиб боришга киришди.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига кўра, ҳукумат 2026 йил якунига қадар яна камида икки давлат билан виза тартибини енгилатиш бўйича музокара олиб бормоқда.

Мақсад - 2030 йилга қадар ўзбекистонликлар учун визасиз сафар қилиш мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказишдан иборат.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатига визасиз, 40 дан ортиқ давлатга эса электрон виза ёки аэропортнинг ўзида расмийлаштириладиган виза орқали сафар қилиши мумкин.

Расмийларга кўра, Европа Иттифоқи, Форс кўрфази ва Осиёнинг ривожланган давлатлари билан меҳнат миграцияси соҳасида янги келишувларга эришилмоқда. Юридик ва техник тўсиқлар олиб ташланмоқда.

Шу ўринда, уруш ва иқтисодий танглик сабаб Россиядан қайтаётган меҳнат мигрантларини ишга жойлаштириш масаласи тобора долзарблашди.

Озодлик шундай келишувлардан бири асосида уюштирилган тартибда минглаб меҳнат муҳожирини Беларусга юбориш бўйича ҳаракатларни бошлаб юборгани тўғрисида хабар берганди.

Бироқ, айрим кузатувчилар Ўзбекистондан миграциянинг кучайишига яна бир тўсиқ — авиачипталарнинг қимматлиги ва монополия мавжудлиги, деб таъкидламоқда.

“Нафақат Грузия, умуман дунёнинг исталган нуқтасига ўзбекистонликларнинг етиб бориши ва ватанга қайтиб келиши доим каррасига қимматга тушади. Эски Ўзбекистонда ҳам шундай эди. Янги Ўзбекистон лақаблисида ҳам шу.

Ҳаво транспортида ислоҳот қилдик, "очиқ осмон" деб қанча қичқиришмасин, бу битта монополистни учтага бўлишдан нарига ўтмайдиган муолажа бўлди холос. Шахсан мен ҳозиргилар ўзбекистонликлар учун ҳаво транспортини имконли қилишларига заррача ишонмайман. Улар ўз олдиларига бундай вазифа қўймаганлар ҳам", деб ёзади иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров.

Ҳукумат йўл изламоқда

Вазиятга ортиқча кўз юмиб бўлмаслигини англаб етаётган ҳукумат ўзбекистонликларга бошқа мамлакатларга кириб боришни осонлаштириш йўлларини изламоқда, деди тарих фанлари доктори, сиёсий фаол Нигора Ҳидоятова:

- Бу, албатта, муайян даражада ижобий қадамдир. У ўзбекистонликлар ҳаётини осонлаштиради, зеро бу бемалол ҳаракатланиш, бизнес тараққиёти имкониятидир. ҚОлаверса, Ўзбекистонга сайёҳлар сонининг ошиши - виза эркинликлари киритилганидан кейин дарҳақиқат оқими кескин ошганини кузаятапмиз. Шунингдек, бу мамлкатга келаётган сармоядорлар учун ҳам қулай. Бу Каримов дарида йўқ бўлган имконият.

Таҳлилчилар фикрича, ўзбекларга виза режимини осонлаштириш ҳукумат учун ҳам қатор қулайликлар яратади.

Биринчидан, даромадларнинг сифати ўзгаради. Малакали ишчилар Россиядаги арзон қора меҳнатдан Европа ва ривожланган Осиё давлатларидаги юқори маошли соҳаларга кўчади. Бу мамлакатга евро ва доллар оқимини кўпайтиради.

Иккинчидан, тажриба алмашинуви. Хорижда замонавий технологиялар ва кучли менежментни ўрганиб қайтган фуқаролар келажакда Ўзбекистонда ўз бизнесини бошлайди.

Учинчидан эса, геосиёсий хавфсизлик. Иқтисодиётимиз фақатгина бир давлатнинг валюта курсига ёки сиёсий кайфиятига боғлиқ бўлмайди.

Соҳа кузатувчилари ҳукуматнинг виза режими масаласига эътиборни кучайтиришига меҳнат миграцияси билан боғлиқ ўзгаришлар ундаганига эътиборимизни қаратмоқда. Уларнинг фикрича, ортиқча ишчи кучни Беларусга йўналтириш сиёсати зарурий эҳтиёжни қоплай олмайди.

- Чунки Беларусда ойликлар паст, қўлига тегадигани 200 доллардан кам бўлиб чиқяпти. Ишчиларга тўғри келмагани учун улар қайтамиз деб турволди. Иккичидан, Россия иқтисодиёти тушябди, у ҳарбий йўлга қўйиди. Ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбарияти Россиядан мамлакатга кўплаб ишчи мигрантлар қайтиб келишини кутяпти. Миллиондан ошиқ. Ўйлайманки, Ўзбекистон раҳбарияти бундай шароитда ривожланган давлатлар билан визасиз режим ўрнатишга уринмоқда, дейди, - “Чегарасиз олам” Халқаро дипломатия ташкилоти президенти Фарҳод Устажалилов.

Henley Passport Index рейтингининг 2026 йилга чиқарган ҳисоботи бўйича Ўзбекистон паспорти 78-ўринда. Бу рейтинг 105 та давлат паспортини қамраб олади ва уларнинг эгалари қанча мамлакатга визасиз ёки келган жойида виза билан кириши мумкинлигини ҳисоблайди. Аввалроқ Ўзбекистон паспорти 82-ўринда бўлган.

Рейтингга кўра, Ўзбекистон фуқаролари 59 мамлакатга визасиз кириши ёки келган жойида виза олиши мумкин. Бу саёҳат, бизнес, таълим ва шахсий ташрифлар учун имкониятларни оширади.

"Қизил чизиқлар" ва "ёпиқ дарвозалар"

Бир томондан, ўзбекистонликлар учун дунё эшикларини очишга уринаётган расмий Тошкент, иккинчи томондан — турли сабаблар билан юртдан чиқиб кетган кўплаб ўзбекистонликлар учун ўз дарвозаларини ҳамон ёпиқ сақламоқда.

Айни пайтда аксар таҳлилчилар, Ўзбекистон ҳукумати юритаётган бугунги виза музокаралари ва чегаралар учун кураш — эртанги кунда ўзбекистонликларнинг дунё бозорида ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояланган, қадрланган ва юқори даромадли кучга айланиши учун ташланган стратегик қадам, деган фикрни билдирмоқда.

Аммо Ҳидоятовага кўра, Ўзбекистонда қисман ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар кетмоқда ва қолаверса, жаҳонда бўлаётган урушлар фонида Ўзбекистон муаммолари йўқ давлатдек кўринмоқда.

Нигора Ҳидоятова, т.ф.д., сиёсий фаол
Нигора Ҳидоятова, т.ф.д., сиёсий фаол

Аммо давлатда сиёсий ислоҳотлар амалга ошмагунча, халқаро кузатувчилар бунга розилик бермагунча, тараққий этган давлатлар орасида визани осонлаштирувчилар сони ҳам кўпайиши даргумон”, деб ҳисоблайди Нигора Ҳидоятова:

- Бу ижобий қадам бўлсада, Мирзиёев ҳукуматига пул келтирувчи, бу давлатни мақтовчи одамлар керак. Лекин у ерда сиёсий ислоҳотлар кўринмаётир. Масалан, Фридом Хаус Ўзбекистонни эркин давлат деб ҳисобламаяпти. У кучли полицияга ва махсус хизматлар сиёсий бошқарувидаги авторитар давлатлар сирасига киради. Номақбул топилган шахслар, масалан мен ёки менинг фарзандларим, жумладан сиз ҳам у ерга киролмайсиз. Афсуски, Ўзбекистондан турли сабабларга кўра кетган минглаб жамоат фаоллари, сиёсатчилар, журналистлар, оддий фуқаролар учун Ўзбекистон эшиклари ёпиқлигича қолмоқда. Уларга “қизил чизиқлар” сиёсати амалда.


Форум

XS
SM
MD
LG