Украина президенти Владимир Зеленский мудофаа вазири Михайло Федоровни лавозимидан озод қилди.
Федоровнинг ишдан кетказилиши ортидан Украина бўйлаб йирик шаҳарларда норозилик намойишлари бўлмоқда.
Намойишлар давом этаётган бир пайтда Олий Рада "Нафтогаз" раҳбари Сергей Корецкийни бош вазир лавозимига тасдиқлади.
Ҳукумат таркибидаги бу кескин ўзгариш Украина сиёсий ва ҳарбий доираларида шов-шувга сабаб бўлди ҳамда мамлакатнинг Россия босқинига қарши мудофааси устидан назорат масаласи бўйича янги саволларни кун тартибига олиб чиқди.
"Миссиямни давом эттираман!"
РБК-Украина манбаларига кўра, Украина президенти Владимир Зеленский “Слуга народа” партияси фракцияси йиғилишида Федоровнинг истеъфосига у билан Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўртасида урушни олиб бориш бўйича қарашлар турлича бўлгани сабабли юзага келган можаро асос бўлганини айтган.
Зеленский янги мудофаа вазири этиб ИИВ раҳбари Игорь Клименкони тайинлашни режалаштирмоқда.
Ҳукуматда рақамли трансформация дастурларига бошчилик қилган ва дрон технологияларини урушдаги муҳим қурол сифатида илгари сурган ёш амалдор Федоров 15 июль куни ишдан олинганини тасдиқлади.
Федоров ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди:
“Украина халқига мудофаа вазири лавозимида хизмат қилиш мен учун катта шараф бўлди. <...> Барчага қўллаб-қувватлагани учун раҳмат! Мудофаа вазирлигига келганимдаги миссиямни — душманни асимметрия, инновациялар тезлиги ва ташкилотчилик кучи орқали мағлуб этиш йўлида ишимни давом эттираман”.
Федоровнинг хизмати
Михаил Федоров жорий йилнинг 14 январь куни Мудофаа вазирлигига раҳбар этиб тайинланган эди. У бу лавозимда тахминан ярим йил фаолият кўрсатди.
Украина матбуоти “Украина Қуролли кучларининг технологиялашуви” ва украин армиясининг учувчисиз тизимларни ишлаб чиқишдаги ютуқларини Федоров номига боғлайди.
Улар орасида Россия ҳарбийларининг Starlink спутник тизимидан фойдаланиш имкониятини чеклаш ҳам бор. Федоровга кўра, бу чора Россиянинг дронлар ёрдамида самарали уруш олиб бориш қобилиятини кескин пасайтирган.
Қисқа масофали тактик дронлар эса Украинага мудофаадаги бўшлиқларни тўлдириш ва Россия кучларининг олға силжишини чеклашда ёрдам берди.
Ана шу дронлар тизими ёрдамида Украина жорий йилда Россиянинг нефтни қайта ишлаш инфратузилмаси ва логистика объектларига жиддий ҳужумлар амалга оширмоқда.
Бироқ охир-оқибат бошқа ҳукумат аъзолари, хусусан Украина армияси бош қўмондони Александр Сирский билан чиққан келишмовчилик ҳал қилувчи рол ўйнагани айтилмоқда.
"Биз таклиф қилган ташаббусларнинг барчаси тўсиб қўйилаётган вазиятга дуч келдик. Россияни асимметрик усулда қандай мағлуб этиш ҳақида бош қотириш ўрнига - бу бош қўмондоннинг вазифаси эди - у бугун биз яшаб турган мамлакатни қандай бўлиш ҳақида ўйлади. Бу эса катта муаммо", деди Федоров 16 июль куни журналистларга.
Намойишлар
Федоровнинг ишдан кетиши ортидан Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари қўмондони ўринбосари Павел Елизаров ҳам истеъфога ариза берди.
Шу муносабат билан Украинанинг Киев, Львов, Харьков, Одесса, Днепр, Черновцы ва бошқа шаҳарларида Федоровни қўллаб-қувватлаб намойишлар бўлмоқда.
"Настоящее Время" мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, юзлаб намойишчи “Биз ҳаммасини кўриб турибмиз, ҳаммасини кузатяпмиз”, мазмунидаги шиорлар билан кўчага чиқишган.
Норозилик намойиши иштирокчиларининг аниқ сони ҳозирча маълум қилинмаган, одамлар намойишга қўшилишда давом этмоқда.
Намойиш ташкилотчиси, уруш фахрийси Дмитрий Козятинскийнинг айтишича, намойишлар учун Мудофаа вазири Михаил Федоровнинг истеъфоси бўйича Олий Рададаги овоз беришдан олдин норозилар позициясини кўрсатиш учун - эрталабки вақт танланган.
Норозилар позицияси
Шиорлардан акция иштирокчиларининг аксари фуқаролик жамияти Федоровнинг ишидан мамнун ва уни ишдан бўшатиш мумкин эмас, деган позицияда экани кўринмоқда.
“Менимча, шунчалик жиддий ўзгаришлар қилиш ва лавозимдагиларни алмаштириш, бу қисқа муддат ичида учинчи алмашув бўлаётган бир пайтда, кўпчиликка ёқадиган инсонни ишдан олиш нотўғри, — дейди намойиш иштирокчиси Дарья. — Айниқса, бу масалада ҳарбийларнинг фикрини инобатга олмаслик нотўғри. Мен аҳмоқларга шерик бўлишни истамайман”.
“Менимча, президент қабул қилаётган кўплаб истеъфо қарорлари, аслида, президентнинг ўзи учун ворис бўлиши мумкин бўлган одамдан қўрқиши ҳақида гапиради, — деб ҳисоблайди яна бир намойишчи Илона. — Федоров ўзини рақамлаштириш соҳасидаги энг яхши вазир сифатида кўрсатди, мудофаа вазири сифатида ҳам унга берилган жуда қисқа вақт ичида ёмон ишламади. Шунинг учун унинг истеъфоси биз учун жуда муҳим масала”.
“Менимча, афсуски, парламент “бошқариладиган” парламент, — дейди Киевдаги акция иштирокчиси Евгений. — Албатта, биз президентнинг бош вазир Юлия Свириденкони истеъфога чиқарганини биламиз. Менимча, бу каби ишлар шунчаки содир бўлиши керак эмас, ахир айнан шу парламент Свириденко ҳукуматига олқишлар билдирган эди. Бундай номуносиб истеъфолар учун кўпчилик овозлар регионаллар, аниқроғи собиқ регионаллар ҳисобига йиғилаётгани нотўғри”.
Намойишдан олдин "Настоящее Время" мухбири Россия—Украина уруши ветерани Дмитрий Козятинский билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди.
Унинг айтишича, ўзи ҳам бунча одам келишини кутмаган:
- Нега ёздим? Чунки ҳокимиятдаги кадрлар алмашуви билан боғлиқ мутлақо тушунарсиз ишлар бўляпти. Самарали мудофаа вазирини, менимча, умуман компетенцияга эга бўлмаган мутлақо самарасиз вазирга алмаштиришмоқчи. У фақат каравот тузатиш ва зарур ислоҳотлар ўрнига армиябозлик билан шуғулланиши мумкин. Мен бунга йўл қўймоқчи эмасман. Мен агрессор мамлакатга қарши ўрта ва узоқ масофали зарбалар давом этишини, уларнинг логистикасини йўқ қилишимизни хоҳлайман.
Намойишлар таъсири
Бир йил аввал айнан Франко театри олдидаги майдонда биринчи марта “картон плакатлар намойиши” деб аталган акция бўлиб ўтган эди.
Ўшанда одамлар ҳокимият Бош прокуратура идорасига бўйсундиришни истаган коррупцияга қарши идоралар — НАБУ ва САП мустақиллигини ҳимоя қилиш учун кўчаларга чиққан эди.
Ўшанда жамоатчилик ва Европа Иттифоқи босими остида бу қарор бекор қилинган.
"Настоящее Время" мухбирининг хабар беришича, ҳозирги норозиликларнинг биринчи кунида плакатлар билан чиққан одамлар сони бир йил аввалгидан кўпроқ кўринмоқда. Аммо бу сафар ҳокимият уларнинг овозига қулоқ тутадими-йўқми - ҳозирча маълум эмас.
"Зеленский бунинг оқибатини кўради"
Украиналик сиёсатшунос ва “Пента” амалий сиёсий тадқиқотлар маркази раҳбари Владимир Фесенконинг фикрича, мудофаа вазирини истеъфога чиқариш қарори Зеленский жамоасида “Федоровга қарши катта коалиция” шакллангани билан боғлиқ.
Сиёсатшунос бу қарорни хато деб ҳисоблайди:
- Йўқотишлар Мудофаа вазирлиги самарадорлиги нуқтаи назаридан бўлади: беқарорлик, ишдаги тартибсизлик. Ҳар олти ойда вазир алмаштириш — нормал ҳолат эмас ва бу салбий таъсир кўрсатади. Кўпчилик ИИВ вазири Игорь Клименконинг тайинланишини хато деб ҳисоблайди. Буни ҳарбийлар ҳам яхши қабул қилмайди. Зеленскийнинг Клименко мобилизация муаммосини ҳал қилади деган фикри эса хом-хаёлдан бошқа нарса эмас. Федоров мобилизация ислоҳотини ўтказишга улгурмади, Клименкода эса буни қандай амалга ошириш ҳақида ҳатто тушунча ҳам йўқ.
Шу билан бирга, Фесенконинг таъкидлашича, Федоровни келажакдаги президентлик сайловларида Зеленскийнинг эҳтимолий рақиби, деб ҳисоблаш нотўғри.
Гарчи вазир Украина экспертлар доирасида ҳурматга эга бўлган бўлса-да, Фесенко фикрича, Зеленский келажакда ушбу қарорнинг сиёсий оқибатларига дуч келиши мумкин.
American University Kyiv президенти ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондонининг собиқ махсус маслаҳатчиси Дэн Райснинг фикрича, Федоров бошқа юқори лавозимга, ҳатто бош вазир ёки Украинанинг АҚШдаги элчиси лавозимига ҳам тайинланиши мумкин.
"У жуда қисқа вақт ичида ажойиб иш қилди. Менимча, у Украина ва АҚШ ўртасидаги муносабатларни сезиларли даражада яхшилаши мумкин. Лекин президент Зеленский нима режалаштирганини вақт кўрсатади", деди Райс.
Федоровнинг айтишича, Зеленский унга маслаҳатчилик лавозими ёки жамоада қолишнинг бошқа вариантини таклиф қилган, аммо у бу таклифни рад этган.
Зеленский 12 июль куни ҳукуматда ўзгаришлар бошланаётганини эълон қилиб, бу ўзгаришлар янгиланган сиёсий стратегияни амалга ошириш учун зарурлигини айтган эди.
У ҳукумат таркибини янгилаш мақсад қилингани ва ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишлари тегишли тажрибага эга амалдорларга топширилишини билдирган.
Шунингдек, 15 июль куни Зеленский мамлакатнинг энг йирик давлат нефть-газ компанияси ҳисобланган "Нафтогаз" раҳбари Сергей Корецкийни бош вазир лавозимига номзод сифатида қўллаб-қувватлади.
16 июль куни кўчалардаги намойишлар давом этаётган бир пайтда Парламент унинг номзодини бу лавозимга тасдиқлади.
"Нафтогаз" давлат бюджети даромадининг муҳим манбаи ва сиёсий жиҳатдан таъсир кучли корпорация ҳисобланади.
Энг ёш вазир
Зеленский ҳукуматидаги энг ёш вазирлардан бири бўлган 34 ёшли Федоров 2019 йилда Украинанинг илк рақамли трансформация вазири этиб тайинланган.
Унинг асосий вазифаси ҳукуматнинг кўп ҳолларда Совет давридан қолган эски хизматларини модернизация қилишдан иборат бўлди.
Шу билан бирга, давлат бошқарувида шаффофликни ошириш ва йиллар давомида сақланиб келган коррупцион амалиётларни қисқартириш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлди.
У бошлаган ва "Смартфон ичидаги давлат" сифатида таърифланган ислоҳотлар украиналиклар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Федоровнинг оммавийлиги ва муваффақияти кейинчалик уни вице-премьер лавозимига кўтарилишига ҳам йўл очди. Федоров жорий йил январь ойида Мудофаа вазирлигига раҳбар этиб тайинланганди.
Унинг ҳарбий тажрибага эга эмаслиги айрим ҳарбийлар орасида норозилик уйғотган бўлса-да, унинг тайинланиши Украинада дронлар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш кўламини сезиларли даражада оширди.
Сўнгги ҳафталарда Украина дронлари Россия ҳудудининг ичкарисида жойлашган бир қатор нишонларга зарба берди. Кремлнинг энергетика объектлари, жумладан нефть терминаллари ва денгиздаги танкерларга қилинган ҳужумлар Киев томонидан Россияга қарши "узоқ масофали санкциялар" деб таърифланмоқда.
Россия энергетика инфратузилмасига қилинган дрон ҳужумлари мамлакатнинг турли ҳудудларида ёқилғи танқислигига сабаб бўлмоқда. Ҳатто, одатда инқирозлар таъсирини камроқ сезадиган Москвада ҳам ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар юзага келган ва ҳайдовчилар норозилигига сабаб бўлмоқда.
Форум