Линклар

Шошилинч хабар
14 Iyul 2026, Тошкент вақти: 03:56

Иноятов-Ташиев қиёси. Марказий Осиёда куч ва сиёсат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Чўлпонота, Қозоғистон, 20 июль, 2022
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Чўлпонота, Қозоғистон, 20 июль, 2022

Қирғизистонда жамоатчилик Ташиевни "Оқ уй деворидан ошиб ўтган", "парламентда муштлашган", "трибунадан ҳақоратлар ёғдирган", "муҳтожларга хайрия тарқатган" мулозим сифатида танийди.

Ташиевнинг таржимаи ҳоли — Қирғизистон мустақиллик тарихида ҳам баҳсли, ҳам таъсири кучли сиёсатчининг йўли ва тақдирини ҳикоя қилади.

Айни пайтда, Ташиев қўшни давлатларда, хусусан Ўзбекистонда мухолифатдан чиқиб куч ишлатар тузилмаларнинг қудратли раҳбарига айлангани учун, бундан ташқари чегара низолари, Кампиробод сув омбори масаласи ҳамда кўчага қарши курашдаги фаол позицияси билан жозибадор сиёсий фигура сифатида танилди.

Ташиевга ўқилган ҳукм

Илгари икки марта президентлик сайловида қатнашган, сўнгги беш йилда Қирғизистонда иккинчи қудратли шахсга айланган Қамчибек Ташиев Биринчи май туман судида судланди.

Шу йил 2 июль куни Бишкек шаҳар суди уни “ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш” моддаси бўйича айбдор деб топиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Аммо унга нисбатан 3 йиллик пробация қўллаб, эркинликда қолдирди.

Бу судлов шу йил 9 февралда аввал катта лавозимларда ишлаган ва сиёсий фаол 75 кишининг муддатидан олдин президент сайлови ўтказишга очиқ чақириғи ортидан бўлди.

Терговчилар бу мурожаатни қонунга зид, деб баҳолаб жиноят иши қўзғатди. Президент Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бўлган Қамчибек Ташиевни лавозимидан бўшатди.

Шунинг билан сўнгги 5 йилда ҳокимиятда ёнма-ён турган Садир Жапаров ҳамда Қамчибек Ташиев ўртасидаги сиёсий тандем бузилди.

Ҳозирча, Қирғизистон жамоатчилиги мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий воқеа бўлган бу судлов ортидаги сиёсий кураш Ташиев устидан ўқилган ҳукм билан тўхтамаслигини тахмин қилмоқда.

Минтақа сиёсатшунослари эса бир вақтлар мухолифат сафидаги энг фаол сиёсий фигура бўлган, сўнгра Қирғизистон куч ишлатар тузилмалари назоратини ўз қўлига олган Қамчибек Ташиев ҳодисасининг минтақага таъсирини муҳокама қилмоқда.

Қирғизистонда “давлат тўнтариши”да айбланган амалдорлар судланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:20 0:00

Бизнесдан ҳокимиятга

57 ёшли Қамчибек Ташиев Қирғизистон жанубидаги Сузоқ туманининг Барпи қишлоғида туғилиб ўсган. У 1992 йилда Россиядаги Томск политехника университетини муҳандис-кимёгар мутахассислиги бўйича тамомлаган. Кейинчалик Қирғиз миллий университетининг юридик факультетида ҳам таҳсил олган.

1990-йиллардан кейин у “Томас” компаниясига асос солиб, Қирғизистон жанубида нефт бизнесидаги йирик тадбиркорга айланган эди.

Қамчибек Ташиевнинг фаол сиёсатдаги йўли Қирғизистон жанубида - 2005 йилда бошланган. У Жалолобод вилоятидан Жоғорқу Кенеш депутати этиб сайланган.

Ўша йили март ойидаги инқилобдан кейин ҳокимият алмашгач, Ташиев Қурмонбек Бакиевни қўллаб-қувватлади. Ўша пайтда у Садир Жапаров билан яқинлашди, яъни бу тандем илк пойдевори 2005 йилда қўйилди.

2010 йилда Бакиев ҳокимиятдан ағдарилгандан кейин Ташиев “Ата-Журт” партиясига раҳбарлик қилди ва бу партия парламентда энг кўп мандат олган сиёсий кучга айланди. Ўша пайтда партиянинг асосий лидерлари Садир Жапаров, Ахматбек Келдибеков ва Қамчибек Ташиев бўлган.

Партиянинг кутилмагандаги сайлов муваффақияти 2010 йил июнь воқеалари билан ҳам боғланади. Ташиевнинг ўзи ўша воқеалар пайти Ўшда бўлгани ва бу воқеалар унинг сиёсий имижи шаклланишида муҳим рол ўйнаганини яширмайди.

Шу билан бирга, у парламентдаги сиёсий жараёнларда фаол иштироки, ҳукуматни кескин танқид қилиши билан ҳам эътибор қозонди. Кўплаб сиёсий таҳлилчилар айнан ўша даврдаёқ уни президентлик амбицияларига эга жиддий сиёсатчи сифатида баҳолаган.

Президентлик амбицияси, судлар ва қамоқ

2011 йилда Ташиев президентлик сайловида қатнашди. Алмазбек Атамбаев 1 миллиондан ортиқ овоз билан ғолиб чиққан сайловда Адахан Мадумаров 269 мингдан зиёд овоз билан иккинчи, Қамчибек Ташиев 260 мингдан ортиқ овоз билан учинчи ўринни эгаллаганди.

2012 йилга келиб Ташиевнинг сиёсий ҳаётида кўп тилга олинадиган “Қумтор” воқеаси бўлди. 2012 йил октябрида Бишкекда Оқ уй олдида Қумтор конларини миллийлаштириш талаби билан митинг бўлди.

Митинг пайтида Қамчибек Ташиевнинг темир тўсиқдан сакраб ўтиб, қўриқчилардан бирини қувиб кетгани акс этган кадрлар кейинчалик сиёсий фаолиятининг энг кўп муҳокама қилинган пайтига айланди.

Бунинг учун Ташиев, сиёсий шериги Садир Жапаров билан бирга судланди, қамоққа ҳам ташланди. Лекин, 2013 йилда Олий суд бир ярим йиллик қамоқ жазосини ҳибсдаги вақти билан ҳисоблаб, суд залидан озод қилди, аммо депутатлик мандатидан маҳрум қилди.

Яъни, Қамчибек Ташиев бунга қадар ҳам судланган, ҳибсда сақланган ва суд залидан озод қилинган эди.

Жапаров билан сиёсий тандем

2020 йил октябрдаги парламент сайлови ва ундан кейинги ҳокимият алмашинуви Қамчибек Ташиев сиёсий карьерасидаги энг катта бурилиш бўлди.

6 октябрь куни тарафдорлари Садир Жапаровни қамоқдан чиқарганидан кейин Ташиев расмий ва норасмий музокараларда фаол қатнашиб, Жапаров ҳокимиятга келишига ёрдам берган асосий фигуралардан бири сифатида майдонга чиқди.

Кўп ўтмай - 17 октябрь куни Жапаров сафдошини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинлади. Шундан кейин Ташиев қисқа муддат мамлакатда иккинчи шахс мақомини эгаллади.

У МХДҚ раиси ва Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари сифатида жуда катта ваколатларни қўлга киритди. Чегарадан тортиб коррупцияга қарши кураш, кадрлар сиёсати, спорт ва ижтимоий лойиҳаларгача бўлган мавзулар бўйича мунтазам жамоатчилик олдида чиқишлар қилди.

Шунингдек, сиёсий PR усулларини ҳам пухталик билан фойдаланди, ўзини қатъиятли, адолатпарвар ва қўрқмас сиёсатчи сифатида намоён қилишга эришди.

Тарафдорлари уни қатъиятли раҳбар дея таърифласа, танқидчилари давлат бошқарувида унинг таъсири ҳаддан ташқари кучайиб кетяпти, деган хавотирни тилга ола бошлади.

Қўшнилар учун жозибадор "погонли"

Қирғизистондаги бу сиёсий манзара қўшни давлатлар учун ҳам ёрқин сиёсий воқеа сифатида кўринди.

Жумладан, қўшни Ўзбекистон тарихида нафақат Ташиев каби фаол танқидчи ва мухолифатчи ҳокимиятга келди, ҳатто мухолиф кайфиятдаги бирор етакчи ёки гуруҳ сиёсий саҳнага яқинлаштирилмади.

Шу боис, ўзбекистонликлар Ташиев ва Жапаров тандемини катта қизиқиш билан кузатди. Ўзбекистонликлар айниқса, Ташиевнинг Қирғизистонда халқ орасида "кўча" деб ном олган жиноий гуруҳларга қарши кескин курашига алоҳида эътибор қаратди.

"Жапаров Қирғизистон Республикасининг президенти ҳисобланади. Шунинг учун у, албатта мажбур, бюрократик йўл билан ҳаракат қилишга. Легитим, дейдилар-ку, легал йўл билан ҳаракат қилишга мажбур. Қарабсизки, уларнинг ўртасидаги фарқ — яъни, сиз бюрократик йўл билан ҳаракат қилар экансиз, бу секин бўладиган йўл - ўша институтлар орқали ўтиб-ўтиб борадиган йўл. Лекин Ташиевнинг хатти-ҳаракатлари — оператив йўл ва Марказий Осиё жамиятларига бу жуда ҳам жозибали кўринади. Шунинг учун ҳам, жуда кўп ҳолларда, Ислом Абдуғаниевич даврида куч ишлатар тизимлар раҳбарлари умуман сиёсатда ҳам, омма кўзига ҳам кўринмаган. Нафақат куч ишлатар тизим вакиллари, бошқалар ҳам кўринмаган", дея вазиятга баҳо беради сиёсатшунос Ҳамид Содиқ.

Ўзбекистонда мухолифат

Ўзбекистонда 27 йил тоталитар давлат бошқарувни ушлаган марҳум президент Ислом Каримов даврида - у билан бир пайт - 1990 йиллар бошида сиёсий саҳнага чиққан “Эрк” ва “Бирлик” каби йирик мухолиф партиялар лидерлари мамлакатдан қувғин қилинди, қолган етакчи ҳамда фаолллари қамалди.

2016 йилда президентликка келган собиқ 13 йиллик Бош вазир Шавкат Мирзиёев эса - мамлакатдан чиққан мухолифат билан ишлашини айтди, аммо шу кунга қадар ўзини Мирзиёевга мухолиф, деб атаган янги сиёсий партия ёки гуруҳ рўйхатга олинмади.

Шавкат Мирзиёевнинг ички мухолифат ҳақидаги ваъдаларига ишониб, сиёсий майдонга чиққанини билдирган иқтисодчи профессор Хидирназар Оллоқулов тузган “Бирдамлик ва тараққиёт” халқ партияси шу кунгача нафақат рўйхатга олинмади, балки унинг етакчиларию фаоллари муттасил тазйиқ остида қолмоқда.

Қарийб айни манзарани, минтақадаги бошқа 3 давлат - Тожикистон, Туркманистон ва қисман Қозоғистонда ҳам кузатиш мумкин.

Шу боис, Қирғизистонда Оқ уй деворидан ошган, парламентда муштлашган ва норози оломоннинг ичига кирган бир мухолиф сиёсатчи сифатида танилган Қамчибек Ташиев минтақа таҳлилчилари ва зиёлилари эътиборини қозонди.

Аммо, айнан шу жозибаси учун ҳам Ташиев сиёсий карьерасининг қисқа бўлишини ўзбекистонлик сиёсатшуносларнинг аксари башорат қилганди.

Марказий Осиёда якка шахс қудратига таянган давлат бошқаруви собиқ совет иттифоқидан мерос қолган сиёсий анъана эканини сиёсий таҳлилчи Аркадий Дубнов ҳам хотирлатади:

“Гап сўнгги 5 йил ичида Қирғизистон давлат тизимидаги деярли барча муҳим бўғинлар — ҳам фуқаровий, ҳам ҳарбий тузилмалар устидан кучли таъсир ўрнатган шахс ҳақида кетмоқда. Бундай ҳолатлар тарихда ҳам кузатилган.Масалан, 1953 йилда Иосиф Сталин вафотидан сўнг СССР Ички ишлар вазири Лаврентий Бериянинг ҳокимиятдан четлатилиши шулар жумласидан. Ёки постсовет ҳудудида яна бир мисол — 2016 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов тўсатдан вафот этганидан кейинги воқеалар.Ўша пайтда Тошкентда ҳокимият бош вазир Шавкат Мирзиёев қўлига ўтган. Бироқ бу ўтиш жараёни у, ўша вақтда улкан таъсирга эга бўлган Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов билан аппарат курашида ғолиб чиққанидан кейингина амалга ошган. Иноятов бу лавозимни йигирма йилдан зиёд бошқарган эди. У кескин силкинишларсиз четга сурилди, сенатор этиб тайинланди ва бир неча йилдан сўнг жимгина нафақага чиқди”.


Форум

XS
SM
MD
LG