Линклар

Шошилинч хабар
15 Iyul 2026, Toshkent vaqti: 00:38

Жазирама: Тошкент ҳокимлиги дайди ҳайвонларга сув қолдиришга чақирди

59105727
59105727

Тошкент шаҳар ҳокимлиги кучли жазирама фонида пойтахт аҳолисини дайди ҳайвонларга ғамхўрлик қилишга чақирди.

Ҳокимлик матбуот хизматига кўра, бундай иссиқ ҳавода мушуклар, итлар ва қушлар айниқса сув, салқин жой ҳамда инсон меҳрига муҳтож.

Муниципалитет тошкентликлардан уйлар ҳовлисида, кириш йўлаклари олдида ва дарахтлар соясида ҳайвонлар учун сув ва озуқа солинган идишлар қолдиришни сўради.

«Ҳайвонларни соядан қувманг. Улар ҳам жазирама иссиқдан паноҳ изламоқда. Баъзан бир коса сув, озгина озуқа ва оддий инсон эътибори улар учун катта ёрдам бўлиши мумкин», — дейилади ҳокимлик мурожаатида.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда кучли иссиқ сабабли болалар боғчалари вақтинча ёпилиши маълум қилинган эди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Нукус шаҳри ҳамда саккиз тумандаги давлат боғчалари фаолияти вақтинча тўхтатилишини билдирган.

Июль ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Марказий Осиёнинг қатор ҳудудларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори кўтарилиши ҳақида огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG