Линклар

Шошилинч хабар
08 Iyul 2026, Тошкент вақти: 21:53

Украина Россиянинг Саратов ва Нижнекамскдаги нефт заводларига зарба берди

Украина ва Россия телеграм-каналлари хабарларига кўра, дронлар Борисоглебскдаги ҳарбий аэродромга ҳамда Саратов ва Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба берган.

Нижнекамск шаҳар ҳокими Радмир Беляев 7 июль эрталаб "дронлар хавфи" ҳақида хабар берган эди. Украинанинг Exilenova+ ва Supernova+ мониторинг каналлари маълумотларига кўра, Нижнекамскда нефтни қайта ишлаш заводи ёнмоқда.

Astra нашрининг ёзишича, шаҳар саноат ҳудудида "ТАИФ-НК" ва "Танеко" компанияларига тегишли иккита нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган.

Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргиннинг маълум қилишича, дронлар ҳужуми натижасида "фуқаролик инфратузилмаси объектларига зарар етган".

Унинг сўзларига кўра, бир киши ҳалок бўлган, жабрланганлар ҳам бор. Аксар телеграм-каналлар украин ҳарбийлари Саратовдаги "Роснефть" НҚИЗига зарба берганини таъкидламоқда.

Воронеж вилояти губернатори Александр Гусев ҳам Борисоглебскда БПЛА ҳужуми хавфи эълон қилинганини билдирган. Astra таҳлилига кўра, Борисоглебскка дронлар ҳужумидан сўнг ҳарбий аэродром ҳудудида ёнғин чиққан. Supernova+ канали эса дронлар аэродром яқинидаги нефть базасига ҳужум қилганини ёзган.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсар "оммавий ҳаво ҳужуми" ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Таганрог қўлтиғида Ростов-на-Донга кетаётган икки танкер зарар кўрган. Икки киши енгил жароҳат олган. Кемалардан бирида экипажни эвакуация қилишга тўғри келган.

8 июль эрталаб Уфага ҳужум қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Украина Қуролли кучларининг Учувчисиз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди ("Мадяр") сўнгги 72 соат ичида Россиянинг соя флотига тегишли 19 та танкер, битта қуруқ юк ташувчи кема ва Керчдаги битта паром нишонга олинганини билдирди. Хусусан, унинг таъкидлашича, 8 июлга ўтар кечаси тўққизта танкер ҳужумга учраган.

Россия Мудофаа вазирлиги 8 июлга ўтар кечаси ҳаво мудофаа кучлари 415 та дронни уриб туширганини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG