АҚШ президенти Дональд Трамп жанговар ҳаракатлар қайта кучайганидан кейин Эрон билан келишув “битганини” айтди.
Президент Трамп Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган НАТО саммитида сўзларкан, Эрон раҳбариятини "пасткаш", "ёлғончи" ва "фирибгарлар" деб атади.
- Менимча, ҳаммаси тугади. Энди улар билан ишлашни истамайман. Улар — пасткаш кимсалар. Улар носоғлом одамлар. Уларга ҳам шундай носоғлом одамлар раҳбарлик қиляпти. Улар шафқатсиз ва зўравон кишилар. Агар уларнинг қўлида ядровий қурол бўлганида, уни ишлатган бўларди. Менинг назаримда, бу масала ёпилди. Мен учун улар билан мулоқот қилиш фақат вақтни беҳуда сарфлашдир. Улар — ёлғончилар, - деди АҚШ президенти.
Ҳозир Форс кўрафази теграсидаги вазият яна кескинлашди, жанговар ҳаракатлар яна фаоллашди.
АҚШ Қўмондонлиги баёнотида айтилишича, Эрондаги 80 та нишонга, жумладан ҳаво мудофаа тизимлари, бошқарув ва алоқа тармоқлари, соҳил радиолокация постлари, кемаларга қарши ракета мажмуалари ҳамда Ислом инқилоби посбонлари корпусининг 60 дан ортиқ кичик қайиғига "аниқ нишонга оладиган қуроллар" билан зарба берилган.
Эрондаги объектларга қилинган ҳужумга жавобан Эрон ҳарбийлари Қувайт ва Баҳрайнга ҳужум қилди.
Ислом инқилоби посбонлари корпусининг маълум қилишича, ракета ва дронлар иштирокидаги операция давомида Қувайт ва Баҳрайндаги Американинг 85 та ҳарбий объектига зарба берилган, шунингдек, АҚШнинг MQ-9 Reaper дрони уриб туширилган.
НАТО бош котиби Марк Рютте, АҚШнинг Эронга қарши қайта фаоллашган жанговар ҳаракатларини зарурат, деб атади.
- Менимча, бу мутлақо зарур эди. Чунки ўт очишни тўхтатиш режими амалда бўлганда ва Эрон уни бузгани, шунингдек, кеча кемаларга қилинган ҳужумларни кўрганимиздан сўнг, ўлайманки, АҚШнинг бу ҳолатга қатъий жавоб қайтариши ниҳоятда муҳим эди. Бундан ташқари, мен бугун иттифоқчилар Эрон масаласини ҳам муҳокама қилишини кутяпман. Улар, авваламбор, Эрон ҳеч қачон ва ҳеч қандай ҳолатда ядровий салоҳиятга эга бўлмаслиги кераклигини яна бир бор тасдиқлашини кутяпман. Иккинчидан, денгиз қатнови эркинлиги тамойилини тасдиқлаши, яъни Ҳормуз бўғозининг яна тўлиқ очилиши зарурлигини таъкидлашини кутилмоқда. Бу — sine qua non - муҳокама қилинмайдиган шарт бўлиб, барча 32 иттифоқчи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга, - деди Марк Рютте.
28 февраль куни АҚШ ва Исроил зарбалари бошланганидан кейин Эрон амалда Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйди, АҚШ эса бунга жавобан Эронга қарши денгиз блокадасини эълон қилди.
Июнь ўрталарида ўзаро англашув меморандуми имзолангач, томонлар Ҳормуз бўғози орқали эркин кема қатновини таъминлаш мажбуриятини олди. Шу билан бирга, Эрон бўғоздан ўтаётган кемалар ўз ҳаракатларини Теҳрон билан мувофиқлаштириши кераклигини таъкидлаб келмоқда.
Меморандум имзоланганига қарамай, томонлар ўзаро зарбалар алмашишда давом этди.