Линклар

Шошилинч хабар
08 Iyul 2026, Тошкент вақти: 21:53

Коррупция ва ўқ овози. Қирғизистон чегарасида 41 киши ушланди, Ўзбекистон томони "кузатяпти"

Чегарада қўлга олинганлар, 7 июль, 2026 (Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси)
Чегарада қўлга олинганлар, 7 июль, 2026 (Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси)

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегарадаги "Қадамжой" ва "Чечма" назорат-ўтказиш пунктларида ҳибсга олиш амалиётини ўтказди.

Расмий баёнотда амалиёт пайтида чегара, божхона ва ветеринария назорати ходимларидан иборат 41 киши қўлга олингани айтилди. "Озодлик" радиоси қирғиз хизмати суҳбатлашган гувоҳларга кўра, амалиёт пайтида ўқ овозлари эшитилган.

Ҳибсга олинганлар чегара оша ҳаракатлар пайтида катта миқдорда пора олганликда гумон қилинмоқда. Ўзбекистон томони бу ҳодисага расман ҳеч бир муносабат билдирмади. Аммо, Озодлик манбаларига кўра, қўшниларда кечаётган бу воқеаларни чегараолдидаги маҳаллий расмийлар диққат билан "кузатмоқда".

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 7 июль куни "Қадамжой" ва "Чечма" назорат-ўтказиш пунктларида қонунга хилоф ҳаракатларга алоқадор 41 мансабдорни қўлга олиш бўйича операция ўтказилганини тасдиқлади.

Қўмитага кўра, чегарада ноқонуний пул йиғишга оид барқарор коррупцион тизим фош этилган ва бу шахсларга Қирғизистон Жиноят кодексининг 342-моддаси - "Пора олиш" бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси оператив тасвирларни ҳам эълон қилди. Уларда "Қадамжой" ва "Чечма" назорат-ўтказиш пунктларида тинтувлар ва ўнлаб шахс қўлга олинаётгани, шунингдек пул маблағлари мусодара қилинаётгани акс этган.

Аммо, воқеа гувоҳлари қўлга олиш чоғида ўқ овозлари эшитилганини айтмоқда. "Озодлик" қирғиз химати мухбирлари "Қадамжой" назорат-ўтказиш бекатига бориб, воқеа гувоҳлари билан суҳбатлашди.

"Кичик ўғлим билан ишда эдим. Уни ўйнатиб турганимда бир пайт оқ рангли машина келиб тўхтади. Ундан одамлар тезда тушиб, пост томон кириб кетишди. Ичкарига кирганларидан кейин икки-уч марта ҳавога ўқ узилди. Мен эса боламни кўтариб, бу томонга югуриб келдим. Бунақа ҳолатни аввал кўрмаган эканмиз. Кейин пост ёпилди. Орадан тахминан бир ярим соат ўтгач, нариги томондаги оқ кафе яқинидан тўрт нафар одамнинг қўлларини қайириб, қуролланган махсус формадаги ходимлар олиб келиб, шу ерга киритиб кетишди. Бу кечқурун соат саккиз-тўққизлар атрофида бўлган эди. Шундан кейин ўтказиш бекати ёпилди", деди гувоҳлардан бири.

Ҳозирча Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўқ овози эшитилгани ҳақида маълумот бермади, бу борада гувоҳлар кўрсатмаларига ҳам муносабат билдирмади.

Ҳар куни минглаб одам фойдаланадиган ўтиш нуқталари
Боткен вилоятидаги "Қадамжой" ва "Чечма" ўтказиш пунктлари Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муҳим чегара нуқталаридан бири ҳисобланади.

Қадамжой тумани ҳокими ўринбосари Айжигит Акматовнинг айтишича, бу бекатлар орқали ҳар куни икки мамлакат фуқаролари, жумладан Ўзбекистоннинг Сўх эксклави ва Шоҳимардон қишлоғи аҳолиси қатнайди. Ёз ойларида дам олувчилар сони ҳам сезиларли даражада кўпаяди.

“Қадамжой” назорат-ўтказиш бекати орқали асосан Ўзбекистоннинг Сўх тумани ва Шоҳимардон қишлоғи аҳолиси ўтади. Улар бу йўналишдан ҳар куни фойдаланади.

Ҳозир ёзги туристик мавсум бўлгани учун май ойидан августга қадар Ўзбекистондан Шоҳимардонга дам олиш учун келаётганлар ҳам шу бекатдан ўтади.

“Чечма” ўтказиш бекати орқали эса туманимиз аҳолиси Боткенга қатнайди. Шунингдек, Оқ-Турпак қишлоқ ҳукумати ҳудудида яшовчилар Ҳайдарканга ҳам шу йўл орқали боришади", деди у.

Фарғона вилояти ҳокимлигига яқин Озодлик манбасига кўра, вилоят расмийлари чегаранинг у тарафидаги амалиётдан хабардор, аммо бу ҳодисанинг Ўзбекистонга алоқаси йўқ.

"Хабаримиз бор, кузатяпмиз. Лекин бунинг бизга алоқаси йўқ. Бизга бу ҳақда бирор хабарнома ҳам келмаган. Бу уларнинг ички суриштируви. Энди норасмий шаклда шахсан менинг эшитганим, бу ҳибслар Ташиевнинг ишдан олиниши билан боғлиқ, дейишди. Лекин, бу норасмий гап, шахсан мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман", деди Озодлик манбаси шахсини сир сақлаш шарти билан.

Қириғизистон президенти Садир Жапаров шу йилнинг 10 феврал куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси бўлган Қамчибек Ташиевни лавозимидан бўшатган эди.

У Қирғизистон Жиноят кодексининг “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш” моддаси бўйича айбдор топилиб, 4 йиллик қамоққа ҳукм қилинган, аммо бу жазо 3 йиллик пробацияга алмаштирилган.

Озодликда Фарғона вилояти ҳокимлигига яқин манба берган маълумотни тасдиқловчи бошқа мустақил маълумотлар йўқ. Бу ҳақда Қирғизистон томони ҳам ҳеч қандай маълумот бермаган.

Қолаверса, Қамчибек Ташиев раҳбарлиги пайтида давлат хавфсизлик хизмати таркибига кирган Қирғизистон чегара хизмати ҳозирда алоҳида давлат органи сифатида ажратилди.

Бу ҳудудда чегаранинг икки томонида ҳам чегарачи ва бошқа масъул ходимлар томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар бўлгани ҳақида аҳоли, айниқса сўхликлардан Озодликка муттасил шикоятлар келиб туради.

7 июл куни Озодлик гаплашган сўхликлардан бирига кўра, сўнгги икки йилда чегара орқали ўтиш-қайтишлар осонлашган, сўхликларга нисбатан ноқонуний ҳаракатлар, жумладан пора талаб қилишлар қарийб кузатилмаётган эди.

"Шахсан мен ойда икки марта камида Фарғонага ўтаман, йўлда пора олишлар камайиб кетган эди, баъзи пайтда умуман бўлмаётганди. Ташиев Қирғизистон ГКНБга раҳбар бўлганда бошланди бизга тинчлик. Ўзиям чегарага келиб, чегарачиларнинг музхоналарини текшириб юрганди. Мана у ишдан кетганидан бери, яна чегарачисию мелисасию ҳаммаси йўлга чиқиб олиб, тўхта-тўхта, бер-берни бошлади. Қийинлашди бизга", деди исмини очиқламаётганимиз сўхлик тардбиркор.

Озодликка маълум бўлишича, ҳозирда "Қадамжой" ва "Чечма" ўтказиш пунктлари одатдагидек ишлаяпти. Бироқ чегарадан ўтишни кутаётганлар навбати ҳам анча узайгани айтилмоқда.

Қирғизистон томонида суҳбатлашган ўзбекистонлик фуқароларнинг айтишича, текширувлар аввалгига қараганда анча узоқ давом этмоқда.

"Ўтганимизга бир соат бўлди. Кутяпмиз. Ўзимиз ўтиб бўлганмиз, лекин машинамиз ҳали ўтмади. Жуда секин текширишяпти. Ўзбекистон постидан чиқиб бўлганмиз, лекин Қирғизистон томонидан ҳали ўтмадик. Шундан бери кутиб турибмиз. Шошмасдан, синчиклаб текширишяпти. Балки бизнинг томон ҳам Қирғизистондан қайтиб келаётган машиналарни шундай текшираётгандир", дейди ўзбекистонлик Фаррух исмли йигит.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, ҳибсга олинган 41 кишининг 17 нафари "Қадамжой" назорат-ўтказиш пунктида хизмат қилган чегара хизмати ходимларидир.

Шунингдек, давлат божхона хизматининг 5 нафар ходими, Ветеринария назорати хизматининг 1 ходими, 1 фельдшер, 3 фуқаро қўлга олингани айтилмоқда.

"Чечма" назорат-ўтказиш пунктидан эса 11 чегарачи ва 3 божхона ходими ҳибсга олинган.

Махсус хизмат аввалроқ чегарада ноқонуний пул йиғиш бўйича барқарор коррупцион схема аниқлангани, Жиноят кодексининг "Пора олиш" моддаси бўйича жиноят иши суриштируви бораётганини билдирган эди.

Қўмитанинг маълум қилишича, мазкур ноқонуний ҳаракатларга алоқадор кўрилган барча шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳозирча қўлга олинганлар ёки уларнинг адвокатлари томонидан расмий изоҳ берилмаган.

Қолаверса, суриштирувга конкрет қандай ва қайси ҳолатлар сабаб бўлганига оид тафсилотлар очиқлангани йўқ. Бундан ташқари, чегарадаги пора суриштируви бирор шаклда чегаранинг у ёғидаги ўзбекистонлик чегарачиларга ҳам боғланганми-йўқми - бу ҳақда ҳам қирғиз томони маълумот бергани йўқ.

Шунингдек, бу ҳодиса бўйича Ўзбекистон томони ҳам бирор баёнот бергани кузатилмади.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG