Линклар

Шошилинч хабар
06 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:57

Эрон Олий раҳбари Мужтабо Ҳоманаий отаси жанозасида кўринмади

Оятуллоҳ Али Хоманаий жаноза намози, 5 июль, 2026, Теҳрон
Оятуллоҳ Али Хоманаий жаноза намози, 5 июль, 2026, Теҳрон

Эрон олий раҳбари Мужтабо Хоманаий 5 июль куни эрта тонгда отаси ва ўзидан олдинги олий раҳбар бўлган Оятуллоҳ Али Хоманаий учун ўтказилган жаноза намозида иштирок этмади.

Бу маросим Али Хоманаий Яқин Шарқдаги уруш бошида АҚШ ва Исроил зарбалари натижасида ҳалок бўлганидан тўрт ойдан ортиқ вақт ўтгач ўтказилди.

Мужтабо Хоманаий 28 февраль куни отаси ўлган ҳужумда жароҳат олгани ҳақида хабарлар чиққанидан бери кўрингани йўқ. Бу унинг соғлиғига оид саволларни кучайтирмоқда.

Эрон давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, Али Хоманаий жаноза намози уч босқичда режалаштирилган: аввал Али Хоманаий учун, кейин унинг АҚШ–Исроил зарбасида ҳалок бўлган оила-аъзолари, шу жумладан қизи, келини — Мужтабо Хоманаийнинг турмуш ўртоғи Заҳро Ҳаддод Одил — ва 14 ойлик набираси учун.

Мужтабо Хоманаий, расмий ахборот воситаларига кўра, отаси вафотидан кўп ўтмай Олий раҳбар этиб тайинланган эди. Бироқ ҳозирча маросимда кўрингани йўқ.

Эронда ворис раҳбар ўзидан олдинги олий раҳбар жанозасини ўқиши анъана ҳисобланади ва таҳлилчилар буни ҳокимият алмашинувининг қонунийлигини мустаҳкамловчи рамзий қадам сифатида баҳолайди.

Мужтабо Хоманаий 28 февраль куни отасининг ҳаётига зомин бўлган ҳужумда жароҳат олгани ҳақида хабарлар чиққанидан бери омма олдида кўрингани йўқ. Шу вақт ичида унинг ҳеч қандай аудио ёки видеомурожаати ҳам эълон қилинмади.

Бу ҳолат унинг соғлиғи ва олий раҳбарлик вазифаларини бажариш қобилияти ҳақида саволларни кучайтирмоқда.

Эрон расмийлари унинг жанозада қатнашмаганини хавфсизлик сабаблари билан изоҳлаши мумкин. Бироқ маросимда Ислом республикасининг деярли барча юқори мартабали амалдорлари иштирок этгани ҳукумат хавфсизлик чораларига ишонаётганини кўрсатди.

Бу эса эҳтимолий Исроил ёки АҚШ ҳужуми хавфига қарамай шундай бўлган.

Маросимда президент Масъуд Пизишкиён ҳамда парламент раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф иштирок этди.

Шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондонлари ва Эроннинг хориждаги ҳарбий ҳамда махфий операцияларини бошқарувчи ИИМКнинг "Қудс" кучлари юқори мартабали офицерлари ҳам қатнашди.

3 июль куни АҚШ президенти Дональд Трамп Вашингтон Теҳронга жаноза маросимлари муносабати билан "бир ҳафталик танаффус" бергани, шундан кейин АҚШ ва Эрон ўртасида доиравий тинчлик келишувини амалга ошириш бўйича билвосита музокаралар қайта бошланишини айтган эди.

Али Хоманаийнинг яна уч ўғли — Мустафо, Масъуд ва Майсам Хоманаийлар уруш бошланганидан бери оммага кўринмаган бўлса-да, 5 июль куни отасининг тобути ёнида ҳозир бўлди.

Али Хоманаийнинг уч ўғли - (чапдан ўнгга) Майсам, Масъуд ва Мустафо, 5 июль, 2026
Али Хоманаийнинг уч ўғли - (чапдан ўнгга) Майсам, Масъуд ва Мустафо, 5 июль, 2026

Али Хоманаий билан боғлиқ жаноза ва мотам маросимлари Эрон ҳамда Ироқнинг турли шаҳарларида олти кун давом этади. Унинг дафн маросими 9 июль куни марҳум олий раҳбарнинг туғилган шаҳри Машҳадда ўтказилиши режалаштирилган.

Эрон давлат телевидениеси хабар қилишича, 3 июль куни айрим хорижий давлатлар вакиллари маросимда иштирок этиш учун Теҳронга етиб борган.

Давлат телевидениеси тарқатган кадрларда Хитой, Беларус, Ироқ ва Туркманистон делегацияларининг Теҳронга боргани намойиш этилди.

Шунингдек, Эрон расмий телевидениеси Ўзбекистон делегацияси - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегация Эронга боргани намойиш қилинди.

4 июль куни Теҳронда бошланган жаноза маросимларининг биринчи куни кучайтирилган хавфсизлик чоралари, хавфсизлик кучларининг кенг кўламда сафарбар этилиши ҳамда 5 июль куни умуммиллий дам олиш куни деб эълон қилиниши билан ажралиб турди.

Расмийлар кенг қамровли мотам тадбирларини ташкил этаркан, яқин кунларда ўтказиладиган жаноза юришларига миллионлаб одамни жалб қилишга уринмоқда. Шу мақсадда иштирокчилар учун бепул транспорт, озиқ-овқат ва жойлаштириш хизматлари тақдим этилмоқда.

Жаноза маросимлари доирасида Эрон парламенти раиси Муҳаммад Боқир Қолибоф ҲАМАС раҳбарият кенгаши раиси Муҳаммад Дарвиш билан учрашди.

Теҳрондаги Катта Мусалла намозгоҳида Оятуллоҳ Али Хоманаий билан вилдолашиш учун йиғилган издиҳом, 4 июль, 2026
Теҳрондаги Катта Мусалла намозгоҳида Оятуллоҳ Али Хоманаий билан вилдолашиш учун йиғилган издиҳом, 4 июль, 2026

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари Қолибофнинг сўзларидан иқтибос келтириб, Теҳрон АҚШ билан "тинчлик ҳолатида эмаслиги" ва Исроилни тан олмаслигини билдирганини хабар қилди.

Шу билан бирга, у АҚШ ва Эрон ўртасидаги доиравий келишувни амалга ошириш жараёнини "қийин, аммо эришса бўладиган" вазифа деб баҳолаган.

Эрон давлат матбуоти маълумотига кўра, жаноза маросимларида ҲАМАС, "Ҳизбуллоҳ", Хусийлар ҳамда Яқин Шарқдаги Эрон қўллаб-қувватлайдиган бошқа қуролли гуруҳлар делегациялари ҳам иштирок этган. АҚШ ва Европа Иттифоқи ҲАМАСни террорчи ташкилот деб тан олган.

"Ҳизбуллоҳ" эса АҚШ томонидан тўлиқ террорчи ташкилот сифатида рўйхатга киритилган бўлса, Европа Иттифоқи мазкур ҳаракатнинг фақат ҳарбий қанотини террорчи тузилма деб ҳисоблайди.

Шу билан бир вақтда, минтақанинг бошқа ҳудудларида ҳам хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Денгиз қатновлари хавфсизлигини кузатувчи Буюк Британия Денгиз Савдо Амалиётлари Маркази (UKMTO) 5 июль куни Яманнинг Қизил денгиз соҳилидаги Ал-Ҳудайда порти жануби-ғарбида юк кемаси номаълум қуролланган шахслар ҳужумига учрагани ҳақида хабар олганини маълум қилди.

Кема фавқулодда ёрдам сигнали юборган ва ҳодиса юзасидан текширув олиб борилмоқда. UKMTO мазкур ҳудуддан ўтаётган кемаларни эҳтиёткорликка чақириб, ҳар қандай шубҳали фаолият ҳақида зудлик билан хабар беришни тавсия қилди.

Россиянинг "Интерфакс" агентлиги хабарига кўра, 5 июль куни Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп телефон орқали мулоқот қилиб, Эрон масаласини муҳокама қилган.

Кремль баёнотига кўра, Путин АҚШ ва Эрон ўртасида давом этаётган билвосита музокаралар можаро бўйича "томонларнинг ҳар иккиси учун мақбул бўлган узоқ муддатли ечимлар"ни топишга ёрдам беришидан умид билдирган.

Оқ уй ҳозирча мазкур телефон мулоқоти юзасидан ўз баёнотини эълон қилгани йўқ.

  • Сурат 16x9

    Озодлик

    • ozodlikmail@gmail.com
    • uzbek@rferl.org
    • WhatsApp / Telegram / Signal
    • +420724740755 | +420602612713

Форум

XS
SM
MD
LG