Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:55

Россия Киевга навбатдаги кенг кўламли ҳужумни амалга оширди

Россия қўшинлари 1 июлдан 2 июлга ўтар кечаси Украина пойтахти Киевга кенг кўламли ҳужумни амалга оширди.

Дронлар ва ракеталар турар жой биноларига зарба бериб, шаҳар марказидаги меҳмонхоналардан бирида ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлди. Ҳужум натижасида камида саккиз киши ҳалок бўлди, ўттиздан ортиқ одам яраланди.

Жуда даҳшатли эди. Баллистик ракеталар шаҳар томон учиб келаётгани ҳақида хабар берилиши билан биз паноҳгоҳга тушиш учун йўлакка шошилдик. Аммо кеч бўлган экан. Аввал бир зарба, кейин яна бири бўлди. Портлаш тўлқини хонадонимиз эшигини учириб юборди, - деди киевлик Микита.

Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченконинг айтишича, ҳужумларда саккиз киши ҳалок бўлган, шаҳар бўйлаб қарийб 30дан ортиқ объект зарар кўрган.

Киев мэри Виталий Кличко Telegram орқали 34 киши жароҳатланганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, турар жой биноларидан бирига тўғридан-тўғри зарба берилгани оқибатида унинг биринчи қаватидан олтинчи қаватигача бўлган қисми қулаган.

Президент Владимир Зеленский сал аввал шундай ҳужум бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган ва Ирландиянинг Европа Иттифоқига раислик қилиши арафасида Дублинда бўладиган тадбирга ташрифини қисқартиришини билдирган эди.

Сўнгги пайтларда Украина Россия ҳудудининг ички қисмига йўналтирилган зарбаларни кучайтирди. Украина Ҳаво кучлари маълум қилишича, Россия ўтган тунда Украина ҳудудига 74 та ракета ва 496 та дрон учирган.

Ҳаво мудофаа бўлинмалари 48 та ракета ва 476 та дронни йўқ қилган ёки зарарсизлантирганини билдирмоқда. Ҳаво кучлари баёнотига кўра, ҳужумнинг асосий нишонларидан бири Киев шаҳри бўлган.

Озодлик уруш шаротида томонлар бераётган маълумотларни мустақил манбалардан тезкор текшириш имконига эга эмас.

XS
SM
MD
LG