Линклар

Шошилинч хабар
02 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:54

Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросими 4 июл куни бошланиши кутилмоқда

Эрон расмийлари маълум қилишича, 28 февраль куни Теҳронда АҚШ ва Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий билан видолашув маросими жума куни Теҳронда бошланади.

Маросимда хориж давлат раҳбарлари, расмийлар ва диний арбоблар иштирок этиб, марҳум раҳбар хотирасига эҳтиром бажо келтиради.

Эрон ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда дафн маросимларини ташкил этиш штаби раҳбари Али Акбар Пуржамшидиённинг маълум қилишича, бир қатор видолашув маросими ва дафн юришлари ўтказилади.

Эрон давлат оммавий ахборот воситалари хабар беришича, Оятуллоҳ Али Хоманаийни дафн этиш маросимлари 4 июль куни Теҳронда бошланиб, 9 июль куни унинг туғилган шаҳри — мамлакат шимоли-шарқидаги муқаддас Машҳад шаҳрида якунланади.

Давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, 7 июль куни Теҳрон жанубидаги муқаддас Қум шаҳрида ҳам алоҳида маросимлар ўтказилади.

Хоманаий урушнинг биринчи кунидаги ҳаво ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Хоманаий даврида Эрон АҚШга қарши қудратли кучга айланди. Шу билан бирга, мамлакат ичидаги норозилик чиқишлари қатъий чоралар билан бостириб келинди.

Хоманаий раҳбарлик қилган йиллар давомида АҚШнинг қатъий танқидчиси бўлиб қолди. Шу билан бир вақтда, кетма-кет келган Америка маъмуриятлари Эрон ядро дастури бўйича баҳсга ечим топишга уринди, аммо бу саъй-ҳаракатлар натижа бермади.

Ҳаво зарбасида рафиқасидан ҳам айрилган ва ўзи ҳам жароҳат олган 56 ёшли Мужтабо Хоманаий отасидан кейин Эроннинг олий раҳбари лавозимини эгаллади. Ҳозирча унинг соғлиги ёмонлиги айтилмоқда, шунингдек отасининг дафн маросимида қатнашиш-қатнашмаслиги ҳақида ҳам аниқ маълумот берилмади.

Покистон 2 июль куни Эрон ва АҚШ ўртасидаги англашув меморандумини амалга ошириш борасида ижобий натижаларга эришилганини маълум қилди.

Покистон баёнотида айтилишича, томонлар яқин вақт ичида музокараларни давом эттиришга келишиб олган. Навбатдаги учрашув Али Хоманаийнинг дафн маросимидан кейин имкони борича тезроқ ташкил этилади.

XS
SM
MD
LG