Линклар

Шошилинч хабар
01 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:51

Reuters: Қозоғистон гуманитар ёрдам сифатида Россияга 50 минг тонна бензин беради

Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим‑Жўмарт Тоқаев, 3 июл, 2024 йил, Астана.
Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон президенти Қосим‑Жўмарт Тоқаев, 3 июл, 2024 йил, Астана.

Reuters агентлигининг хабар қилишича, Қозоғистон ҳукумати июл–август ойларида Россияга 50 минг тонна бензинни гуманитар ёрдам сифатида етказиб беришга розилик берган.

Агентликнинг тўрт манбасига таяниб хабар қилишича, ёз ойларида Россияда ёқилғига бўлган талаб юқори ва бу мамлакатга кунига камида 110 минг тонна бензин керак бўлади. Қозоғистондан етказиб бериладиган ёқилғи Россиянинг бир кунлик эҳтиёжининг ярмини ҳам қопламайди.

Бундан олдин Reuters Москва Астана билан 50 минг тонна АИ‑92 бензинини сотиб олиш бўйича музокара олиб бораётганини хабар қилган эди. Расмий Астана бу маълумотни рад этганди.

Манбаларнинг Reuters агентлигига айтишича, бу ўринда Қозоғистон учун асосий муаммолардан бири — ўз бозорида ёқилғи мувозанатини сақлаб туришнинг осон эмаслигидир.

Бундан ташқари, Россия харидорлари билан ҳисоб‑китобларда санкцияларга боғлиқ хатарлар ҳам мавжуд.

“Масала келишиб олинган, аммо тафсилотлар ҳали ишлаб чиқилмаган. Музокаралар давом этмоқда, санкция чекловлари билан боғлиқ саволлар бор”, дея изоҳ берди агентлик манбаларидан бири.

“Россия учун 50 минг тонна — денгиздан бир томчи. Аммо бизнинг бозор учун бу истеъмол ошиши туфайли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин”, дейди агентликнинг иккинчи манбаси.

Ҳозир Россия ёқилғи инқирозини бартараф этиш учун хориждан ҳар ой тахминан 400 минг тонна бензин харид қилишни режаламоқда. Танқислик Россиянинг деярли барча ҳудудида кузатилмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозир Россия Беларусдан импорт қилмоқда: июн бошида бу мамлакат 70 минг тонна бензин етказиб берган — бу май ойига нисбатан уч баробар кўпдир.

Шу билан бирга, Россия Ҳиндистондан ҳам бензин импорт қила бошлагани айтилмоқда. Reuters манбаларига кўра, биринчи партия ҳажми 60–80 минг тонна атрофида бўлади.

Россиядаги бу вазият Ўзбекистонга салбий таъсир ўтказиши мумкинлиги кутилмоқда. Маҳаллий матбуотнинг хабар қилишича, Ўзбекистонда бензин нархи аллақачон ошишни бошлаган.

Боиси, Ўзбекистон томони берган расмий статистикага кўра, 2026 йил бошида импорт қилинган 568,7 минг тонна бензиннинг тахминан 400–450 минг тоннаси Россиядан олинган, қолгани Қозоғистондан эди.

XS
SM
MD
LG