Ўзбекистонда рўйхатга олишнинг дастлабки натижаларига кўра, аҳоли сони кутилганидан кўп, айрим қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, жумладан чорва сони эса шу пайтгача айтилганидан сезиларли даражада оз чиққан.
Статистика қўмитасига кўра, 2026 йил 15 январ ҳолатига келиб аҳоли сони 39 миллион 47 минг 321 нафарни ташкил этган. Бунга қадар аҳоли сони 38 миллион 200 минг атрофида деб кўрсатилган эди.
Расмий баёнотга кўра, аҳоли сони сўнгги марта - 1989 йилда олинган ҳисобдан қарийб икки баробарга ошган.
Аҳоли сони кутилганидан кўпроқ
Аҳолини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари 30 июн куни Тошкентнинг InterContinental меҳмонхонасидаги матбуот анжуманида эълон қилинди.
Статистика қўмитаси маълум қилишича, дастлабки натижаларга кўра, мамлакат аҳолиси кутилганидан тахминан 810 минг кишига кўп чиққан.
Жинс бўйича тақсимотда эркаклар сони 19,7 миллиондан, аёллар эса 19,2 миллиондан ортиқни ташкил қилмоқда.
Мамлакатда бир йилдан ортиқ яшаган қарийб 57 минг хорижлик - Ҳиндистон, Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳам рўйхатга олингани айтилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, аҳолининг этник таркибида ўзбеклар мутлақ кўпчиликни ташкил этади — 89 фоиздан ортиқ. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг 90 фоиздан зиёди ўзбек тилини она тили сифатида кўрсатган.
Ўзбеклардан ташқари, аҳоли орасида тожиклар — 3,3 фоиз, қорақалпоқлар — 2,2 фоиз, қозоқлар — 1,8 фоиз, руслар — 1,6 фоиз, қирғизлар — 0,6 фоиз, туркманлар — 0,5 фоиз, бошқа миллатлар эса 0,6 фоизни ташкил этиши аниқланган.
2 миллион киши уйида эмас
Рўйхатга олинган кезда қарийб 2,1 млн. кишининг доимий яшаш жойида вақтинча яшамаётгани аниқланган.
Расмий маълумотга кўра, бундан 1 366 730 нафари ёки 65,4 фоизи эркак, 724 223 нафари ёки 34,6 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келади.
Сабаблар:
иш — 1 642 802 нафар;
таълим — 329 221 нафар;
оилавий сабаблар — 33 346 нафар;
туризм, дам олиш — 15 974 нафар.
Қишлоқ хўжалигида катта фарқ бор
Қишлоқ хўжалиги бўйича рўйхатга олиш натижалари шу пайтгача қайд этиб келинган рақамлардан фарқли чиқди.
Расмий маълумотга кўра, экин майдонлари, боғлар ва токзорлар мавжуд статистик маълумотларга нисбатан кўпроқ экани аниқланган.
Жумладан бир йиллик экин майдонлари 23 фоиз, боғлар ва токзорлар 18,8 фоиз, иссиқхоналар 2,2 фоиз ва балиқ боқиш ҳавзалари 15,0 фоизга кўплиги аниқланган.
Чорва сонида эса аксинча сезиларли камомад кузатилган. Хусусан, йирик шохли қорамоллар сони жорий ҳисоб-китобларга нисбатан 14,9 фоиз, қўй ва эчкилар сони 6,2 фоиз, отлар сони 11,2 фоизга камлиги аниқланган.
Статистикадаги муаммоли камомад
Ўзбекистонда, айниқса қишлоқ хўжалигига оид статистикадаги камомад ёки қўшиб ёзишлар муқаддам кўп кузатилган, танқид қилинган.
Хусусан чорва сони ёки экин-тикин ҳосили ҳажмининг ошириб кўрсатилиши ҳақида иқтисодчилар кўп бор хавотирини билдирган.
Жумладан, иқтисодчи Отабек Бакиров 30 июн куни расмий баёнотда илк бор асл рақамлар - амалдагидан сезиларли даражада кам бўлса-да - очиқ кўрсатилганини тўғри қадам сифатида баҳоламоқда.
"Аввало статқўм бу маълумотларни, ҳеч иккиланмай, эълон қилгани учун раҳмат айтиш керак", дейди жумладан иқтисодчи:
"Яъни, ўзи йўқ қарийб 2,2 млн. бош қорамол статистикага қўшиб келинган. Бу қандай амалга оширилган? Ҳудудларда ҳокимлар босими билан ялпи ҳудудий маҳсулот ўсишини таъминлаш учун айнан қишлоқ хўжалиги статистикаси энг кўп манипуляцияга дучор бўлади. Масалан, фалон бош чорва аҳолида бор, деб ёзилади (ўн йиллар давомида шундай қилиб келинган), гарчи охирги йилларда қишлоқ турмушида кескин ўзгаришлар юз бериб, аҳоли томонидан мол ва қўй боқиш кескин қисқарган бўлсада".
Сўнгги 27 йилда илк бор
Ўзбекистон СССР қулаганидан бери ўз аҳолиси сонини қайддан ўтказмаган ягона постсовет давлати бўлиб қолаётган эди.
Мамлакат аҳолиси халқаро стандартлар асосида охирги марта 1989 йили саноқдан ўтказилган.
СССРдан мустақил бўлган Марказий Осиëдаги қўшни давлатлардан айримлари бир эмас, уч марталаб ўз аҳолисини рўйхатдан ўтказган.
Марҳум президент Ислом Каримов даврида аҳолини рўйхатга олишга уриниш кузатилмади. Шавкат Мирзиëев президентликка келгач, бу тадбирни ўтказиш зарурати ва унинг ўзи бошлаган ислоҳотлар учун муҳимлиги ҳақида қатор чиқишлар қилди.
Мирзиëевнинг 2019 йил 5 февралдаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланганди. Аммо, бу тадбир бир неча бор қолдирилди.
2022 йили Тошкент ҳукумати аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга тайëргарлик сабаби билан Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон банкидан 50 миллион доллар кредит олгани эълон қилинган.
Ва ниҳоят, аҳолини рўйхатга олиш жараёни 2026 йилнинг 15 январдан 28 февралгача бўлган муддатда ўтказилди.
Рўйхатга олиш киши бошига 0,12 долларга тушди
15−31 январь кунлари бўлиб ўтган рўйхатга олишнинг биринчи босқичида жами хонадонларнинг 82,3 фоизида истиқомат қилувчи 30 миллиондан ортиқ аҳоли саволномани мустақил тўлдириб, онлайн рўйхатдан ўтгани айтилган.
Онлайн босқичда қатнашмаган ёки маълумотларни хатолик билан киритган фуқаролар эса 4−28 феврал кунлари ўтказилган иккинчи босқичда қамраб олинган. Бунда маҳалла еттилиги вакиллари уйма-уй юриб планшетлар орқали, маълумотларни тўғридан-тўғри электрон платформага киритган.
Дастлабки маълумотларига кўра, рўйхатга олишда мамлакат бўйлаб жами 8,3 миллионта хонадонда яшовчи аҳоли тўлиқ қамраб олинган. Яъни, аҳолининг 97,3 фоизи қамраб олинган, аҳолининг 2,7 фоизи эса турли сабабларга кўра рўйхатга олиш жараёнларида иштирок этмаган.
Матбуот анжуманида бу маросимга кетган харажат суммаси ҳам эълон қилинди - киши бошига 0,12 АҚШ долларини (Марказий банкнинг ҳозирги валюталар курсида тақрибан 1500 сўм) ташкил этгани айтилди.
Рўйхатга олишнинг якуний ва тўлиқ таҳлил қилинган маълумотлар эса 2027 йил 1 июлига қадар эълон қилиниши айтилмоқда.
Форум