Линклар

Шошилинч хабар
01 Iyul 2026, Тошкент вақти: 22:51

"Қуёшли хонадон". Президент ваъда қилган тўлов нега тўхтади?

Ўзбекистонликларни уйининг томига қуёш панелларини ўрнатиб, ортиқча токни давлатга сотишга президентнинг ўзи даъват қилан эди.
Ўзбекистонликларни уйининг томига қуёш панелларини ўрнатиб, ортиқча токни давлатга сотишга президентнинг ўзи даъват қилан эди.

Ўзбекистонда "Қуёшли хонадон" дастури асосида қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар давлат ваъда қилган субсидияни вақтида ололмаётганидан шикоят қилмоқда.

Белгиланган тартибга кўра, ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергияси учун тўловлар ҳар ойнинг 25-санасигача ўтказилиши керак эди.

Аммо, Озодликка келаётган шикоятларга кўра, айрим ҳудудларда апрел ва май ойлари учун маблағ ҳалигача ўтказиб берилмаган.

"Пул тушмаяпти"

“Қуёшли хонадон” дастури доирасида қуёш панеллари ўрнатган фуқаролар давлат томонидан белгиланган тўловлар кечикаётганидан норози.

Айрим ҳудудларда тўловлар бир неча ойга кечиккан.

“Мана шу қуёш панелига охирги марта апрел ойида пул олганман, ундан буён икки ойдан бери пулдан дарак йўқ”, дейди норозилардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Дастурга мувофиқ, хонадон эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқарилиб, ягона электр тармоғига узатилган ҳар бир киловатт-соат электр энергияси учун 1000 сўмдан тўланиши белгиланган.

Бу маблағлар "Soliq" мобил иловасининг "Қуёшли хонадон" бўлими орқали ҳисобланиб, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасигача фуқароларнинг банк карталарига ўтказилаётган эди.

Шикоятларга кўра, 2026 йил апрел ва май ойларида тармоққа узатилган электр энергияси учун ҳалигача пул тўлаб берилмаган.

“Ҳисобланган маблағлар солиқ иловасида кўриниб турибди. Аммо пул ҳисоб рақамларига тушмаяпти. Нимага бундай бўляпти”, дея савол беради норози фуқаролардан бири ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатида.

Ўзбекистонликларни уйининг томига қуёш панелларини ўрнатиб, ортиқча токни давлатга сотишга президентнинг ўзи даъват қилган эди.

Ўзбекистон президенти жорий йилнинг 16 февралида “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилган.

“Тармоққа сотган ҳар бир киловат энергия минг сўмдан сотиб олинади. Ҳозир 295 сўм. Уч карра кўп бўлса ҳам давлат сотиб олади. Бу ҳам бизга манфаат келтиради”, деган эди Мирзиёев.

“Қуёшли хонадон” дастурига боғланган минглаб ўзбекистонлик аввалига бу камтарона бизнесидан мамнун бўлгани акс этган видеолар ҳам тамроқларда қўлма-қўл бўлди. Бунинг учун, алоҳида банклар аҳолига кредитлар ҳам таклиф қилди.

“40 миллион сўм сарфлаб панел ўрнатдим. Қишда ўз эҳтиёжимни қоплаш, ёзда эса озгина даромад қилишни режалагандим. Панел ишлаб турибди, мана июн охирилаб қолди, лекин апрел ойи учун пул ҳалигача келмади”, дейди Озодлик суҳбатлашган қашқадарёлик тадбиркор.

Панел ўрнатганлар пул кечикаётганига расмий идоралар шу вақтгача аниқ изоҳ бермаганидан ҳам хавотири ошаётганини айтмоқда.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда бундан буён давлат панел ўрнатганлардан электр токини киловаттига 1000 сўм эмас, балки 250 сўмдан олиши мумкинлиги ҳақидаги овозлар ҳам ёйила бошлади.

"Тушунтириш тайёрланяпти"

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг Қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўлими раҳбари Азимжон Зайдуллоев Озодлик билан суҳбатда бу масала бўйича аҳолига маълумот бериш режаланаётганини айтди.

“Шу ҳақда тушунтириш тайёрланяпти, кечиккан пуллар албатта берилади”, деди Зайдуллоев.

Мулозим аҳолига қанақа тушунтириш ҳозирланаётганини айтмади. Аммо, ҳукумат аҳолидан электр токини 250 сўмга олишни режалаётганига оид ижтимоий тармоқларда ёйилган маълумотларни рад этди.

Энергетика вазирлиги маҳаллий матбуотга шу пайтгача берган баёнотларида тўловлар нега кечикаётгани қисман изоҳланган.

Давлатга электр сотувчилар кўпайди

Вазирлик берган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ 45 мингдан ортиқ фуқаро тармоққа электр энергияси сотиб, 73,9 миллиард сўмдан зиёд субсидия олган.

Бироқ давлатнниг бу йилги бюджетида ушбу дастур учун атиги 100 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Кузатувларга кўра, агар биринчи чоракдаги суръат сақланиб қолса, йиллик эҳтиёж тасдиқланган маблағдан бир неча баробар юқори бўлади.

Бу ҳолда йил давомида қўшимча маблағ ажратиладими-йўқми - бу ҳақда ҳали расмий изоҳ берилгани йўқ.

“Қуёшли хонадон” дастурига уланган ўзбекистонликлар учун эса бу лойиҳа арзон тушмаган.

Ўзбекистонликлар 5–10 киловаттли панел тизими учун тақрибан 50-100 миллион сўм сарфламоқда. Яъни, битта хонадон учун ўртача 5 кВт.лик қуёш панели тизими 6 минг, 10 кВт.лик тизим эса 12 минг АҚШ долларига тушмоқда.

Бугунги Марказий банк курсида бу - 5 киловаттлик панел учун тақрибан 50–75 млн сўм, 10 киловаттлик панел учун 100–150 млн сўм бўлади.

Аксар хонадонлар бу пулни банкдан қарз олмоқда. Шу боис, давлат ваъда қилган тўловлар кечикиши билан фуқаролар ҳам банкдан қарзга кирмоқда.

Аслида кечиккан субсидиялар нафақат фуқароларнинг даромадига таъсир қилмоқда. Балки, бу — давлат дастурларига бўлган ишончни ҳам пасайтирмоқда.

“Ижтимоий тармоқларни кузатар эканман, қуёш панеллари бўйича ҳар хил постларга кўзим тушяпти. Юқори қувватли панел қўйганман, ишлаб чиқарилган электр учун пул бермаяпти, деган гаплар бўляпти. Бир-иккита одам пул тушмаяпти, лекин тушади деган гапларни қилишди. Мени ўзим ҳам шу панеллар ўрнатишни тарғиб қилиб келаман. Ҳозир ҳам айтаман, панел барибир фойдали, айниқса қишлоқ шароитида, ҳеч бўлмаганда уй эътиёжлари учун электр олса бўлади. Ишонаманки, ҳукумат пулини беради, кечикиш бўлаётгандир”, дейди фарғоналик блогер Дима Қаюм.

Давлат сиёсатига айланган қуёш панеллари

2024 йилда Мирзиёев қуёш панеллари ўрнатишни “давлат сиёсати” деб эълон қилди.

Бунинг ортидан жойларда тадбиркорлар ва аҳоли вакиллари банкдан кредит олиб қуёш панеллари ўрнатишга мажбурлаш кучайди.

Хусусий корхоналар, мактаб, касалхона ва аҳоли, айниқса, бюджет соҳасида ишлаётганлар хонадонларига ихтиёрий-мажбурий тарзда банк кредити эвазига қуёш панеллари ўрнатишга киришилди.

Мутахассислар фикрича, давлат қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантирар экан, ушбу дастур доирасида зиммасига олган молиявий мажбуриятларни ҳам ўз вақтида бажариши муҳим.

“Пул масаласида, агар тушмаётган бўлса, шу соҳага масъул идоралардан пулларини, келишилган нархдаги пулларини тушириб беришларини илтимос қилиб қоламиз”, дейди Дима Қаюм.

45 минг хонадон электр сотяпти

Ўзбекистонда аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатишни рағбатлантирувчи “Қуёшли хонадон” дастури, расмий маълумотларга кўра, йил сайин кенгаймоқда.

2025 йил якунига келиб, мамлакат бўйлаб тахминан 45 мингдан зиёд хонадон ушбу тизимга улангани қайд этилган, 2024 йилда бундай хонадонлар 10–11 мингни ташкил қилганди.

Панеллар бюджет ҳисобидан эмас, балки асосан фуқароларнинг шахсий сармоясига ўрнатилмоқда. Давлат эса фуқаро харажатининг 20 фоизини субсидия орқали қоплаб бериш ҳамда электр токини барқарор равишда сотиб олиш мажбуриятини ўз зиммасига олади.

Содда ҳисоб-китобларга кўра, “Қуёшли хонадон” дастури доирасида бир хонадон давлат қоплаб берганидан ошган тақрибан 4-8 минг АҚШ доллари миқдоридаги харажатини ўртача 8-15 йилда қайтариб олишни режаламоқда.

Техник жиҳатдан Ўзбекистонда ўрнатилаётган қуёш панеллари эса 20-25 йилгача ишлаши айтилган. Аммо, бу панелларининг чидамлилиги ва айниқса, Ўзбекистонда кунга-кунга ўзгариб бораётган иқлимга бардош бера олмаётгани ҳақида ҳам шикоятлар келмоқда ва бу Озодликнинг навбатдаги лавҳасига мавзу бўлади.

Озодликни кузатиб боринг!

Форум

XS
SM
MD
LG