Собиқ президент Асқар Акаев Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров президентлик муддатини узайтиришни таклиф қилди.
19 июн куни Иссиқкўл форумида чиқиш қилган Акаев, Жапаровга у бошлаган “иқтисодий мўъжиза”ни амалга ошириши учун камида 8-10 йил керак, деди.
Акаев — Қирғизистонда ўз ҳокимият муддатини узайтирган биринчи раҳбар. У 2005 йилда ҳокимиятдан ағдарилгач, мамлакатни тарк этган ва фақат Садир Жапаров даврига келиб Қирғизистонга кириш имконига эга бўлди.
19 июн куни Иссиқкўл форумида чиқиш қиларкан, собиқ президент Асқар Акаев “иқтисодий мўъжиза” жумласини қўллади:
“Қирғизистон халқи ҳар доимгидек жуда оқилона йўл тутади ва амалдаги президент Садир Жапаровга Қирғизистон иқтисодий мўъжизасини амалга ошириш режасини ҳаётга татбиқ этиш учун қўшимча мандат беради. Барчангиз биласиз, иқтисодий мўъжиза учун камида 8–10 йил керак”.
Асқар Акаевнинг Қирғизистонда ўз ҳокимият муддатини узайтирган биринчи раҳбар эканини хотирлаган аксар таҳлилчилар собиқ президентнинг бу таклифини танқид қилмоқда.
“Аслида, Акаев “Конституцияни ўзгартиринглар”, демоқда. Ўзи ҳам бир вақтлар Бош қонунни қайта-қайта ўзгартирган ва оқибатда, халқ томонидан қувиб юборилганди. Ҳозир у Садир Жапаровни ҳам шу йўлга ундаб, ваколатини узайтиришга чақирмоқда. Агар мен Жапаров ўрнида бўлганимда, бундай гапларни дархол тўхтатардим ва бу каби таклифларни рад этарган бўлардим”, дейди жумладан юрист Нурбек Токтакунов.
Асқар Акаев Қирғизистонни 1990 йилдан 2005 йилгача - 15 йил бошқарган. Ҳокимиятдан кетганидан буён у Москвада яшамоқда.
Ватанга қайтиш имконини фақат Садир Жапаров ҳокимиятга келгантдан сўнг олди. Унга нисбатан очилган жиноят иши муддати ўтгани боис тугатилган.
Ўтган йили Акаев парламентдан экс-президент мақомини тиклаб беришни сўраган, аммо депутатлар рад этган.
Собиқ президент ҳозиргача хорижда яшайди. У Иссиқкўл форумига қизи билан борди.
Қирғизистонда яқин вақтларда навбатдаги президент сайловлари ўтказилиши кутилмоқда. Садир Жапаров 2021 йилда президент этиб сайланган.
Шундан кейин Конституция ўзгартирилган. Амалдаги қонунчиликка кўра Жапаров яна бир муддат ўз номзодини қўйиши мумкин.
Кутилаётган президентлик сайловлари борасидаги мунозаралар фонида - шу йил феврал ойида Жапаров ва Қамчибек Ташиев ўртасидаги сиёсий тандем парчалангани хабар қилинганди.
Кўп йиллар мухолифатда фаолият юритган Ташиев 2020 йил октябридаги сиёсий инқироз пайтида ҳам фаол иштирок этган ва Жапаровнинг президент бўлишида асосий қўллаб-қувватловчи бўлганди.
Жапаров ҳокимиятга келгач, у Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Уларга нисбатан одамлар орасида "Икки дўст" ибораси кенг қўлланила бошлади.
7 миллион аҳолига эга Қирғизистон Марказий Осиёда қўшни давлатларга нисбатан сиёсий жараёнлар ўзгарувчан ва нисбатан демократик муҳит мавжуд мамлакатлардан бири сифатида тилга олинади.
Марказий Осиёдаги "Демократия оролчаси" деган номни эса Қирғизистон айнан Асқар Акаев бошқаруви даврида олган эди.
Ўзбекистоннинг аввалги раҳбари - Ислом Каримов даврида Тошкент ва Бишкек муносабатлари совуқ бўлгани қайд этилган ҳамда таҳлилчилар буни ўртадаги сиёсий фарқлар билан изоҳлар эди.
Форум