Линклар

Шошилинч хабар
22 Iyun 2026, Тошкент вақти: 23:08

Прагада Uber ва Bolt тизимида "солиқдан қочган" ўзбеклар гуруҳи қўлга олинди 

Чехияда Uber ва Bolt платформалари орқали таксичилик қилган хусусий фирмалар билан боғлиқ йирик солиқ жинояти фош этилди.

Чехия полицияси, Божхона хизмати ва Солиқ маъмуриятининг қўшма операцияси натижасида ўн шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, айримлари ҳибсга олинди.

Полиция берган маълумиотга кўра, уларнинг 8 нафари хорижлик, икки нафари чех фуқароси. Чех полицияси қўлга олинганларнинг қайси давлатдан эканини очиқламади.

Аммо чех матбуоти ва шаҳардаги ўзбеклар жамоаси қўлга олинган 8 чет элликнинг Ўзбекистон фуқаролари эканини айтмоқда.

Uber ва Bolt тизимида ўзбеклар бизнеси

Такси хизмати Чехияга ишлагани келган ўзбекистонликлар учун даромадли ва барқарор иш манбаи.

Кўплаб муҳожирлар Uber ва Bolt мобил дастурлари орқали йўловчи ташиш билан шуғулланади.

Бироқ Чехияда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу соҳада йирик молиявий схемалар яширинганини фош қилди. Йўловчи ташиш - такси хизматида солиқдан бўйин товлашда гумон қилинаётган бир гуруҳ ўзбек ватандоши қамоққа олинди.

Чехия Уюшган жиноятчиликка қарши кураш маркази, божхона хизмати ва молия идоралари ҳамкорликда олиб борган “Солиқ кобраси” деб аталувчи махсус опрация доирасида жами 10 шахсга айблов қўйилган.

Чехия полицияси айбланувчи чет элликларнинг фуқаролигини очиқламаган. Аммо айрим чех нашрлари улар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлигини ёзмоқда. Прагадаги ўзбекистонликлар жамоасига вакилларига кўра эса, ҳибсга олинганларнинг 8 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкин.

Чех полицияси оператив тасвирларни эълон қилди. Унда қуролланган ҳарбийлар бир қатор манзилда тинтув ўтказгани акс этган.

Полиция тинтувларда ҳужжат ва электрон қурилмалар, 6 миллион кронадан ортиқ нақд пул, 8 миллион крондан ортиқ маблағлар йиғилган банк ҳисоб рақамлари аниқланганини эълон қилди.

Бундан ташқари, чех матбуоти бу жиноий гуруҳ аъзоларига тегишли бир қанча автомобил ҳам мусодара қилинганини хабар қилмоқда.

Чех полицияси расмий баёнотида давлат бюджетига етказилган зарарнинг аниқланган қисми 300 миллион крон, дейилди. Аммо, тергов давомида бу рақамнинг ошиши мумкинлиги айтилмоқда.

Жумладан, фақат биргина гуруҳ бўйича тахминан 70 миллион, яна бири бўйича 230 миллион кронадан ортиқ сумма аниқланган. Аммо, тергов уюшган гуруҳлар солиқдан яширган сумма бундан кўп бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

“Уюшган гуруҳ 2022–2026 йиллар давомида такси хизматини таъминловчи рақамли платформалар орқали шартномавий йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритувчи тижорат компаниялари тармоғини ташкил этган ва бошқарган. Бу тузилманинг мақсади солиқ мажбуриятларини мунтазам равишда камайтириш ва рақобатчиларга нисбатан ноқонуний иқтисодий устунликка эришиш бўлган", деди Чехия полицияси матбуот вакили Ярослав Ибеҳей.

Тергов маълумотларига кўра, икки уюшган гуруҳ 2022–2026 йиллар давомида рақамли платформалар орқали фаолияти даврида асл даромадини солиқдан яширган.

Бунинг учун уюшган жиноий гуруҳ етакчилари “Флотилия” тизимидан фойдаланган.

Флотилиялар қандай ишлайди?

“Флотилия” — бу юзлаб автомобилга эгалик қилувчи ва ҳайдовчиларни ишга ёлловчи хусусий ширкатдир.

Улар Uber ва Bolt каби халқаро платформалар орқали такси хизматидан фойдаланишни истаган мижозларни топади ва хизмат кўрсатади.

Ҳайдовчиларнинг айтишича, кичик хусусий ширкат - МЧЖ сифатида рўйхатдан ўтган кўплаб флотилиялар қарийб битта схемани қўллаган.

Яъни, Uber ёки Bolt платформалари орқали топилган мижоз тўловидан бу икки платформа хизмат ҳақини олади ва бу одатан, 10 - 20 фоизни ташкил қилади.

Ўзбеклар ва бошқа Марказий осиёликларни ишга ёллаган фолотиялилар эса бунинг устига ўз устамасини ҳам қўяди - бу эса яна 5 фоиздан - 9 фоизга бўлади.

“Флотилиялар ишчиларни ёллаётганда одатан ўзларига тегишли тайёр автомобил ва таксичилик учун талаб қилинадиган “сариқ карточка”ни расмийлаштириб беришади. Ҳайдовчилардан: “Солиқларингизни ўзимиз тўлаб берамиз” , деб 5-9 фоизгача ҳақ олади. Лекин, энди биляпмизки, солиқни улар тўлмасдан, ўзига ўзлаштириб юрган экан, биз эса буни билмаганмиз”, деди Озодликка исми очиқланмаслигини истаган ҳайдовчи.

Бунга қадар Чехияда такси ҳайдаган андижонлик Ҳаётулла Байбаев 2016-2019 йилларда Прагада ҳозирда терговга тортилган флотилияларга ёлланиб ишлаганини эслайди.

Ҳозирда Чехия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан тергов қилинаётган айрим такси флотилиялари солиққа, деб ҳайдовчилардан олинадиган тўловни 5 фоизгача камайтирган ва рақибларини синдиришга ҳам уринган, деб гумон қилмоқда. Муҳими, ҳайдовчиларга иш ҳақи аксар ҳолларда нақд пул кўринишда тўлангани айтилмоқда.

“Автомобилнинг ҳафталик ижара тўловини берадик, бир ҳафтада ҳисобимизга пул тушган бўлса, ўз фирмасининг фоизини олиб қолиб, ҳар ҳафтада расчёт пулини берарди. У ерда юздан ортиқ ўзбек, украин, озарбайжон ва бошқа миллатли шахслар ишларди. Бир ҳафтада 10 минг - 15 минг крон ишласак, фоизини олиб қолиб, қолганини бизга нақд беришарди”, дейди Ҳаётулла Байбаев.

Терговчиларнинг даъвосича, гумон қилинаётган хорижликлар шу шаклда ўнлаб ўзаро боғланган компаниялар тармоғини яратган. Ноқонуний бизнес юритиб, унинг ошкор бўлмаслиги учун бир-икки йил ўтмай ширкатларни ёпишган ва ўрнига янгисини очишган.

Шу шаклда улар солиқ текширувларидан қочишга муваффақ бўлгани айтилмоқда. Қолаверса, солиқ органлари текширув бошлаганида ҳам, ширкат амалда мавжуд бўлмаган.

Ўзбекистонга қайтган "флотилиячилар"

Ҳозирда ўзбекистонлик "флотилиячи"лар устидан бораётган терговлардан хабардор чехиялик адвокатнинг шахсини сир сақлаш шарти билан Озодликка айтишича, бу ширкатлар одатан ишга алоқаси йўқ шахслар номига расмийлаштирилган. Ҳозир бу шахсларнинг аксари аллақачон юртига кетган:

“Чех полицияси Ўзбекистонга сўров юборяпти. У шахслар эса Чехиядан бир неча йил олдин юртига қайтган бўлиб чиқяпти. Аксари, ўз номига ширкат очилганидан бехабарман, деяпти. Бу шахслар ўз розилиги билан ноқонуний фаолиятга қўшилганми ёки уларни алдашганми - буни тергов суриштирувлари аниқлаши керак".

Адвокатга кўра, ҳозир ҳибсга олинган 10 шахсга нисбатан илгари сурилаётганлар айбловлар исботини топса, уларга 10-13 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.

“Солиқдан қочиш, солиқ тўламаслик бўйича чех полицияси суриштирув ишларини олиб боряпти ва жуда кўп қонунбузарликларни фош қилган. Камида иккита флотилия ҳужжатлари текшириляпти. Бу нарса албатта ёқимсиз холат биз учун, муҳожирларни ҳаётига ҳам ёмон таъсир қилади. Лекин, постсовет ҳудудида ишлаган схемалар бу ерда ўтмайди, полиция дарров фош этади”, дейди Прагада яшовчи ҳуқуқшунос Абдусами Раҳмонов ҳам.

Чехия расмий статистикасига кўра, айниқса пойтахт Прагада сўнгги йилларда такси ҳайдовчилари сони кескин ошган.

Шаҳар маъмуриятининг маълум қилишича, Uber ва Bolt каби рақамли платформаларнинг оммалашуви натижасида учинчи давлат фуқаролари орасида такси ҳайдовчиси бўлиш истаги ҳам кескин ошган.

Айниқса, Украина, Ўзбекистон ва Нигерия фуқаролари орасида таксичилик қилаётганлар кўплиги қайд этилган.

Расмий маълумотларга кўра, Чехияда берилган 14 минг 808 та такси ҳайдовчи рухсатномасининг қарийб 6 мингтаси Украина, 1153 таси Ўзбекистон, 117 таси эса Нигерия фуқароларига тегишли.

Прага шаҳар ҳокимияти баъзи хорижлик ҳайдовчилар шаҳарни яхши билмаслиги, ҳаракат қоидаларини етарли даражада ўзлаштирмагани ва бу йўл ҳаракати хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини ҳам таъкидламоқда.

Айрим ҳолатларда улар чех тилини билмаслиги ва транспортни етарлича бошқара олмаслиги йўл ҳаракати хавфсизлигига таъсир қилаётгани таъкидланмоқда.

Элчихона ўзбекистонликларни огоҳлантиради

Такси соҳасидаги ҳибслар ортидан Ўзбекистоннинг Чехиядаги элчихонаси ўз фуқароларини маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Шу мақсадда элчихона ва консуллик бўлими ходимлари Прагадаги Turkiston International Cultural Center - ўзбекистонликлар Маданий марказига ташриф буюриб, у ерда йиғилган ўзбекистонликлар билан учрашув ўтказди.

Бу учрашувга Озодлик жамоаси ҳам таклиф этилди.

Учрашув давомида такси хизмати соҳасида фаолият юритаётган фуқароларга фақат қонуний асосда ишлайдиган компаниялар билан ҳамкорлик қилиш, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажариш ҳамда меҳнат ва миграция қоидаларига амал қилиш зарурлиги тушунтирилди.

Ўзбекистоннинг Чехиядаги консули Дилшод Собиров Озодликка бундай деди:

“Биз учун энг муҳим масала — Чехияда яшаётган ва меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ва хавфсизлигини таъминлашдир. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаро уларни қабул қилувчи давлат қонунлари, солиқ тартиби, меҳнат қоидалари ва лицензия талабларига қатъий риоя қилиши зарур”.

Консулнинг айтишича, Ўзбекистон томони ўз фуқароларининг ноқонуний такси бизнесига алоқасига оид хабарларни ўрганмоқда:

“Шуни алоҳида қайд этамизки, айбдорлик фақат суднинг қонуний кучга кирган қарори билан белгиланади. Шу сабабли, барча ҳолатларда айбсизлик презумпциясига риоя қилиниши лозим. Агар, Ўзбекистон фуқаролари ушбу жараёнда иштирокчи сифатида жалб этилган бўлса, элчихона консуллик ваколатлари доирасида зарур ҳуқуқий ва консуллик кўмагини кўрсатишга тайёр. Бундай ҳолларда фуқаролар ёки уларнинг яқинлари Элчихонанинг консуллик бўлимига мурожаат қилишлари мумкин”.

Ўзбекистоннинг Чехиядаги консули Дилшод Собиров ҳозирча Прагада ноқонуний такчилик фаолиятида ўзбеклар иштирокига доир бошқа тафсилотлар, жумладан қанча ўзбек терговга тортилгани ёки ҳибсга олингани, ёхуд уларга қандай конкрет консуллик ёрдами кўрсатилаётганига ойдинлик киритмади.

Чехияда қоидалар ўзгаради

Ҳозирда Чехия парламенти йўл транспорти тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритди.

Янги қоидаларга кўра:

  • Такси ҳайдовчилари Чехия ёки Европа Иттифоқида берилган ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши шарт;
  • Такси лицензияси фақат мамлакатдаги қонуний яшаш муддати давомида амал қилади;
  • Ҳайдовчи фақат расмий рўйхатдан ўтган такси автомобилидан фойдаланиши мумкин;
  • Бундан буён муниципал полиция ҳам такси автомобилларини текшириш ваколатига эга бўлади.

Бу янги қоидалар 2026 йил июл ойидан кучга кириши кутилмоқда.

“Такси соҳасида жиддий ўзгаришлар бўлади. Солиқ тўламасдан, ҳужжатсиз ишлаш тугатилади. Масалан , Uber ва Bolt билан полиция солиқ тўлаш тизимини йўлга қўяди. Янги тартибга кўра, 2021 йилгача бўлган машиналар таксига қабул қилинмайди, ҳайдовчилар иш соатлари ҳам тартибга солинади”, дейди Абдусами Раҳмонов.

Чехияда Uber ва Bolt мобил иловалари билан боғлиқ компаниялар ўтган йили тахминан 6,5 миллиард крона даромад олгани қайд этилган.

Бугунги кунда Чехияда 30 мингдан ортиқ такси ҳайдовчиси фаолият юритмоқда, уларнинг катта қисми Прагада жойлашган.

Расмий маълумотларга кўра, Чехияга кўплаб ҳайдовчи Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларидан келмоқда. Улар орасида Ўзбекистон, Ироқ ва собиқ Совет иттифоқи давлатлари фуқаролари кўпчилик.

Чехиядаги ушбу ҳолат рақамли такси иқтисодиёти орқали амалга оширилаётган замонавий солиқ жиноятчилигининг кенг тарқалганини кўрсатмоқда.

Чехия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирда тергови давом этаётган ўзбек флотилиялари иши - рақамли иқтисодиёт даврида уюшган солиқ жиноятчилигига қарши энг йирик операция, деб баҳоламоқда.

Ҳозирча бу тергов қачон якунланиши ва якунида қанча ўзбекистонлик жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо, терговга яқин манбалар камида ўнлаб шахс ҳақида гап кетаётганини тахмин қилмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG