Линклар

Шошилинч хабар
16 Iyun 2026, Тошкент вақти: 22:31

Эрон-АҚШ сулҳга келишди. Ҳормуз бўғози очилди, бозорлар жонланди

АҚШ президенти Дональд Трамп Эвиан-ле-Бен шаҳридаги G7 - "Катта еттилик" саммитида,  16 июн, 2026
АҚШ президенти Дональд Трамп Эвиан-ле-Бен шаҳридаги G7 - "Катта еттилик" саммитида, 16 июн, 2026

АҚШ президенти Доналд Трамп, шу ҳафта якунида Эрон билан имзоланиши кутилаётган тинчлик келишувида, Теҳроннинг ядровий қурол ишлаб чиқармаслиги ёки уни қўлга киритмаслиги “аниқ ва равшан” белгиланган, деди.

Трампнинг таъкидлашича, агар Эрон бу келишувни бузишга уринса, уни жуда "оғир оқибатлар" кутади.

Томонлар ўртасида бундай келишувга эришилгани 14 июн куни очиқланди ва бунинг ортидан Ҳормуз бўғози очилди, дунё бозорларида эса жонланиш кузатилмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп "Катта еттилик" саммитида Эрон билан эришилган келишувни томонларнинг урушни тугатишга интилаётгани ифодаси сифатида олқишлади.

“Мен учун энг муҳими — Эрон ҳеч қачон ядровий қуролга эга бўлмаслигидир ва бу - келишувда аниқ-равшан айтилган,” деди Трамп 16 июнь куни Францияда бўлиб ўтаётган саммитида журналистларга.

Шунингдек Трамп, агар Эрон ислом республикаси ядровий қуролга эга бўлишга ҳаракат қилса, бунинг “жуда оғир оқибатлари” бўлишдан огоҳлантирди.

“Эрон билан келишувимизни якунладик ва у муваффақиятли бўлиши керак, у иккинчи босқичга ўтади, менимча бу жараён осон кечади” деди у.

АҚШ ва Эрон 15 июн куни уч ой давом этган урушни тугатиш ва Ҳормуз бўғозини қайта очиш мақсадида ўзаро англашув меморандумини электрон тарзда имзолаган.

Томонлар ўртасидаги музокараларда воситачилик қилган Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ушбу келишув ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишни кўзда тутишини айтди:

"Изчил музокаралардан сўнг, Америка қўшма штатлари ва Эрон ислом республикаси ўртасида тинчлик шартномасига эришилганини мамнуният билан эълон қиламиз. Ҳар икки томон барча фронтларда, шу жумладан Ливанда ҳам ҳарбий амалиётларни зудлик билан узил-кесил тўхтатилишини эълон қилди».

Рейтрес агентлигининг АҚШ маъмурияти юқори лавозимли амалдорларига таяниб хабар қилишича, келишувни расман имзолаш маросими 19 июн куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлади.

Янги келишув ҳозир амалда бўлган ўт очишни тўхтатишни яна 60 кунга узайтириши кутилмоқда, аммо бу келишувнинг тўлиқ тафсилотлари расман очиқлангани йўқ.

60 кун давомида томонлар шу йил 28 февралида АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво ҳужумлари билан бошланган можарони доимий равишда тугатиш бўйича музокаралар олиб бориши керак.

Эроннинг Mehr ахборот агентлиги АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги 14 банддан иборат меморандум лойиҳаси мазмунини эълон қилди.

Эрон ахборот воситалари хабарига кўра, меморандум АҚШ Президенти Доналд Трамп, АҚШ Вице-президенти Жей Ди Вэнс ва Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бақир Қолибоф томонидан онлайн тарзда имзоланган.

Mehr агентлигига кўра, ҳужжат барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишдан билан бирга, 30 кун ичида АҚШ денгиз блокадасининг бекор қилиниши ҳамда Ҳормуз бўғозининг очилишини назарда тутади.

Эрон ОАВлари ушбу келишувда АҚШнинг Эрон ички ишларига аралашмаслиги ва унинг суверенитетини ҳурмат қилиши, Эрон билан чегарадош ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиши ҳамда Эрон нефтига нисбатан жорий этилган санкцияларни вақтинча тўхтатиб туриш мажбурияти ҳам белгиланган, деб хабар қилмоқда.

Бундан ташқари, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Эронни қайта тиклаш учун қиймати камида 300 миллиард доллар бўлган режа ишлаб чиқиши, бунинг эвазига Эрон ядровий қурол ишлаб чиқармаслик мажбуриятини зиммасига олишга келишилгани хабар қилинмоқда.

Шунингдек, 60 кунлик сулҳ даврида Эроннинг халқаро санкциялар доирасида музлатиб қўйилган 24 миллиард долларлик активларини блокдан чиқариш ҳам кўзда тутилгани хабар қилмоқда.

Эрон томони, бу маблағнинг ярмидан кўпи қайтарилса, нефт санкциялари тўхтатилса ва денгиз блокадаси бекор қилинсагина, сулҳ музокараларининг иккинчи босқичини бошлашини билдирган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Исмоил Бақоий, мазкур Ўзаро англашув меморандумига мувофиқ, АҚШ Эронга қарши барча санкциялар, шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг барча санкциялари, Халқаро атом энергияси агентлигининг Эронга тегишли резолюцияларини бекор қилиши шарт, дея таъкидлади.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса, 16 июн кунги брифингда, меморандумдаги “энг муҳим” масала “урушни барча фронтларда, жумладан Ливанда ҳам, дарҳол ва доимий тугатиш" эканини таъкидлади.

Аммо, Исроил АҚШ-Эрон келишувига қарамасдан, Ливан жанубидан қўшинларини олиб чиқмаслигини билдирди.

Исроил сиёсатчилари бу келишувни қоралаб, уни мамлакат хавфсизлиги ва ҳаракат эркинлигига таҳдид солувчи, деб баҳоламоқда. Жумладан, Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир ушбу келишув Исроил учун мажбурий кучга эга эмас, деб баёнот берди:

“Исроил Қўшма Штатларга бўйсунмайди, биз мустақил ва суверен давлатмиз! Биз Исроил фуқаролари, Исроил Мудофаа армияси аскарлари ва яҳудий халқи олдида бурчлимиз. Шунингдек, минг йиллик сургунлик давомида таъқиб қилинган ва ўлдирилган яҳудийлар олдида тарихий бурчимиз бор — Исроил заминида яҳудийлар хавфсизлигини таъминлаш".

АҚШ президенти Трамп эса, 16 июн куншт чиқишида, Нетаняҳу билан қанчалик яхши муносабатда бўлса-да, Исроил раҳбари Ливан масаласида янада “масъулиятлироқ” бўлиши керак, деб таъкидлади.

Душанба куни АҚШ-Эрон ўртасидаги сулҳ келишуви очиқланиши билан Осиё фонд бозорларидаги кўрсаткичларда кескин ўсиш кузатилди - доллар курси ва нефт нархи сезиларли даражада пасайди.

Жанубий Корея фонд бозорининг асосий индекси (KOSPI) савдолар бошида қарийб 5 фоиз, Япониянинг Nikkei фонд индекси 3,4 фоизга ўсди.

Нью-Йорк товар биржасида июл ойида етказиб бериладиган West Texas Intermediate (WTI) маркали нефт нархи тахминан 4 фоизга пасайиб, бир баррели учун қарийб 81 долларни ташкил этди.

Лондоннинг ICE фючерс биржасида эса август ойида етказиб бериладиган Brent маркали нефт нархи бир баррели учун 83 долларга тушди.

Форум

XS
SM
MD
LG