Линклар

Шошилинч хабар
05 Iyun 2026, Тошкент вақти: 23:36

Мирзиёев Петербургда, АҚШ делегацияси Тошкентда: Ўзбекистон қандай мувозанат сақламоқда?

Ўзбекистон ташқи сиёсатида сўнгги кунларда дипломатик ҳаракатлар фаоллашгани кузатилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 4 - 5 июн кунлари Санкт-Петербургда халқаро иқтисодий форумида қатнашиб, Путин билан Ўзбекистондаги атом станцияси қурилишга старт берган бир пайтда Тошкентда АҚШ Давлат департаменти вакиллари билан дипломатик учрашувлар ўтказилди.

АҚШ Давлат котибининг жамоатчилик дипломатияси бўйича ўринбосари Сара Рожерс Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси билан ўзаро алоқалар ва ноқонуний миграцияни муҳокама қилди.

АЭС қурилишига старт берилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни амалий ташриф билан Санкт Петербург шаҳрига борди.

Бу — Ўзбекистон президентининг бир ой ичида Россияга амалга оширган иккинчи сафаридир.

Аввалроқ у 8-9 май кунлари Москвада бўлиб, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда қатнашган эди.

Мирзиёевнинг Россияга бу сафарги ташрифи Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида амалга оширилди.

Энг муҳим масалалардан бири — Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши бўлди.

Иккала президент Константинов саройида видео мулоқот орқали Жиззах вилояти Фориш туманидаги АЭС қурилишига расман старт берди.

“Ушбу лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор энергия манбалари билан таъминлаш ва саноат ривожи учун мустаҳкам пойдевор яратади. Биз замонавий технологиялар ва халқаро хавфсизлик стандартлари асосида янги энергетик инфратузилмани шакллантирмоқдамиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистоннинг Жиззах вилояти Фориш туманидаги қурилиш майдони билан боғланган видеоконференцияда Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаел Гросси видеомулоқот форматида қатнашди.

Гросси лойиҳанинг халқаро хавфсизлик стандартлари асосида амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

“Ядровий хавфсизлик, шаффофлик ва халқаро стандартларга риоя қилиш — бундай лойиҳаларнинг асосий шартидир”, деди Гросси.

Жиззах вилоятида қуриладиган бўлажак атом электр станцияси майдонида илк бетон ишлари жорий йил март ойида расман бошланган. АЭС қурилишини тўлиқ 2035 йилгача якунлаш режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, АЭС лойиҳа қувватига чиққанидан кейин йилига тахминан 15,4 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бу эса республикадаги умумий электр истеъмолининг 15 фоиздан ортиғини қоплаш имконини беради.

Россия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Атом Электростанциясини қуриш режалари 2018 йили президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари мобайнида эълон қилинганди.

Аммо атом электростанциясининг қурилиши атрофида кўплаб хавотирлар юзага чиққани манзарасида лойиҳада бир неча йил илгари силжиш кузатилмади.

Лекин 2025 йили президент Путиннинг Ўзбекистонга яна бир сафаридан сўнг АЭС қуриш масаласи яна кун тартибига қайтди.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши тарафдорлари ҳам, лойиҳага очиқ қарши чиқаётганлар ҳам кўп.

“Ҳақиқатан, "Росатом " Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонни ўз таъсир доирасига тортмоқчи, хусусан, атом станциясини қуриб бериш эвазига”, дейди россиялик ядро физик Андрей Озаровский.

Лойиҳанинг қиймати, радиоактив хавфсизлиги билан боғлиқ саволлар очиқ қолмоқда.

Россия Ўзбекистондаги лойиҳалардан керак бўлган тақдирда сиёсий босим сифатида фойдаланиши эҳтимолидан ҳам хавотирлар бор.

Санкт-Петербург форуми ва Украина дрон ҳужумлари

Санкт-Петербург форумида Ўзбекистон Хитой, Бразилия, Ўзбекистон, Монголия, Лаос, Филиппин ва бир қатор бошқа давлатлар делегациялари қатнашди.

Россия ғарб санкцияларига қарамай Санкт Петербург форумини ўтказиб келади.

Бироқ сўнгги йилларда Ғарб давлатлари ва йирик компанияларининг иштироки сезиларли даражада камайган.

Бу йилги энг нуфузли меҳмонлар орасида Саудия Арабистони Энергетика вазири шаҳзода Абдулазиз бин Салмон иштирок этди.

Шунингдек, турли хил шахслардан ташкил топган америкалик иштирокчилар гуруҳи ҳам бўлди. Улар орасида собиқ Ҳолливуд юлдузи Стивен Сигал ва ўнг қанот фаоли Кэндис Оуэнс бўлди.

Кремл маълум қилишича, форумда АҚШдан Оқ уйдаги заллардан бирини безаш ишларига масъул “Нафис санъат комиссияси” раҳбари Родни Мимс Кук Жуниор қатнашган.

У 2018 йилдан бери форумда иштирок этаётган биринчи амалдаги АҚШ расмийси бўлди.

Форум арафасида тадбирга мезбонлик қилаётган Санкт Петербург Украина дрон ҳужумига тутилди.

АҚШ делегацияси билан учрашувлар

Айни пайтда Ўзбекистон раҳбарининг Россияга сафари арафасида АҚШнинг нуфузли делегацияси Тошкентда бўлди.

АҚШ Давлат департаментининг жамоатчилик дипломатияси бўйича ўринбосари Сара Рожерс 2 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашди. Вазир ушбу музокараларни “самимий ва сермаҳсул” деб баҳолади.

“Музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишлари, хусусан таълим, маданият, ахборот алмашинуви ҳамда жамоатчилик дипломатияси масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу ташриф Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда икки халқ ўртасидаги ўзаро англашувни кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирилди”, деб ёзди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов X тармоғида.

Расмий баёнотларга кўра, АҚШ томони билан:

  • таълим соҳасида ҳамкорлик,
  • маданий алмашинув,
  • ахборот ва медиа соҳаси,
  • жамоатчилик дипломатияси

каби йўналишларни муҳокама қилинган.

Сара Рожерс АҚШ ташқи сиёсатининг айнан “public diplomacy” — жамоатчилик дипломатияси йўналиши учун масъул амалдорларидан бири ҳисобланади.

Ташриф давомида Сара Рожерс X ижтимоий тармоғида Тошкентдан сурат жойлаб:

“Кариб оролларими? Йўқ, бу — Ўзбекистон!” деб ёзди.

Бу АҚШ юқори мартабали мулозимининг Ўзбекистон ҳукумати тарғиб қилаётган Янги Ўзбекистон қиёфасига берган баҳоси сифатида қабул қилинмоқда.

Сара Рожерс ташрифи пайтида, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича икки томонлама ишчи гуруҳ йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев миграция масалалари бўйича музокаралар ўтказди.

Сўнгги йилларда АҚШда ноқонуний миграцияга қарши сиёсат кучайиши фонида ўзбекистонлик муҳожирлар масаласи ҳам тез-тез муҳокама қилинмоқда. Айниқса, миграция қоидаларини бузган ёки визаси муддати тугаган фуқароларни депортация қилиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

АҚШ ҳукумати ноқонуний миграцияга қарши курашни миллий хавфсизлик ва ички тартиб масаласи сифатида кўрмоқда. Шу сабабли миграция назорати, депортация жараёнлари ва виза текширувлари кучайтирилган.

2025 йил сентябрида 39 нафар Ўзбекистон фуқароси АҚШдан чиқариб юборилди.

2026 йил март ойида эса яна 72 нафар ўзбекистонлик депортация қилингани хабар қилинди.


Форум

XS
SM
MD
LG