Латвия расмийси Москва иттифоқчиси Беларусь билан чегараларида дронлар учиб киришига жавобан анти‑дрон мудофаасини кучайтирмоқда, деб билдирди.
Сўнгги ҳафталарда Украина дронлари НАТОнинг Болтиқ давлатлари ҳаво ҳудудига адашиб кириб қолди, бу эса Россия билан муносабатларда англашилмовчилик ва тарангликни оширди.
Шу билан бирга, АҚШнинг НАТО жамоавий хавфсизлигига бўлган мажбурияти ҳам савол остида қолмоқда.
Россиянинг Болтиқ бўйидаги нефть юклаш портларини нишонга олаётган Украина, ўз дрон сигналларига Россия томонидан берилган тўсқинликлар уларнинг йўналишдан оғишига сабаб бўлганини айтди.
- Биз яқин ҳафталарда мажбурий тутувчи гуруҳларни жойлаштиришни режалаштиряпмиз. Шунингдек, ҳозир ишлаб чиқилаётган баъзи қуролларни оммага кўрсатишни ҳам режалаштиряпмиз, масалан автоматик турретлар. Агар Латвия мудофаа вазирлиги саҳифасини кузатсангиз, баъзи фотолар ва маълумотларни кўришингиз мумкин. Шунингдек, биз узоқдан бошқариладиган пулемёт турретларини ҳам оммага намойиш қиламиз, дейди Латвия армияси автоном тизимлар маркази раҳбари Модрис Кайрисс.
Унинг айтишича, бу гуруҳлар 4 нафаргача ҳарбийдан иборат бўлади, махсус транспорт воситасида ҳаракатланади ва 10 км радиусда кириб келаётган ҳарбий дронларни йўқ қилувчи дронлар билан жиҳозланади.
Латвиянинг Россия ва Беларусь билан тахминан 400 кмлик чегараси бўйлаб бундай гуруҳлар сони қанча экани аниқ эмас.
Reuters мухбирлари билан НАТО дастури доирасида янги дрон технологиялари синаб кўрилаётган ҳарбий полигонда мулоқот қилган Кайрисснинг айтишича, тинчлик даврида ҳарбий дронларни уриб тушириш мураккаб, чунки НАТО давлатларида радар маълумотлари махфий ҳисобланади ва уларни дронлар билан курашувчи ҳарбийлар билан бўлишиш қийин.
Кайрисс таъкидлашича, Латвия армияси ва умуман НАТО учун яна бир катта муаммо — кичик дронлардан фойдаланишнинг кенгайиб бораётганидир.
Украинадаги урушда дронлар арзон, аммо кучли қурол сифатида муҳим аҳамият касб этди ва бу бутун дунёда янги технологиялар уйғунлиги бўйича рақобатни кучайтирмоқда.