Линклар

Шошилинч хабар
21 May 2026, Тошкент вақти: 21:03

Reuters: Хитой ҚК 200 нафар россиялик ҳарбий хизматчини махфий равишда тайёрлаган

Европанинг учта разведка хизмати ва Reuters кўрган ҳужжатларга кўра, Хитой Қуролли Кучлари ўтган йил охирида Хитой ҳудудида тахминан 200 нафар россиялик ҳарбий хизматчини махфий равишда тайёрлаган.

Улардан айримлари кейинчалик Украинадаги жангларда иштирок этиш учун қайтиб кетган.

Хитой ва Россия 2022 йилда Москва Украинага тўлиқ кўламли бостириб кирганидан бери бир қатор қўшма ҳарбий машқлар ўтказган бўлса‑да, Пекин можарода нейтрал эканини қайта‑қайта таъкидлаб келади ва ўзини тинчлик воситачиси сифатида кўрсатиб келмоқда.

Reuters маълум қилишича, асосан дронлардан фойдаланишга қаратилган ушбу махфий тайёргарлик машғулотлари 2025 йил 2 июль куни Пекинда Россия ва Хитойнинг юқори лавозимли ҳарбий офицерлари томонидан имзоланган келишувда баён этилган.

Reuters кўриб чиққан келишувга кўра, тахминан 200 нафар россиялик ҳарбий Пекин ва шарқий Нанкин шаҳрини ўз ичига олган бир қатор жойлардаги ҳарбий объектларда тайёргарликдан ўтиши керак бўлган. Манбаларга кўра, шунга яқин миқдордаги россияликлар ҳақиқатан ҳам Хитойда тайёргарликдан ўтган.

Келишувда, шунингдек, юзлаб хитойлик ҳарбийлар Россиядаги ҳарбий объектларда тайёргарликдан ўтиши ҳам қайд этилган.

Кремль Reuters’нинг Хитой армияси ўтган йил охирида Хитойда тахминан 200 нафар россиялик аскарни махфий тайёрлагани, улардан айримлари кейин Украинада жанг қилгани ҳақидаги хабари ёлғон эканини билдирди.

- Йўқ, бу ҳақда изоҳ бермайман. Европа ва АҚШ матбуоти жуда кўп ёлғон маълумотларни чоп этади. Бу биз дуч келаётган муаммо ва бундай маълумотларни қабул қилишда жуда эҳтиёткор бўлиш керак, деди Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков.

Хитой раиси Си Цзиньпин ва Россия президенти Владимир Путин шу ҳафта Хитойда бўлиб ўтган учрашувда Украина бўйича тинчлик саъй‑ҳаракатларини муҳокама қилган.

XS
SM
MD
LG