Андижонда содир бўлган қонли воқеалардан 21 йил ўтди.
Юзлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган намойишларнинг куч билан бостирилиши бўйича мустақил тергов мустақил текширув ўтказиш чақириқлари ҳамон эътиборсиз қолмоқда.
Озодлик билан суҳбатлашган ушбу воқеанинг айрим гувоҳлари ва қурбонлар яқинлари ҳали ҳам қўрқув ва босим остида яшаб келаётганини айтишмоқда.
Ҳукуқ ҳимоячиларига кўра, 2005 йил май ойидаги намойиш иштирокчилари таъқиб, қамоқ ва қийноқларга дуч келмоқда.
Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Норвегия Хельсинки қўмитаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти ушбу фожиали воқеаларнинг 21 йиллиги муносабати билан мустақил тергов ўтказиш, қурбонлар учун адолат ва товон таъминлаш чақириқларини яна бир бор такрорлади.
Минглаб киши асосан тинч намойишчилар Андижондаги Бобур майдонига йиғилган.
Улар Ўзбекистонда тақиқланган норасмий “Акрамия” исломий ҳаракатига алоқадорликда айбланган 23 нафар маҳаллий тадбиркор қамалганидан норози.
Шу билан бир вақтда зўравонлик ҳам авж олган. 13 майга ўтар кечаси қуролланган бир гуруҳ Андижон яқинидаги милиция бўлимига ҳужум қилиб, бир нечта хавфсизлик ходимларини ўлдирган.
Қуролларни қўлга киритгач, улар қамоқхона томон йўл олиб, маҳбусларни озод қилган ва кейин шаҳар марказига келишган.
Эртаси куни шаҳар бутунлай тартибсизликка ғарқ бўлган. Ҳукумат куч ишлатар тузилмаларни жалб қилган ва улар одамларга палапартиш ўқ узган.
Кейинчалик ҳуқуқ ҳимоячилари бу воқеаларни “Андижон қирғини” деб аташди.
Юзлаб аҳоли ўлим хавфидан қочиб, қўшни Қирғизистонга ўтди.
Қочиб қутула олмаганларнинг кўпчилиги ҳибслар, жиноий айбловлар ва қамоқ жазосига дуч келишган.
Расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган. Аммо гувоҳлар ва мустақил манбалар қурбонлар сони бундан анча кўп — бир неча юз нафар эканини айтиб келишади.
Шу кунгача Ўзбекистон ҳукумати воқеалар ҳақиқатини аниқлаш учун мустақил халқаро тергов ўтказилишига рухсат бермаган.
“Андижон фожиаси Ўзбекистон учун ҳали ҳам битмаган яра бўлиб қолмоқда. Ҳақиқат, жавобгарлик ва қурбонлар учун адолатни таъминлаш ўрнига, ҳукумат ҳали ҳам тирик қолганлар, гувоҳлар ва воқеаларга алоқадор деб ҳисобланган шахсларга нисбатан репрессив ёндашувни сақлаб келмоқда. 21 йил ўтган бўлса-да, мустақил терговнинг йўқлиги жазосизлик муҳитини кучайтирмоқда ва суд тизимига бўлган ишончни сусайтирмоқда”, дейди Атаева.
2005 йил май воқеаларидан кейин кўплаб одамлар сиёсий мотивлар билан ўтказилган суд жараёнлари орқали айбдор деб топилиб, узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинган. Бироқ сўнгги йилларда ҳам янги ҳукмлар чиқарилмоқда.
2023 йил январь ойида Муҳаммадвали Қаюмов Андижон воқеаларига алоқадорлик айбловлари билан 15 йилдан ортиқ муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
У Швецияда сиёсий бошпана олиб олти йил яшаган эди. 2022 йил март ойида у Швециядаги Ўзбекистон элчихонаси томонидан қайтиши хавфсиз экани ҳақида берилган дипломатик кафолатларга ишониб, Ўзбекистонга қайтган.
Тўрт ойдан кейин у ҳибсга олинди. Дастлаб унга безорилик айби қўйилган бўлса, кейинчалик терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилиш, жиноий ташкилотда иштирок этиш ва тақиқланган “Акрамия” диний ташкилотига аъзолик каби айбловлар қўшилди. 2023 йил 5 январда у 15 йил 6 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Андижонлик Муҳаммадвали Қаюмов фожиали воқеалардан кейин туғилган шаҳри Андижонда қолган.
Қариндошларининг айтишича, у ҳеч қаерга қочишни режалаштирмаган. Ўша пайтда 29 ёшида бўлган Қаюмов тартибсизликлардан уч кун олдин Россиянинг Иваново шаҳридаги ишдан қайтган эди.
“У доим “ҳеч қандай зўравонлик қилмаганман, қўлларим қонга ботмаган”, дерди. Аммо у адашган экан, чунки шу воқеалардан кейин унинг ҳаёти даҳшатга айланди”, дейди Қаюмовнинг қариндоши.
Яқинларининг сўзларига кўра, Қаюмов эски танишлари сабаб таъқибга учраган. У қамалган 23 тадбиркорнинг айримларини у болалигидан танирди. Россияга кетишидан олдин эса тергов органлари “Акрамия” гуруҳига алоқадор кўрган қурилиш компаниясида ишлаган.
Қариндошининг айтишича, 2005 йилдан 2010 йилгача Қаюмов доимий тергов босими остида бўлган. Уни қайта-қайта сўроққа чақиришган, жисмоний зўравонлик, таҳдид ва руҳий босим орқали ўзини айблашга ва бошқаларга қарши ёлғон кўрсатма беришга мажбур қилишган.
2010 йилда уни тўсатдан сўроққа чақиришни тўхтатишган. Қариндошининг айтишича, унга президент Ислом Каримов томонидан “афв этилгани” айтилган, аммо ҳеч қандай расмий ҳужжат берилмаган.
Шундан сўнг, таъқиб қайта такрорланишидан қўрқиб, Қаюмов Қирғизистонга кетган. БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги ёрдамида у Туркия орқали Швецияга ўтказилган ва у ерда бошпана сўраган.
Қаюмов олти йил давомида Швецияда яшаган ва хотини ҳамда фарзандларини олиб келишга ҳаракат қилган, аммо бу уринишлари муваффақиятсиз тугаган.
2016 йилда президент Ислом Каримов вафот этди. Ҳокимиятга сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар йўлини эълон қилган Шавкат Мирзиёев келди.
У чет элда яшаб турган ва оғир жиноят содир этмаган ватандошларни ватанга қайтишга чақириб, улар таъқиб қилинмаслигига кафолат берган.
Оиласидан узоқда яшашдан чарчаган Муҳаммадвали 2022 йилда Стокгольмдаги Ўзбекистон элчихонасига мурожаат қилади. Қариндошларига кўра, унга қайтгани тақдирда ҳеч қандай хавф йўқлиги айтилди. Хотинига ҳам Андижонда худди шундай кафолат берилган.
2022 йил март ойида Қаюмов ватанга қайтди.
“У паспорт назоратидан ҳеч қандай муаммосиз ўтди ва кейинги тўрт ой давомида оиласи билан бирга яшади. Ҳеч қандай таъқиб ёки чеклов бўлмади”, дейди қариндоши.
Бироқ тўрт ойдан кейин — 1 июль куни Муҳаммадвали Қаюмов “безорилик” гумони билан қамоққа олинди.
Ноябрь ойида унга бир вақтнинг ўзида бир нечта модда бўйича айблов қўйилди: “Терроризм”, “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз”, “Конституциявий тузумга қарши ўта оғир жиноятлар”, “Жиноий уюшма ташкил қилиш”, “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш”.
2023 йил 5 январда суд Қаюмовни “Акрамийлар”га алоқадорлик ва “оммавий тартибсизликларда иштирок” қилишда айбдор деб топди. Айблов томони бу билан Андижон воқеаларини назарда тутган. У 15 ярим йил қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди.
Қаюмовнинг қўлёзма апелляция шикоятида у айбини тан олмагани ва ҳукмга норозилик билдиргани айтилади.
“Суд Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги менга қарши жиноий иш қўзғатмагани, мен қидирувда бўлмаганим ва энг муҳими — Ўзбекистонга ўз хоҳишим билан қайтганим ҳақидаги расмий маълумотномаларни инобатга олмади”, — деб ёзган у.
Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” уюшмаси раҳбари Надежда Атаева Қаюмов ишини ўрганиб чиққан ва таъқиб қонунийлигига жиддий шубҳа билдирган.
Унинг таъкидлашича, асосий айблов “Акрамийлар”га алоқадорлик билан боғлиқ, аммо бу ташкилот Ўзбекистонда фақат 2016 йилда расман тақиқланган.
“Муҳаммадвали Қаюмовга қўйилаётган асосий айблов унинг Акрамийлар ташкилотига эхтимолий аъзолиги. Аммо бу ташкилот Ўзбекистонда 2016 йилда тақиқланган. Ташкилот расман тақиқланишидан олдинги фаолият учун инсонни “тақиқланган ташкилот” аъзоси деб айблаш халқаро ҳуқуқ тамойилларига зид”, дейди Атаева.
Унинг фикрича, айбловлар асосан Қаюмовнинг танишлари ва диний алоқаларига қурилган бўлиб, аниқ жиноий ҳаракатлар исботланмаган.
“Муҳаммадвали Қаюмовнинг жиноят ишида унинг ноқонуний ҳаракатларини исботловчи конарет исбот йўқ. Асосий урғу унинг таржимаий холи, атрофидаги одамлар ва диндорлар билан алоқаларига қаратилган. На айблов хулосасида, на суд ҳукмида Қаюмовнинг шахсан зўравонлик қилгани, қурол ишлатгани ёки террорчилик ҳаракатларини тайёрлагани ҳақида ишончли далиллар келтирилмаган”, қўшича қилади Атаева.
Шунингдек, Атаева Қаюмовнинг аввал “безорилик” бўйича ҳибс қилиниб, қисқа вақтдан кейин оғир терроризм айбловлари қўйилганига эътибор қаратади. Бу эса иш сохталаштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақида асосли шубҳалар уйғотади.
Атаеванинг фикрича, 2005 йил воқеалари билан боғлиқ репрессив сиёсат ҳанузгача давом этмоқда ва ватанга қайтган қочқинлар бир-бирига қарши кўрсатма беришга мажбур қилинмоқда.
Қайтиб келган бошқа қочқинлар ҳам таъқиб қилинган
Муҳаммадвали Қаюмов ватанга қайтиб таъқибга учраган ягона андижонлик эмас.
2010 йилда Австралиядан Ўзбекистонга қайтган Дилором Абдуқодирова 10 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Amnesty International тадқиқотчиси Анна Нейстат унинг судда ҳолсиз ва юзида кўкаришлар билан кўринганини, қамоқда қийноққа солинганини айтган.
Абдуқодирова Ислом Каримов вафотидан кейин, Шавкат Мирзиёев имзолаган афв фармони асосида озод қилинган.
2017 йилда АҚШдан қайтган 76 ёшли Нажмиддин Умаров ҳам аэропортда ушланиб, уч соат сўроқ қилинганидан кейин қўйиб юборилган.
АҚШда 12 йил муҳожирликда яшаши ортидан Ўзбекистонга қайтган Нажмиддин Умаров 2025 йилнинг декабр ойида Андижонда вафот этган.
Human Rights Watch маълумотларига кўра, 2005 йил май воқеаларидан кейин Қирғизистонга тахминан 500 киши қочган, уларнинг 400 дан ортиғи учинчи давлатларда бошпана олган. Кейинчалик айримлари ихтиёрий равишда Ўзбекистонга қайтган.
HRW қайтган қочқинларнинг кўпчилиги сўроқ, босим ва узоқ муддатли қамоқ жазосига дуч келганини билдирган.
2017 йилдан кейин андижонлик қочқинларнинг Ўзбекистонга ихтиёрий қайтиши деярли тўхтаган.
АҚШда яшовчи Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолифатчи ва публицист Жаҳонгир Муҳаммад бу ҳолатни Андижонда юзлаб одамларнинг ҳалокати учун масъул бўлганлар ҳалигача жазоланмагани ва ҳокимиятнинг энг юқори лавозимларида ўтиргани билан боғлайди.
"Шавкат Мирзиёев ўша пайтда бош вазир эди. Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Закир Алматов юзлаб тинч намойишчиларни ўққа тутиш ҳақидаги буйруқни бажарган, бугун эса ИИВ раҳбарининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади. У ҳали ҳам вазирликдаги кадрлар сиёсатига таъсир кўрсатади, ҳатто амалдаги вазир ҳам унинг кадри ҳисобланади. У аслида ички ишлар вазирлигининг ҳақиқий эгаси. Бундан ташқари, президент Мирзиёевнинг қудаси Ботир Турсунов ўша йилларда терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Андижон воқеалари учун масъул бўлган барча амалдорлар ҳозир ҳам ҳокимият тепасида турибди", — дея хулоса қилади Жаҳонгир Муҳаммад.
Форум