Ўзбекистонда мажбурий рақамли маркировка тизими бизнес харажатларини ошириб юборгани ва ягона оператор — CRPT Turon нинг етакчи мавқеи сабаб танқидларга учрамоқда. Расмийларга кўра, тизим контрафакт маҳсулотларга қарши курашиш ва “соя иқтисодиёти”ни қисқартиришга хизмат қилади. Аммо тадбиркорлар мажбурий маркировка кодлари, сканерлар ва ускуналар ишлаб чиқарувчилар, сотувчилар ва истеъмолчилар харажатларини ошираётганини айтмоқда. Танқидчилар эса нега барча ишлаб чиқарувчилар кодларни фақат битта ширкатдан сотиб олишга мажбур эканини савол остига қўйиб, бу ҳолатни монополия ва Кремлга яқин деб қараладиган Россиянинг “Честный знак” тизимига ўхшатмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда рақамли маркировка тизими иқтисодий ва бизнес муҳокамаларининг энг баҳсли мавзуларидан бирига айланди.
Ўзбекистонда маркировка тизимини амалга ошираетган CRPT Turon “Asl Belgisi” бренди асосида ишлайди ва ҳар бир маҳсулотга махсус DataMatrix коди қўйилишини назорат қилади.
Маркировка талаби айниқса салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчи кичик корхоналар фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани айтилади.
"Сув, ичимликлар қимматлаб кетган, кўпчилик сотмай қўйган. Чунки, маркировкаси бўлмаса штрафга босиб ташлаяпти. Оддий будка эгаси ҳам сув сотиш учун маркировкани минг долларга сотиб олиши керак, шунинг учун сотишмаяпти", - дейди андижонлик тадбиркор Ҳаётулло Байбаев.
Баъзи ширкатлар маркировка жорий қилиниши ортидан фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
“Филтрланган сув ишлаб чиқарамиз. Ҳозир маркировка сабаб тўхтатиб ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйганмиз. Чунки кунига 50 мингта сув чиқарсак 3 миллион 800 минг сўм қўшимча ҳаражат бўляпти, ойига 115 миллион сўм тўлашга мажбур бўляпмиз. Гап бу ҳаражатларда ҳам эмас. Муаммони яна бир тарафи агар маркировка наклейкаси сал нотўғри ёпишиб қолса ҳам катта жаримага тортилишимиз хавфи бор”, - дейди исми очиқланмаслигини истаган фарғоналик тадбиркор.
Маркировка нима?
Оддий қилиб айтганда, маркировка — товарнинг рақамли “паспорти”. Ҳар бир маҳсулотга уникал код берилади ва унинг ҳаракати:
- ишлаб чиқарувчидан,
- омборга,
- дўконгача
электрон тизим орқали кузатиб борилади.
Ҳукумат фикрича, маркировка:
- сохта маҳсулотларни камайтиради,
- солиқдан қочишни қисқартиради,
- истеъмолчилар хавфсизлигини оширади.
Ўзбекистонда тамаки, алкоголь, дори воситалари, маиший техника ва бошқа айрим товар турларини QR-код ёки махсус рақамли белги орқали кузатиб боришни назарда тутувчи маркировка тизими 2021 йилдан бери амалда.
Шу йилнинг 1 апрел кунидан эса ҳукуматнинг ичимлик суви ва салқин ичимликлар учун ҳам тўлиқ мажбурий маркировка жорий қилиш режаси бу талабга бизнес тайёр эмаслиги сабабли кечиктирилди.
2026 йил 7 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишда бозорнинг қарийб 90%ини назорат қиладиган 10 та йирик ишлаб чиқарувчининг ярми маркировкалаш тизимига тайёр эмаслиги таъкидланди.
Лекин ичимлик суви маркировкаси масаласида тизим тўлиқ бекор қилинмаган, бизнес тайёр бўлмагунча уни кечиктириш кераклиги айтилган.
Ўзбекистон ҳукумати расмийлари маркировка тизимига солиқ тушумларини ошириш, маҳсулотларни рақамли назорат қилиш уларнинг қалбакилаштирилиши олдини олиш ва “соя иқтисодиёти”ни қисқартириш мақсадида қўл урилганини айтишади.
Нега баҳслар кучайди?
Маркировка атрофидаги асосий баҳс — унинг бизнесга тушаётган харажатлари ва бозорда ягона оператор мавжудлиги билан боғлиқ.
Амалиётда маркировкалаш тизими қатор муаммоларни келтириб чиқарган.
“Афсус одамларни фойдаси деб қилинган нарса аслида одамларга қийинқилик туғдиряпти. Фақат солиқчиларга фойда, қолганларга фойдаси йўқ. Истеъмолчи ҳеч нарса ютмаяпти”, дейди собиқ депутат Расул Кушербоев.
Ўзбекистондаги алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчилар уюшмаси вакили Музаффар Солижонов янги маркировка тизимининг ишлаб чиқаришга салбий таъсири ҳақида бахс қилади.
“Ҳали маркировкани тез ёпиштириб берадиган ускана ҳам келгани йўқ, мана шу ёрлиқ ёпиштириш ишлаб чиқаришни 30 воизга тушириб юборяпти. Агар наклейка нотўғри ёпишиб қолса бошқатдан қилишга тўғри келади. Самапрадорликни пасайтиради, қўшимча ишчи кучи талаб қилади”, дейди Солижонов.
Ишлаб чиқарувчилар ҳар бир маҳсулотга махсус код олиш, уни тизимга киритиш, техник ускуналар харид қилиш ва дастурий таъминотдан фойдаланиш кичик бизнес учун анча қимматга тушишини айтишади.
Маркировка қоидалари бузилса, жарималар асосан товарни маркировкасиз ёки нотўғри маркировка билан муомалага чиқариш ҳолатларига қўлланилади.
Айниқса, маҳаллий кичик корхоналар бу талабларга тез мослаша олмаяпти. Тизим жорий этилиши баъзи тадбиркорлар маҳсулот таннархини оширишга мажбур бўлмоқда.
Бу эса охир-оқибат оддий истеъмолчилар чўнтагига зарар бўлмоқда.
Монополия
Танқидчиларнинг асосий саволи — нега бутун тизим фақат битта оператор орқали ишлаяпти?
Ҳозирда Ўзбекистонда маркировка тизими ягона оператор модели асосида ташкил қилинган. Бу эса айрим иқтисодчилар ва тадбиркорларда “монополия” ҳақидаги баҳсларни кучайтирмоқда.
Маркировка тизими ишлаб чиқарувчилардан ҳар бир махсулот учун ёрлиқни 68 сўмдан, бунга ҚҚС солиғи қўшилса 78 сўмдан сотиб олишни тақазо қилади.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил, 23 январдаги 23-сонли қарорига кўра, Ўзбекистондаги барча ишлаб чиқарувчилар ёрлиқни фақат битта ширкат - CRPT Turon номли Масъулияти чекланган жамиятдан сотиб олишлари керак.
Кўпчилик эътиборини тортган яна бир жиҳат — Ўзбекистон тизимининг Россиядаги “Честный знак” моделига ўхшашлигидир.
Россиядаги маркировка оператори CRPT ҳисобланади. Ўзбекистондаги тизим ҳам худди шундай рақамли кузатув модели асосида қурилган.
CRPT Turon компаниясининг ягона таъсисчиси — DIGITAL HOLDING MCHJ QK экани очиқ реестрларда кўрсатилган.
Шунингдек, компаниянинг расмий баёнотида “Digital Holding” қўшма корхонасининг 49% улуши Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига, қолган улушлари эса хусусий акциядорларга тегишли экани айтилган.
Тахлилчиларга кўра, Ўзбекистон ўз маркировка тизимини йўлга қўйишда Россия моделини танлаган бўлиши мумкин.
Мутахассисларга кўра, ҳар икки ширкат маркировка тизими бир хил технология асосида қурилган. DataMatrix, кузатув ва база архитектураси ўхшаш, тажриба ва стандартлар асосан Россиядан адаптация қилинган.
Маркировка тизими Ўзбекистонда ҳозирда вақтинча тўхтатилганига қарамасдан тизим атрофидаги баҳслар ҳам ҳали тўхтагани йўқ.
Мутахассислар тизимнинг самараси унинг бизнес учун қанчалик қулай ва шаффоф ишлашига боғлиқ бўлишини айтишади.
Форум