Линклар

Шошилинч хабар
15 март 2026, Тошкент вақти: 00:38

Рақамли цензура? Минтақа фаоллари тармоқлардаги назоратдан норози

Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Марказий Осиёда ижтимоий тармоқлар нафақат мулоқот, балки рақамли назорат воситаси сифатида ҳам қўлланилаётгани кузатиляпти.

Сўнгги ойларда Ўзбекистон ва Қозоғистонда айрим фаоллар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ёзган постлар оммавий шикоятлар орқали ўчирилиб, каналлар блокланди. Қирғизистонда эса журналистлар ижтимоий тармоқлардаги фикри учун судланганлар сони ортиб бораётганини ёзмоқдалар.

Қозоғистон: “Giorgio Armani” шикоятлари ортидан оммавий ўчиришлар

Meta компаниясига қарашли Facebook ва Instagram платформаларида Қозоғистонда 15 мартдаги референдумга олиб чиқилаётган Конституция лойиҳасини танқид қилган бир қатор фуқаролар ва журналистларнинг постлари ўчирилган.

“Озодлик Осиё” маълумотларига кўра, контентлар “товар белгиси ҳуқуқини бузиш” асосида блокланган. Шикоятларни “Giorgio Armani” номи билан рўйхатдан ўтган аккаунт юборган. Аммо аккаунт эгасининг шахси очиқ эмас.

Жумладан, Respublika.kz нашрининг Facebook ва Instagram саҳифаларидаги материаллари 7 мартдан ўчирила бошлаган. Таҳририят муаллифлик ҳуқуқлари бузилмаганини маълум қилган бўлса-да, уларга нисбатан 167 та шикоят юборилган ва натижада ҳатто ўтган йил декабригача бўлган постлар ҳам ўчирилган. Бош муҳаррир Ирина Петрушованинг ҳам шахсий постлари блокланган.

“Асосан постларим визуал материалларсиз, фотосиз эди. Товар белгиси бўйича шикоятлар жуда кулгили кўринади. Ҳатто ҳазил қилиб “Агар мушукчалар ҳақида ёзсам ҳам ўчиришадими?” деб пост қолдирдим. Уни ҳам жуда тез ўчиришди” – дейди Петрушова.

Meta компаниясининг таҳририятга юборган ёзма жавобида контентни тиклаш учун шикоятчи билан бевосита келишиш ёки апелляция тартибидан фойдаланиш мумкинлиги айтилади.

Шу билан бирга, Jurttyn Balasy канали муаллифи Мурат Данияр ва журналистлар ҳимояси билан шуғулланувчи адвокат Мурат Адамнинг постлари ҳам ўчирилган.

Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Қозоғистон ҳукумати оммавий ўчиришлар юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

2025 йил майида маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Meta’нинг давлат сиёсати директори Сарим Али Азиз билан учрашган. Вазирлик маълум қилишича, ўтган йилнинг беш ойида Facebook ва Instagram’да 7,5 мингдан ортиқ пост қонунбузарлик сифатида ўчирилган.

Meta’нинг Community Standards ва Transparency ҳисоботларида қайд этилишича, платформа контентни сунъий интеллект тизимлари ва модератор ходимлар орқали текширади. Муаллифлик ва товар белгисига оид шикоятларда ҳуқуқий хавфни камайтириш мақсадида контент дастлаб вақтинча чекланиши мумкин. Қарор устидан апелляция бериш тартиби мавжуд.

“Озод Европа/Озодлик радиоси” (RFERL) медиа-платформалар бўйича мутаҳассиси Катерина Таликова ўчирилган контент ёки каналларни қайта тиклашдаги техник масалалар бўйича бундай дейди:

“Эътирозлар кўп бўлса, уларга қарши шикоят аризаси юбориш ҳам қийинлашади. Биттасига жавоб берсанг, яна бошқаси чиқади. Тизимда носозлик юзага келиши, шикоятни ўз вақтида юборолмаслик ва натижада аккаунт ўчирилиши мумкин. Бу ҳолат кўпинча “копирайт троллинг” тактикаси, яъни қоидаларни бузиш баҳонасида контентга оммавий шикоятлар юбориш билан боғлиқ. Бундай вазиятда Meta канални ёки саҳифани вақтинча тўхтатиши, баъзан бутунлай блоклаши мумкин. Нияти бузуқ фойдаланувчилар юзлаб эътирозлар юборади ва уларни реал вақтда рад этиш қийин. Алгоритм инсон эмас, у хато қилиши ёки техник носозликка учраши мумкин. Бу эса жиддий оқибатларга, ҳатто аккаунтни йўқотишга олиб келади. Платформалардаги ёрдам хизмати орқали аккаунтни тикласа бўлади, аммо бу узоққа ва чўзиладиган жараён. Шунинг учун Meta’да аккаунтни тиклаш одатда қийин кечади”.

Ўзбекистон: танқидий овозлар нишон остида?

Ўзбекистонда эса оммавий шикоятлар кўпинча ҳуқуқбон ва фаолларнинг контентига йўналтирилиши айтилади. Охирги ойларда Фейсбукдаги постлари ўчирилгани ёки огоҳлантириш берилганини билдирганлар орасида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Надежда Атаева ҳам бор.

“Ўзбек ижтимоий тармоқлари жамоатчилик фикри ва сиёсий назорат учун муҳим майдонга айланиб, сезгир мавзуларда бу айниқса яққол кўринмоқда. Яқинда Саида Мирзиёеванинг (Президентнинг тўнғич қизи, Президент администрацияси раҳбари - таҳририят) интервьюси ҳам кенг баҳсларга сабаб бўлиб, қўллаб-қувватлаш, танқид ва ижтимоий муаммоларга оид таклифларни юзага чиқарди. Интернет фойдаланувчилари қишда газ ва электр таъминотидаги муаммоларни алоҳида таъкидладилар. Муҳокама уч ҳафта давом этди, аммо илк соатларданоқ шикоятлар, салбий изоҳлар ва танқидий постларни чеклаш уринишлари кузатилди” – дейди Атаева.

Фаолиятини Францияда туриб юритувчи ҳуқуқбоннинг айтишича, 2026 йилнинг январида унинг бошқарувидаги “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ташкилотининг YouTube видео хостинг платформасидаги канали ва шахсий аккаунти оммавий шикоятлар асосида блокланган. Шунингдек, Атаева Facebook’даги эски ва янги постларига шикоятлар кескин кўпайиб, тажовузкор изоҳлар фаоллашганини таъкидлайди:

“Аккаунтларни блоклаш ва ижтимоий тармоқлардаги ҳужумлар кўп ҳолларда қоидаларнинг ҳақиқий бузилиши билан эмас, балки ташкил этилган ахборот операциялари ёки буюртма асосидаги босим кампаниялари билан боғлиқ бўлади. Улар танқидий овозларни жамоатчилик орасидан сиқиб чиқаришга қаратилган. Бугун бундай амалиёт журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва суриштирув лойиҳаларига босим ўтказишнинг кенг тарқалган усулларидан бирига айланмоқда”.

Ўзбекистон ҳукумати одатта бу каби танқидларга муносабат билдирмайди.

Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Қирғизистон: тармоқдаги фикр учун жавобгарлик

Қирғизистонда эса ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга нисбатан қаттиқ чоралар қўлланилаётгани кузатилмоқда.

13 март куни таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Толоқан Исмоилова ва эколог-фаол Бермет Борубаева Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасида қарийб олти соат сўроқ қилингани маълум бўлди. Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, улар ижтимоий тармоқлардаги фикрлари сабабли сўроққа чақирилган. Бу маълумотни милициянинг матубот хизмати ҳам тасдиқлаган.

“Озодлик”нинг қирғиз хизмати хабарига кўра, мамлакатда 2020 йилдан буён ижтимоий тармоқларда фикр билдиргани, изоҳ ёзгани ёки бошқаларнинг пости билан ўртоқлашгани учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга чақирилган, жиноий иш қўзғатилган ёки қамалганлар сони ортиб бормоқда.

Бундай ҳолатларда кўпинча Жиноят кодексининг “Оммавий тартибсизликка чақириш”, “Ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро адоват қўзғатиш”, “Ҳокимиятни куч билан эгаллашга уриниш”, шунингдек “Экстремистик материалларни тарқатиш” каби моддалар асосида иш очилади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ушбу моддалар амалда ҳокимиятни танқид қилувчиларга қарши восита сифатида қўлланилмоқда. Аммо мамлакат расмийлари Қирғизистонда сўз эркинлиги таъминланганини таъкидлаб келади.

Сурат иллюстрация учун ишлатилди.
Сурат иллюстрация учун ишлатилди.

Координацияланган шикоятлар: рақамли цензуранинг янги механизми

Интернет платформаларидаги каналларни ёки саҳифаларни блоклаш, контентларни ўчириш амалиёти халқаро медиа тадқиқотларида “координацияланган шикоятлар” деб аталади. Унда бир гуруҳ фойдаланувчилар муайян контент устидан оммавий равишда шикоят юборади ва алгоритм контентни автоматик равишда вақтинча ёки биратўла ўчириши мумкин.

Human Rights Watch, Freedom House ва бошқа ташкилотлар ҳисоботларида Россия, Ҳиндистон, Туркия каби давлатларда бу усул танқидий овозларга босим механизми сифатида ишлатилиши мумкинлигини қайд этган. Мутаҳассислар бундай амалиётни рақамли цензуранинг замонавий усули сифатида баҳолайди.

“Техник томондан Meta’даги копирайт тизими YouTube’никидан фарқ қилади. YouTube’да кўп ҳужжат топшириш, каналга эга бўлиш ва Content ID тизимидан ўтиш талаб қилинади. Meta’да эса унинг ўрнини Ҳуқуқларни бошқариш тизими эгаллайди ва бу ерда верификация анча енгил. Шунинг учун Meta’да кўп миқдорда эътироз юбориш осонроқ. Одатда барча даъволар алгоритм орқали кўриб чиқилади, чунки платформа катта, аккаунтлар, фойдаланувчилар ва контент жуда кўп. Ҳар қандай платформа эътирозни тез кўради, аммо Meta’да тизим соддароқ ва очиқроқ. YouTube Google’га тегишли, у ерда кўп маротаба верификациядан ўтиш, ҳужжатлар топшириш талаб қилинади. Meta’да бу даражада эмас. Шу сабаб ботлар автоматик равишда эътирозларни қабул қилиб, алоҳида кўриб чиқади. Шунинг учун натижалар ҳам кўпинча яхши эмас. Бу айниқса цензура мавжуд мамлакатларда, сиёсий цензура бор жойларда катта муаммо” - RFERLнинг медиа-платформалар бўйича мутаҳассиси Катерина Таликова.

Айни дамда, 2026 йилнинг феврал ойи ўртасидан номаълум сабабларга кўра, “Озодлик”нинг Instagram саҳифасига кириш ҳам чекланган. Таҳририят уни тиклаш учун апелляция жараёнини давом эттирмоқда.


Форум

XS
SM
MD
LG