Москвадаги Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 12 март куни «Крокус Сити Холл» концерт залида содир этилган ва юздан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган теракт иши бўйича айбланувчиларга ҳукмни эълон қилди.
Mash маълумотига кўра, суд терактни амалга оширишда айбланган тўрт нафар — Далержон Мирзоев, Саидакрам Раджабализода, Фаридуни Шамсиддин ва Муҳаммадсобир Файзовга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Яна 11 нафар шахс ҳам терактга ёрдам берган деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Улар — Умеджон Солиев, Мустаким Солиев, Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусейн Ҳамидов, Муҳаммад Шарипзода, Якубжони Юсуфзода, Лутфуллои Назримад, Жумахон Қурбонов, Ҳусен Медов ва Жабраил Аушев.
Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар 19 йил 11 ойдан қамоқ жазосини олди, Алишер Касимов эса 22 йил 10 ойга ҳукм қилинди. Уларга ҳужумчиларга автомобил ва турар жой тақдим этганлик айби қўйилган.
Бундан олдин давлат айбловчиси 15 нафар судланувчини, жумладан терактнинг тўрт нафар эҳтимолий ижрочисини умрбод озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Яна тўрт нафарга узоқ муддатли қамоқ жазоси талаб қилинган.
«Крокус»даги теракт иши бўйича суд 2025 йил 4 август куни бошланган ва жараён ёпиқ тартибда ўтган.
Иш бўйича жами 19 нафар айбланувчи бўлган. Тергов маълумотига кўра, улардан тўрт нафари Афғонистондаги «Ислом давлати» (кўплаб давлатларда террористик ташкилот деб тан олинган)нинг «Вилоят Хуросон» бўлинмаси аъзолари ва терактнинг бевосита ижрочилари ҳисобланади. Улар — Тожикистон фуқаролари Далержон Мирзоев, Саидакрам Раджабализода, Фаридуни Шамсиддин ва Муҳаммадсобир Файзов. Уларнинг барчаси терактдан кейинги дастлабки кунларда қўлга олинган ва Россия куч тузилмалари томонидан қаттиқ калтакланган.
Қолган 15 нафар шахс тергов версиясига кўра, терактга ёрдам берган ва террористларни қуроллантиришга кўмаклашган. Ингушетиялик Ҳусен Медов ва Жабраил Аушев холис ўқ билан отувчи қуролни жанговар қуролга айлантирган, бу қурол кейинчалик «Крокус»га ҳужумда ишлатилган, деб иддао қилинади. Яна беш нафар — Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусейн Ҳамидов ҳамда ака-ука Умеджон ва Мустаким Солиевлар — эҳтимолий ижрочиларга қурол ва ўқ-дориларни етказиб берган. Тўрт нафар — Якубжони Юсуфзода, Лутфуллои Назримад, Жумахон Қурбонов ва Муҳаммад Шарипзода — ҳужумни тайёрлаш учун пул ўтказмалари қилган. Алишер Қосимов теракт ижрочиларига уй ижарага берган, Исломовлар оиласи — Диловар, унинг акаси Аминжон ва отаси Исроил — уларга қочишга уринган «Рено» автомобилини сотган.
Теракт 2024 йил 22 март куни содир бўлган. Москва вилоятидаги «Крокус Сити Холл»да рок-гуруҳи «Пикник» концерти бошланишидан олдин камуфляж кийимидаги номаълум шахслар бино ичига бостириб кириб, ўқ узишни бошлаган. Улар томошабинлар ва ходимларга тартибсиз равишда ўқ узган, сўнгра концерт мажмуаси биносига ўт қўйган. Ҳужум натижасида 149 киши ҳалок бўлган, бир киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда, яна 609 киши жароҳат олган.
Теракт учун жавобгарликни «Вилоят Хуросон» деб аталувчи гуруҳ — тақиқланган террористик ташкилот ИШИДнинг бўлинмаларидан бири ўз зиммасига олган. Бу гуруҳ асосан Марказий Осиёдан чиққан шахслар орасида жангчиларни ёллаши билан танилган. Бироқ Россия ҳокимияти «украин изи» мавжудлигини таъкидлаб келмоқда. Россия Тергов қўмитаси пресс-релизида «жиноят сиёсий вазиятни беқарорлаштириш мақсадида Украина амалдаги раҳбарияти манфаатларида режалаштирилган ва амалга оширилган»и айтилган. Россия президенти Владимир Путин ҳам терактнинг бевосита ижрочилари қочишга уриниб, Украина билан чегарага етиб бориш ва унинг ҳудудига ўтишни режалаштирганини билдирган.
Россия Тергов қўмитасига кўра, «Крокус Сити Холл»даги терактга тайёргарлик уни амалга оширишдан бир неча ой олдин бошланган. Айбланувчиларнинг бир қисми чет элдан Россияга келган ва тергов версиясига кўра у ерда тайёргарликдан ўтган, яна бир қисми эса мамлакат ичида бўлиб, қурол топиш билан шуғулланган. СК маълумотига кўра, айрим айбланувчилар доимий равишда ўқотар қуролларни қайта ишлаб, уларни террористик ташкилот аъзоларига етказиб бериб турган.
Ҳужумчиларнинг этник келиб чиқиши Россияда ксенофобиянинг кучайишига, ўта ўнг миллатчи гуруҳлар томонидан зўравонлик ҳолатларининг кўпайишига, шунингдек Марказий Осиёдан келган муҳожирларнинг асоссиз ушланиши ҳолатлари ортишига сабаб бўлди.