Линклар

Шошилинч хабар
26 May 2026, Тошкент вақти: 19:12

Жонли 205 га 205: Россия ва Украина яна асирларни алмашди

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

13:09 4.5.2026

Трамп: Эроннинг янги таклифлари қониқарли эмас

АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон томонидан таклиф этилган тинчлик режаси концепцияси билан танишганини ва матннинг аниқроқ баён қилинишини кутаётганини айтди. Шу билан бирга, у Truth Social ижтимоий тармоғида Эрон таклифлари ўзи учун қабул қилиниши мумкинлигини тасаввур қила олмаслигини ёзди, чунки Эрон “сўнгги 47 йил давомида инсоният ва дунёга қилган ишлари учун ҳали етарлича юқори нарх тўламаган” деди.

Шунингдек, Трамп агар Теҳрон “ёмон хатти-ҳаракат қилса”, АҚШ Эронга қарши зарбаларни қайта бошлаш имкониятини ўзида сақлаб қолишидан огоҳлантирди.

Трамп буни Флорида штатидаги Вест-Палм-Бич шаҳрида Air Force One самолётига чиқишдан олдин журналистнинг “Сиз ҳарбий зарбаларни қайта бошлайсизми?” деган саволига жавоб бераркан билдирди:

“Мен буни айтмоқчи эмасман. Яъни мен буни журналистга айта олмайман. Агар улар ўзини ёмон тутса, ёки ёмон иш қилса. Лекин ҳозирча кўрамиз. Аммо бу, албатта, содир бўлиши мумкин бўлган эҳтимол.”

Бундан олдин эрон ОАВлари Эроннинг 14 банддан иборат янги тинчлик таклифи ҳақида хабар берган эди, у АҚШга Покистон орқали воситачилар ёрдамида етказилган.

Юқори лавозимли эронлик амалдор шанба куни билдиришича, Эрон таклифи ҳозирда амалда Эрон томонидан тўсиб қўйилган Ормуз бўғозида кемалар ҳаракатини очишни, шунингдек АҚШ томонидан эрон портларига қўйилган блокадани бекор қилишни назарда тутади. Шу билан бирга, Axios таъкидлашича, Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларни кейинроқ, тинчлик келишуви тузилгандан сўнг ўтказиш таклиф этилмоқда.

Tasnim агентлиги хабарига кўра, бундан ташқари, Эрон АҚШ қўшинларини Яқин Шарқдан олиб чиқиш, музлатиб қўйилган Эрон активларини озод қилиш ва санкцияларни бекор қилишни — шунингдек Ливандаги жанговар ҳаракатларни тугатишни талаб қилишда давом этмоқда.

Қўшма Штатлар ва Исроил тўрт ҳафта олдин тинчлик музокараларини ўтказиш мақсадида Эронга қарши бомбардимонларни тўхтатган эди. Бироқ 11 апрель куни Исломободда ўтказилган юзма-юз учрашув натижа бермади. Трамп сулҳ муддатини номаълум вақтга узайтирди ва АҚШ шошилмаётганини, “келишув” эса биринчи навбатда Эронга кераклигини таъкидлади. Шу билан бирга, Эрон Ормуз бўғози орқали кемалар ўтишини назорат қилишда давом этмоқда ва амалда уни кўпчилик кемалар учун ёпиб қўйган. Бу эса жаҳон энергия бозорида жиддий бузилишларга, нефть нархларининг ошишига ва ёқилғи танқислиги хавфига олиб келди.

13:52 1.5.2026

IEA: Эрон можароси сабаб дунёдаги энг йирик энергия инқирози юзага келди

Халқаро энергия агентлиги раҳбари Фатих Бирол Эрон билан боғлиқ можаро туфайли дунё тарихидаги энг йирик энергия инқирози юзага келганини таъкидлади.

Бирол бу ҳақда 30 апрель куни Париждаги конференцияда гапирди:

«Деярли бир ярим ой аввал Халқаро энергия агентлиги дунё тарихидаги энг катта энергия инқирозига дуч келаётганини айтганди. Ва ҳозир содир бўлаётган воқеалар, афсуски, биз ҳақ бўлганимизни кўрсатмоқда; нефть ва газ бозорлари катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Охирги марта кўрганимда, нефть нархи 120 доллардан ошган эди, бу кўплаб мамлакатларга катта босим ўтказмоқда. Нефть ва газдан ташқари, ривожланаётган мамлакатлар учун жуда муҳим бўлган ўғитлар, нефть-кимё маҳсулотлари, олтингугурт — буларнинг барчаси издан чиққан. Демак, дунё катта энергия ва иқтисодий муаммога дуч келмоқда. Халқаро энергия агентлиги сифатида биз энергия хавфсизлигини асосий масала деб биламиз. Биз вазиятни ҳар куни кузатиб бормоқдамиз».

Жаҳон бозорида нефть нархлари 30 апрель куни 122 доллардан ошиб, сўнгги тўрт йилдаги энг юқори кўрсаткичга чиқди. Бу АҚШ–Эрон уруши янада кучайиши ва Яқин Шарқдан нефть етказиб беришнинг узоқ муддатга издан чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар билан боғлиқ бўлди. Бу эса жаҳон иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Brent нефти нархи 28 февраль куни АҚШ–Исроилнинг Эронга қарши зарбалари бошланганидан бери икки баравар ошди.

АҚШ нефть эталони бўлган West Texas Intermediate эса Ҳормуз бўғозининг амалда ёпилиб қолиши туфайли тахминан 90 фоизга қимматлади. Дунё нефти ва суюлтирилган газининг тахминан бешдан бири айнан шу бўғоз орқали ўтади.


13:20 1.5.2026

Трамп: Германиядаги АҚШ қўшинларини қисқартиришни кўриб чиқяпмиз

АҚШ президенти Дональд Трамп Германиядаги АҚШ қўшинларини қисқартириш имкониятини кўриб чиқaётганини маълум қилди. Бу ҳақда у Truth Social тармоғидаги постида ёзди:

«Қўшма Штатлар Германиядаги қўшинлар сонини қисқартириш имкониятини ўрганиб чиқмоқда, ва бу бўйича қарор яқин вақт ичида қабул қилинади».

Трампнинг бу баёноти унинг Германия канцлери Фридрих Мерцни танқид қилганидан бир кун ўтгач янгради.

Трамп маъмурияти НАТОнинг бир қатор аъзоларини АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушида етарлича ёрдам бермаётганликда танқид қилиб келмоқда, жумладан айримларини Ҳормуз бўғозини очишда ёрдам бериш учун денгиз кучларини юбормаганликда айблаган.


13:13 1.5.2026

БМТ: Ливанда озиқ-овқат инқирози чуқурлашмоқда

Ливандаги вазият мамлакатнинг айниқса жанубий қисмида хавфсизлик ёмонлашгани туфайли ҳали ҳам жуда нозик ва беқарор бўлиб қолмоқда, деб хабар берди БМТ расмийси чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP)нинг таъкидлашича, зўравонликнинг кескин кучайиши озиқ-овқат хавфсизлигидаги сўнгги ютуқларни йўққа чиқариб, мамлакатни яна инқироз ҳолатига қайтарган. Бу ҳақда Ливан бўйича янгиланган Озиқ-овқат хавфсизлигини интеграл баҳолаш (IPC) ҳисоботи маълумотларига таяниб, БМТ Бош котиби бош котиби Стефан Дюжаррик маълум қилди.

Янги таҳлилга кўра, жорий йил апрель–август ойлари оралиғида Ливанда тахминан 1,24 миллион киши озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ўта оғир даражада яшаши кутилмоқда. Бу эса ҳар тўртинчи ливанлик овқат сотиб олиш учун таомни қисқартиришга ёки ўз мол-мулкини сотишга мажбур бўлишини англатади.

Дюжаррик Ливан учун гуманитар ёрдам ҳозирда катта молиявий танқисликка дуч келаётганини ҳам таъкидлади:

«Эҳтиёжлар ортиб бораётганига қарамай, гуманитар ёрдам жуда кам молиялаштирилмоқда. Ливан бўйича фавқулодда мурожаат 117 миллион доллардан бир оз кўпроқ маблағ олди, бу эса бизга керак бўлган 308 миллион долларнинг атиги 38 фоизини ташкил қилади».

Дюжаррик шунингдек, мамлакатнинг жанубий қисмида икки марта зарба берилган бино вайронасида уч нафар фуқаролик мудофааси қутқарувчиси ҳалок бўлганини қоралади. Унинг таъкидлашича, фуқаролар, тиббиёт ходимлари ва инфратузилмага зарба бериш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ливан ва Исроил ўртасидаги можаро бошланганидан бери Ливанда тиббиёт муассасаларига қилинган ҳужумлар сони 149 тага етган, 100 киши ҳалок бўлган ва 233 киши яраланган.


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG