Линклар

Шошилинч хабар
24 Aprel 2026, Тошкент вақти: 13:19

Жонли ЕИ Украина учун 90 миллиард евролик кредитни маъқуллади

Дунё хабарларини Ozodlik билан кузатинг.

Жаҳондаги энг муҳим воқеа-ҳодисалар, сиёсий баёнотлар, можаролар ва халқаро майдондаги сўнгги ўзгаришлар — барчаси ушбу жонли блогда тезкор янгиланиб боради.

Ozodlik халқаро кун тартибидаги асосий хабарлар, таҳлиллар ва муҳим маълумотларни кун давомида сизга етказади.

14:51 1.4.2026

Аннексияланган Қримда ҳарбий самолёт қулаши оқибатида 30 киши ҳаётдан кўз юмди

Аннексияланган Қримдаги авиаҳалокат бўйича дастлабки аниқлаштирилган маълумотлар тақдим этилди.

31 март куни оқшомда Қрим ҳудудида Ан-26 русумли ҳарбий-транспорт самолёти қулаб, 30 киши ўлган. Россиянинг Мудофаа вазирлиги маъулмотига кўра, уларнинг етти нафари экипаж аъзоси ва 23 нафар йўловчилар эди.

Самолёт соат 18:00 атрофида режали парвоз вақтида радарлардан йўқолган. Алоқа узилгандан сўнг қидирув-қутқарув гуруҳлари ишга туширилган ва самолёт қолдиқлари тоғли ҳудуддан топилган.

Россия Мудофаа вазирлиги дастлабки сабаб сифатида техник носозликни кўрсатмоқда. Расмий баёнотда самолётга ташқи таъсир ёки зарба бўлмагани таъкидланган. Айрим манбалар самолёт қояга урилиб кетганини билдирмоқда, аммо бу ҳолат юзасидан қўшимча тафсилотлар ҳозирча очиқлангани йўқ. Ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ан-26 самолёти одатда юк, техника ва шахсий таркибни ташиш учун қўлланиладиган ҳарбий-транспорт ҳаво кемаси ҳисобланади.


14:44 1.4.2026

Зеленский Кремлнинг Донбасс бўйича янги талаблари ҳақида маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленскийнинг айтишича, Россия ҳукумати Украинадан Донбассни икки ой ичида тарк этишни талаб қилмоқда.

“Озодлик”нинг украин хизмати хабарига кўра, Зеленский 31 март куни Бучада шаҳарнинг россиялик оккупантлардан озод этилганига тўрт йил тўлиши муносабати билан ўтказилган мемориал тадбирда сўзлар экан, Россия бу икки ойлик муддат ҳақида АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятига маълум қилганини айтган.

“Улар Америка томонига янги муддат борлигини айтмоқда: икки ойдан кейин мамлакатимизнинг шарқий қисмини эгаллайди, Донбассни олади. Шунинг учун Украинада чиқиб кетиш учун икки ой вақт бор. Агар Украина чиқмаса, Россия Донбассни эгаллаб, бошқа шартларни қўяди. Мантиқий савол - агар уларнинг мақсади Донбасс бўлса, нима учун Донбассни олгандан кейин ҳам олға юришини айтишмоқда? Демак, масала фақат Донбассда эмас - деди Зеленский Кремл Россия армияси бу мақсадга эриша олмаслигини яхши тушунишини қўшимчалади.

Шу билан бирга Россия ҳукумати Вашингтонга босим ўтказишда давом этаётганини, бу орқали АҚШни Украинани чекинишга мажбурлашга ундаётганини айтди.

Украина президентининг бу баёнотига Россия томони ҳали жавоб бермаган.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ВГТРК каналига берган интервьюсида Москва тинчлик музокараларида Россия учун фойдали натижага эришиш мақсадида АҚШни Киевга таъсирини кучайтиришга чақирганини айтди. Ушаковнинг сўзларига кўра, АҚШ “фойдали ва қизиқарли бир қатор таклифлар” киритган, аммо улар ҳозирча амалга ошмайди. У қандай таклифлар эканини очиқламаган.

Владимир Зеленский 1 апрелда АҚШ билан урушни тўхтатиш масаласи бўйича икки томонлама видеомулоқот бўлишини маълум қилган.

18:14 31.3.2026

Трамп: нефт керак бўлса, ўзингиз олинг!

АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШга Ҳормуз бўғозини очишда ёрдам бермаётган мамлакатларга мурожаат қилиб, агар улар самолёт ёқилғиси танқислигига дуч келаётган бўлса, ё Америка нефтини сотиб олиши ёки стратегик транзит йўлига бориб нефтни ўзингиз олинг, деди.

31 март куни ижтимоий тармоқдаги постида АҚШ раҳбари Буюк Британия каби давлатларни танқид қилиб, уларни АҚШ-Исроил кампаниясига “қўшилмаслик” учун айблади.

“Сизлар ўзингиз учун курашишни ўрганишингиз керак бўлади, АҚШ сизларга ёрдам бериш учун энди у ерда бўлмайди, худди сизлар биз учун у ерда бўлмаганингиз каби,” — деди у: “Эрон, асосан, йўқ қилинди. Энг қийин қисми тугади. Ўз нефтингизни ўзингиз олиб келинг!”

Канада, Буюк Британия, Германия ва Япония каби АҚШнинг яқин ҳамкорлари Ҳормуз бўғозини очиш кампаниясида иштирок этиш чақириғини рад этмоқда.

Тармоқдаги яна бир постида Трамп, Францияни назарда тутиб, Исроилга йўналтирилган ҳарбий юк билан тўлган самолётларни француз ҳудуди орқали ўтказишга рухсат бермагани учун танқид қилди ва: “АҚШ буни эслаб қолади", деб ёзди.


15:00 31.3.2026

Австралия: Урушдан мақсадга аниқлик киритилиши лозим

Австралия бош вазири Энтони Албаниз АҚШ президенти Доналд Трампдан Эронда давом этаётган урушнинг мақсадига янада аниқлик киритишини кутишини айтди.

“Мен урушнинг мақсадлари нимадан иборат экани бўйича кўпроқ аниқликни кўришни истайман ва вазият юмшашини хоҳлайман,” деди Албаниз, Трамп бошлаган урушга оид саволларга жавоб берарка:

“Можаро бошида мақсадлар қуйидагича белгиланган эди: биринчидан, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олиш - бунга қўшиламан, ва бу, албатта, амалга оширилди. Иккинчидан, Эроннинг ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш имкониятларини камайтириш, хоҳ очиқ тарзда бўлсин, хоҳ унинг Ҳизбуллоҳ, Ҳамас ва Ҳусийлар каби иттифоқчилари орқали бўлсин. Албатта, Эроннинг позицияси сезиларли даражада заифлаштирилди. Учинчи мақсад эса режимни ўзгартириш эди, ва менимча, тарих жуда аниқ кўрсатадики, ташқи кучлар томонидан мажбуран режим ўзгаришини амалга ошириш жуда қийин. Одатда бундай ўзгаришлар мамлакат ичида, пастдан юқорига қараб юзага келади, ташқи томондан мажбуран жорий этилмайди”.

Уруш Яқин Шарқ бўйлаб кенгайиб, минглаб одам ўлимига сабаб бўлди, энергия таъминотида тарихда кузатилмаган энг катта узилишлар кузатилмоқда ва жаҳон иқтисодиётига ҳам жиддий зарба бермоқда.

Австралия Бирлашган Араб Амирликларининг сўровига биноан унинг мудофаасига ёрдам бериш учун самолётлар берган, аммо Ҳормуз бўғозини қайта очишда ёрдам бўлиши учун ҳарбий-денгиз кемаларини юбориш сўровини рад этмоқда.

Австралия бош вазири Энтони Албаниз
Австралия бош вазири Энтони Албаниз


Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG