Д.Трамп: Эронга зарбалар 5 кунга кечиктирилди
АҚШ президенти Дональд Трамп Пентагонга Эрон энергетика инфратузилмасига зарба бериш беш кунга кечиктирилганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Эрон сўнгги икки кун давомида Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни "тўлиқ ва ҳар томонлама бартараф этиш" бўйича "жуда яхши ва самарали музокаралар" ўтказган.
"Ҳафта охиригача давом этувчи ушбу чуқур, батафсил ва конструктив музокараларнинг характери ва оҳангига асосланган ҳолда, мен Мудофаа вазирлигига жорий учрашувлар ва муҳокамалар муваффақиятли якунланган тақдирда, Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига ҳар қандай ҳарбий зарбаларни беш кунга кечиктиришни буюрдим", деди Дональд Трамп.
АҚШ ва Эрон вакилларининг музокаралари мазмуни ҳозирча маълум қилинмаяпти.
Эрон расмийлари билан боғлиқ оммавий ахборот воситалари, хусусан Fars агентлиги манбаларга таяниб, АҚШ ва Эрон ўртасида на тўғридан-тўғри, на билвосита музокаралар бўлгани, Трамп Теҳроннинг таҳдидлари туфайли ўз талабидан чекингани ҳақида хабарлар тарқатди. Mehr агентлиги Эрон Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Трампнинг даъволари жаҳон бозорларида ёнилғи нархларини пасайтириш ва вақт ютишга қаратилганини маълум қилди.
Биржа индекслари Трампнинг баёнотига дарҳол кўтарилиш билан жавоб берди, Brent нефти нархи эса 10% дан кўпга пасайиб, баррели 100 доллардан пастга тушди.
Эрон телевидениеси Можтабо Хоманаий баёнотини ўқиб эшиттирди
"Эрон ўз шаҳидларининг қони учун қасос олади, Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўяди ва АҚШ базаларига ҳужум қилади", дейилади Эроннинг янги Оятуллоҳи Можтабо Хоманаийнинг 12 март куни давлат телевидениесида ўқиб эшиттирилган баёнотида.
Хоменеийнинг сўзларига кўра, дунё нефтининг бешдан бир қисмини таъминлайдиган бўғоз душманга босим ўтказиш учун ёпиқ қолиши керак.
Феврал ойи охирида АҚШ-Исроил бомбардимон кампанияси билан бошланган уруш ҳозиргача 2000 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва Халқаро энергия агентлиги тарихдаги глобал энергия таъминотидаги энг катта узилиш деб таърифлаган таназзулга сабаб бўлди.
Трамп бу ҳафта нефт нархларининг кўтарилиши қисқа муддатли бўлишини айтиб, энергия бозорларини тинчлантиришга бир неча бор уринди.
АҚШ ва Исроил расмийлари мақсад Эроннинг ракета ва ядровий дастурларини йўқ қилиш эканини айтишади. Трамп Эрондан “шартсиз таслим бўлишни” талаб қилган.
Эрон аёллар футбол жамоасининг олти аъзосига Австралияда бошпана берилди
Австралия Мудофаа вазири Ричард Марлес 12 март куни Австралияда қолиш таклифини қабул қилган Эрон аёллар футбол жамоасининг олти нафар аъзоси мамлакатда ҳаётларини тиклаш учун барча ёрдамни олишларини айтди.
Шу ҳафта бошида Австралия аёллар ўртасидаги Осиё кубоги ўйинида миллий мадҳияни куйлашдан бош тортгани учун ватанига қайтганида таъқиб қилинишидан қўрқиб, бошпана сўраган беш нафар эронлик футболчига гуманитар визалар берди.
Эрон давлат телевидениеси Осиё Кубоги ўйинида давлат мадҳиясини куйлашдан бош тортгани учун жамоани "уруш даври хоинлари" деб атаган, шундан сўнг, футболчиларнинг уйларига қайтишлари билан боғлиқ хавотирлар кучайди.
АҚШ, Япония ўз заҳирасидаги нефтни бозорга чиқармоқда
АҚШ Эрондаги уруш туфайли кўтарилган нархларни пасайтириш мақсадида ўзининг стратегик нефт захирасидан 172 миллион баррел нефт чиқаради.
Чоршанба куни АҚШ Энергетика вазири Крис Райтнинг айтишича, бу 32 давлатдан иборат Халқаро энергетика агентлиги томонидан келишилган 400 миллион баррел нефтни кенгроқ чиқаришнинг бир қисмидир.
Райтнинг сўзларига кўра, заҳира нефтини бозорга чиқариш келаси ҳафта бошланади ва бу тахминан 120 кунни олади.
Райтнинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар "келгуси йил ичида ушбу стратегик захираларни тахминан 200 миллион баррел билан алмаштиришни режалаштирган".
Яқин Шарқ можароси нефт етказиб беришга тўсқинлик яратгани сабабли Япония ҳам ўзининг стратегик захираларидан нефтни чиқаради.
"Япония дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан Яқин Шарққа жуда юқори қарамликка эга. Бензин ва бошқа нефт маҳсулотларини етказиб беришда ҳар қандай узилишнинг олдини олиш учун биз нефт захираларимизни Катта еттилик қарорлари билан мувофиқлаштирамиз. Япония жаҳон энергия бозоридаги талаб ва таклифни юмшатиш учун шу ойнинг 16-кунида нефт заҳираларини бозорга чиқаради", деди Япония бош вазири.
Япония нефт таъминотининг қарийб 95 фоизи Яқин Шарққа боғлиқ.
Ҳормуз бўғозида кемаларга янги ҳужумлар таъминотнинг узилиши қўрқувини кучайтирди.
Таҳлилчилар Халқаро энергия агентлигининг рекорд даражада нефт захираларини истеъмолга чиқариш таклифи бу хавотирларни енгиллаштириш учун етарли эмаслигини айтишди.