Эронга янги зарбалар
Исроил Теҳрондаги нефт омборлари ва нефт заводларига зарба берди. Шаҳар осмонини қаттиқ қора тутун қоплаган.
Эрон миллий нефт компаниясининг маълум қилишича, зарбалар оқибатида тўрт ходими ҳалок бўлган.
Эрон Қизил Ярим Ой Жамияти нефт омборларидаги портлашлар кислотали булутларни ҳосил қилгани ва бу кислотали ёмғирга айланиши эхтимолижан хавотир билдирган.
АҚШда жойлашган HRANA мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, Эронда АҚШ-Исроил операцияси бошланганидан бери 1205 тинч аҳоли, жумладан, камида 194 бола ҳалок бўлган.
Доҳададан 334 фуқаро олиб чиқилди
7 март куни Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси Қатар ҳукумати билан ҳамкорликда 334 фуқарони эвакуация қилди.
Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Доҳадан Ар-Риёд шаҳрига икки колоннали автобус қатнови ва Ар-Риёддан фуқаролар махсус репатриация рейслари орқали Тошкентга жўнатилиши ташкил этилган.
Исроил Ливан чегарасига қўшимча қўшин жойлаштирди
Исроил армияси шанба куни 7 мартда Ливан билан чегара яқинига қўшин жойлаштиришни давом эттирди. Хабарларга кўра, чегаранинг Исроил томонида танклар ва зирҳли ҳарбий техникалар кўринган.
Ҳизбуллоҳ ҳаракати ҳам, чегарада Исроилнинг қуруқликдан кириб келиш ҳаракатига қарши жанг қилаётганини маълум қилди. Гуруҳ Хиям яқинида тўпланган ҳарбий техникаларга зарба берганини айтмоқда.
Ливан душанба куни Яқин Шарқдаги уруш домига тортилди. Шу куни Ҳизбуллоҳ Исроилга ракета отган ва бу Исроилнинг гуруҳга қарши қуруқликдан янги ҳужумини бошлашига сабаб экани айтилган.
Ҳизбуллоҳ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан 1982 йилда ташкил этилган.
Бунга қадар 2024 йилда Исроил–Ҳизбуллоҳ уруши бўлган эди.
Пахлавий араб давлатларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди
Эроннинг сўнги шоҳи фарзанди шаҳзода Ризо Пахлавий, Эрон ўтиш даври ҳукуматини ташкил этишини ва минтақадаги араб давлатларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Паҳлавий, Эроннинг ҳозирги раҳбариятини икки кун ичида ўн минглаб фуқарони ўлдирди, аммо бу халқни синдирмади, аксинча, режимнинг ўзини синдирди, деб таъкидлади.
Паҳлавий ўтиш даври ҳукумати Эронда “тартибли ўтишни таъминлаш”, барқарорлик яратиш ва эронликларга эркин сайлов жараёни орқали келажакларини белгилаш имкониятини беришдан иборат, деди.