Исроил Ливан чегарасига қўшимча қўшин жойлаштирди
Исроил армияси шанба куни 7 мартда Ливан билан чегара яқинига қўшин жойлаштиришни давом эттирди. Хабарларга кўра, чегаранинг Исроил томонида танклар ва зирҳли ҳарбий техникалар кўринган.
Ҳизбуллоҳ ҳаракати ҳам, чегарада Исроилнинг қуруқликдан кириб келиш ҳаракатига қарши жанг қилаётганини маълум қилди. Гуруҳ Хиям яқинида тўпланган ҳарбий техникаларга зарба берганини айтмоқда.
Ливан душанба куни Яқин Шарқдаги уруш домига тортилди. Шу куни Ҳизбуллоҳ Исроилга ракета отган ва бу Исроилнинг гуруҳга қарши қуруқликдан янги ҳужумини бошлашига сабаб экани айтилган.
Ҳизбуллоҳ Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан 1982 йилда ташкил этилган.
Бунга қадар 2024 йилда Исроил–Ҳизбуллоҳ уруши бўлган эди.
Пахлавий араб давлатларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди
Эроннинг сўнги шоҳи фарзанди шаҳзода Ризо Пахлавий, Эрон ўтиш даври ҳукуматини ташкил этишини ва минтақадаги араб давлатларини уни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Паҳлавий, Эроннинг ҳозирги раҳбариятини икки кун ичида ўн минглаб фуқарони ўлдирди, аммо бу халқни синдирмади, аксинча, режимнинг ўзини синдирди, деб таъкидлади.
Паҳлавий ўтиш даври ҳукумати Эронда “тартибли ўтишни таъминлаш”, барқарорлик яратиш ва эронликларга эркин сайлов жараёни орқали келажакларини белгилаш имкониятини беришдан иборат, деди.
Саудия Арабистони баллистик ракеталарни тўхтатиб қолганини маълум қилди
Саудия Мудофаа вазирлиги X ижтимоий тармоғида билдиришича, “Риёд жануб-шарқидаги Шаҳзода Султон ҳаво базасига қаратилган икки баллистик ракета йўқ қилган”.
Бундан ташқари, Саудия матбуоти Бирлашган Араб Амирликлари билан чегара яқинидаги йирик нефт майдонига қилинган дрон ҳужумини ҳам тўхтатганини хабар қилмоқда.
Дунёдаги йирик нефт экспортчиси сифатида Саудия Арабистони, ҳафта бошида мамлакатнинг шарқидаги йирик нефт заводига бир неча дрон ҳужуми амалга оширилганини ҳам хабар қилган.
Қўшни Баҳрайн ҳокимияти ҳам 7 март кунига келиб, минтақадаги танглик кучайгани муносабати боис, аҳолини пана жойларда сақланишга чақирди.
Бу вазият энергия бозорларига ҳам таъсир қилмоқда. Жаҳонда нефт нархи кўтарилиб, бир баррел учун нарх $92.69 центга чиқди, сўнгги ҳафтада ичида эса тахминан 30 фоизга ошди.
Пезешкиён халқига мурожаат қилди ва қўшни давлатлардан узр сўради
“Азиз халқимиз биладики, ҳукуматдаги барча вазир, барча кучларимиз бор имконияти билан ишламоқда. Биз муваффақиятсиз бўлмаймиз, биз халқимизга хизмат қиламиз. Азиз халқимиз учун муаммо келтирмасликка ҳаракат қиламиз, аммо ҳақиқат шуки, бу уруш ва биз урушга тайёрландик. Биз бирга туришимиз керак”, деди Пезешкиён.
Пезешкиён шунингдек: “Мен шахсан Эроннинг ҳаракатларидан жабр кўрган қўшни давлатлардан узр сўрайман”, деди.
Эрон сўнгги йилларда қўшни Форс кўрфази давлатлари билан, жумладан собиқ минтақавий рақиби Саудия Арабистони билан дипломатик муносабатларни тиклаган эди. Аммо бу сиёсий муносабатларга, ҳозирги қуролли низо пайтида, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг АҚШ ҳарбий базаларига ҳужумлари туфайли шикаст етди.
Аммо, Пезешкиённинг баёноти, эҳтимол Теҳрон Форс кўрфазидаги минтақавий норозиликни юмшатишга қаратилган, дея баҳоланмоқда.