Хегсет: АҚШ қанча керак бўлса, шунча жанг қилади
4 март куни АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет Америка Қўшма Штатлари Эронга қарши урушда ғалаба қозонаётганини ва АҚШ ҳарбийлари қанча керак бўлса шунча вақт жанг қила олишини айтди:
«Эрон узоқ бардош бера олмайди. Биз ҳаракатлардаги кучлилик, ҳужум ва мудофаа имкониятларимиз орқали бу жангнинг руҳи ва суръатини белгилашни таъминлаймиз. Шунинг учун биз имкониятларимиз чеклангандай қилиб кўрсатишга уринадиган турли хабарлар ва тахминлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ердаги ягона чеклов — президент Трампнинг Америка халқи манфаати йўлида муайян натижаларга эришиш истагидир. Шунинг учун биз тўрт ҳафта дейишимиз мумкин, аммо у олти ҳам бўлиши мумкин, саккиз ҳам, ҳатто уч ҳафта ҳам бўлиши мумкин. Асосийси — суръат ва темпни биз белгилаймиз. Душман мувозанатдан чиқарилган, ва биз уни шундай ҳолатда сақлаб қоламиз. Уларнинг отиш имконияти билан бизнинг мудофаа имкониятларимиз ўртасидаги фарқ ҳар куни янада катталашмоқда. Бизнинг мудофаамиз яхшиланмоқда, уларнинг ҳужум қобилияти эса камаймоқда. Биз ўн минглаб захираси бор ўқ-дориларга ўтмоқдамиз ва уларни чекланмаган миқдорда ишлатиш имкониятига эгамиз, ҳозирги масофадан зарба берувчи қуроллардан ҳам каттароқ таъсир билан. Шунинг учун “тезлик оширилмоқда” деганимизда, ҳақиқатан ҳам суръат оширилмоқда ва у юқори даражада қолади».
Хитой Яқин Шарқдаги кескинликдан хавотир билдирди
Хитой Яқин Шарқдаги кескинликдан хавотир билдирмоқда ва бу борада воситачилик саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда, деди 5 март куни Пекинда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нин.
«Можаронинг чўзилиб кетиши ва кескинликнинг кучайиши ҳеч қайси томон манфаатига тўғри келмайди. Хитой уруш ва куч ишлатиш муаммони тубдан ҳал қила олмайди, деб ҳисоблайди; тўғри йўл — мулоқот ва музокаралардир. Биз қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш тамойилига амал қилишимиз керак. Хитой алоқаларни давом эттиради, воситачилик ҳаракатларини кучайтиради ва барча тегишли томонлар, жумладан можарога жалб этилганлар билан ҳам келишувга эришишга ҳаракат қилади», — деди Мао.
Пекинда ўтган навбатдаги матбуот брифингида сўзлаган Мао, Хитой Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Чжай Цзюнни яқин вақт ичида минтақага юбориб, кескинликни пасайтиришга ёрдам беради, деди.
АҚШ–Эрон уруши олтинчи кунига кирган бир пайтда, можаро Форс кўрфази давлатларидан ташқарига — Осиёгача кенгайди, бу эса жаҳон бозорларини издан чиқарди ва Яқин Шарқда қолиб кетган минглаб сайёҳлар ҳамда маҳаллий аҳолини минтақадан чиқиб кетишга уринишга мажбур қилди.
Исроил–Ҳизбуллоҳ жанглари: Ливан янги фронтга айланди
АҚШ ва Исроил Эронга ҳужум қилганидан бери минтақани қамраб олган урушда Ливан ҳам янги фронтга айланди.
5 март куни Исроил Мудофаа кучлари Ливандаги Ҳизбуллоҳ қўмондонлик марказларига ҳаво зарбалари берилганини маълум қилди.
Шунингдек, шу куни эрталабдан Исроил қўшинлари ва артиллерияси Ливан билан чегара яқинида жойлашишда давом этди.
2 мартдан бери Исроил–Ливан чегарасидаги ҳудудда жанглар кескин кучайди, душанба куни Ливаннинг Ҳизбуллоҳ гуруҳи Исроилга дронлар ва ракеталар учирди. Исроил эса Ливан бўйлаб бир неча бор ҳаво зарбалари берди ва жанубга қўшин киритди.
Чоршанба куни Исроил Ливан жанубидаги катта ҳудуд аҳолисини зудлик билан кетишга чақирди ва Эрон қўллаб-қувватлаётган ливанлик Ҳизбуллоҳ гуруҳи билан тўлиқ жанглар бошланганининг учинчи кунида уларга Литани дарёсининг шимолига кўчишни буюрди.
Минглаб ливанликлар аллақачон Бейрутнинг Ҳизбуллоҳ назоратидаги жанубий чекка ҳудудларидан ва мамлакат жанубидан — 2024 йилги урушнинг асосий зарбасини қабул қилган ҳудудлардан — уйларини тарк этган.
БМТ маълумотига кўра, қарийб 60 минг киши жанглар сабаб қочиб кетган.
Исроил армияси матбуот котиби Ливан жанубидаги аҳоли эвакуация қилиниши керак бўлган ҳудуд харитасини эълон қилди; бу ҳудуд Ливан ҳудудининг тахминан 8 фоизини ташкил қилади.
Исроил армияси Теҳрондаги ҳарбий мажмуага зарба берди
Исроил Мудофаа армияси Теҳронда жойлашган, «Эроннинг барча куч тузилмалари штаб-квартиралари» бўлган ҳарбий мажмуага оммавий зарба берди. Бу ҳақда ЦАҲАЛ (Исроил армияси) хабар қилди.
Исроил ҳарбийларининг маълумотига кўра, етти идоранинг қўмондонлик марказлари нишонга олинган, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси штаб-квартираси, «Басиж» кўнгиллилар қўшинлари штаби, разведка бошқармаси ва «намойишларни бостириш учун масъул» ички хавфсизлик бўлинмаси. Ҳалок бўлганлар сони ҳақида маълумот берилмаган.
Эрон давлат ОАВларига кўра, пайшанба куни Теҳрон ва Караж шаҳарларида портлаш овозлари эшитилган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам пайшанба куни Форс кўрфазининг шимолий қисмида АҚШ танкерига зарба берилганини ва кема ёнaётганини маълум қилди.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни тезкор мустақил текшириш имконига эга эмас.
Financial Times нашри амалдаги ва собиқ исроиллик амалдорларга таяниб ёзишича, Исроил АҚШ билан биргаликда бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларга тайёрланмоқда. Бу ҳаракатлардан мақсад — теократик давлатнинг асосий таянчларини ва Ислом Республикасини ҳимоя қиладиган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини тўлиқ йўқ қилиш. Исроиллик юқори лавозимли ҳарбийга кўра, шунингдек Эроннинг ядровий объектлари, ҳарбий ишлаб чиқариш корхоналари, космик соҳа ва кибертехнологияларга боғлиқ объектлар ҳам йўқ қилиниши керак.