Исроил армияси Теҳрондаги ҳарбий мажмуага зарба берди
Исроил Мудофаа армияси Теҳронда жойлашган, «Эроннинг барча куч тузилмалари штаб-квартиралари» бўлган ҳарбий мажмуага оммавий зарба берди. Бу ҳақда ЦАҲАЛ (Исроил армияси) хабар қилди.
Исроил ҳарбийларининг маълумотига кўра, етти идоранинг қўмондонлик марказлари нишонга олинган, жумладан Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси штаб-квартираси, «Басиж» кўнгиллилар қўшинлари штаби, разведка бошқармаси ва «намойишларни бостириш учун масъул» ички хавфсизлик бўлинмаси. Ҳалок бўлганлар сони ҳақида маълумот берилмаган.
Эрон давлат ОАВларига кўра, пайшанба куни Теҳрон ва Караж шаҳарларида портлаш овозлари эшитилган.
Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам пайшанба куни Форс кўрфазининг шимолий қисмида АҚШ танкерига зарба берилганини ва кема ёнaётганини маълум қилди.
Озодлик уруш шароитида томонлар бераётган маълумотларни тезкор мустақил текшириш имконига эга эмас.
Financial Times нашри амалдаги ва собиқ исроиллик амалдорларга таяниб ёзишича, Исроил АҚШ билан биргаликда бир неча ҳафта давом этиши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларга тайёрланмоқда. Бу ҳаракатлардан мақсад — теократик давлатнинг асосий таянчларини ва Ислом Республикасини ҳимоя қиладиган Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини тўлиқ йўқ қилиш. Исроиллик юқори лавозимли ҳарбийга кўра, шунингдек Эроннинг ядровий объектлари, ҳарбий ишлаб чиқариш корхоналари, космик соҳа ва кибертехнологияларга боғлиқ объектлар ҳам йўқ қилиниши керак.
Эрон дрони Озарбайжон аэропортига қулади
5 март куни Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳри аэропорти ҳудудига эрон дрони қулагани ҳақида маҳаллий ОАВ хабар бермоқда. Report ва APA нашрлари Эрон «дрон орқали зарба берганини» ёзмоқда.
Озарбайжон ТИВ маълум қилишича, бир дрон аэропорт терминали биносига урилган, иккинчиси эса Шекарабад қишлоғидаги мактаб яқинига қулаган. Ҳужум натижасида аэропорт биноси шикастланган, икки киши жароҳат олган.
Боку содир бўлган ҳодиса учун жавобгарликни Теҳрон зиммасига юклади. Озарбайжон жавоб чораларини кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини билдирди, Эроннинг Бокудаги элчиси ТИВга чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилгани маълум қилинди.
Нахичеванлик бир аҳоли Озодликнинг озарбайжон хизматига айтишича, ота-оналардан болаларини мактаблардан олиб кетиш сўралган. Полиция маҳаллий аҳолини уйларидан чиқмасликка ва катта гуруҳларда тўпланмасликка чақирган.
Телеграм каналларида тарқатилаётган видеоларда аэропорт яқинидаги портлаш ва тутун булутларини кўриш мумкин.
Эрон ҳукуматлари ҳозирча Озарбайжондаги дронлар ҳақидаги маълумотга изоҳ бермаган.
Qazetchi нашри яқинда манбаларига таяниб, Озарбайжон қўшинларини жанговор шай ҳолатга келтириб, уларни Эрон билан чегарага жойлаштирганини ёзган. Шунингдек, дронлар ва паст баландликда учувчи аппаратларга қарши мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилгани айтилган. Бу расман тасдиқланмаган.
Исроил ва АҚШ 28 феврал куни Эронга қарши операция бошлаган. Жавоб сифатида Эрон нафақат Исроилни, балки минтақанинг бошқа давлатларини ҳам ўққа тута бошлади.
Туркия яқинида баллистик ракета уриб туширилди
Туркия мудофаа вазирлигининг чоршанба куни маълум қилишича, Эрон томонидан отилган баллистик ракета Сурия ва Ироқ орқали ўтганидан сўнг Туркия осмонига киришидан олдин Шарқий Ўртаер денгизида НАТО мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган.
Вазирлик ёзма баёнотида, ҳодисада ҳеч ким ўлмагани ва жароҳатланмагани айтилган.
Айни пайтда, Туркия ўзига қарши ҳар қандай душманона ҳаракатга жавоб бериш ҳуқуқига эга эканини эслатди ва томонларни ҳарбий низони кенгайтириши мумкин бўлган қадамлардан сақланишга чақирди.
HRANA: 1100 дан ортиқ одам ўлди, 5 ярим минги жароҳатланди
Human Rights Activists News Agency - HRANA 3 март куни эълон қилган янгиланган маълумотларга кўра, 24 соат ичида Эроннинг 19 вилоятида камида 104 та ҳужум қайд этилган ва натижада 31 киши ўлган.
28 февралдан бери HRANA қарийб 1 минг 100 фуқаро ўлими ва 5 минг 402 кишининг жароҳатлангани, шу жумладан болалар жароҳатланганини ҳужжатлаштирган. Гуруҳ мамлакат бўйлаб ҳарбий база, тиббиёт муассасалари ва турар-жойларнинг зарарланиши ҳақида ҳам хабар берган.
HRANA — АҚШдаги Human Rights Activists in Iran инсон ҳуқуқлари ташкилотининг ахборот агентлиги бўлиб, маҳаллий манбалар ва очиқ манбали текширувлар орқали ҳуқуқ бузилишлари ва можаро таъсирини кузатади.