Халқаро муносабатлар
Бельгия: Ташқи ишлар вазири Максим Прево шундай деди: «Эрон халқи ўз ҳукуматининг танловлари учун жазо тўламаслиги керак. Дипломатик саъй-ҳаракатлар аввалроқ музокара йўли билан ечимга олиб кела олмаганидан чуқур афсусдамиз».
Норвегия: Ташқи ишлар вазири Эспен Барс Эйде шундай деди: «Исроил бу ҳужумни олдиндан зарба сифатида таърифламоқда, аммо бу халқаро ҳуқуққа мос эмас. Олдиндан қилинган ҳужумлар учун дарҳол ва яқин таҳдид мавжуд бўлиши талаб этилади».
Покистон: Ташқи ишлар вазири Исхак Дар «Эронга қарши асоссиз ҳужумларни кескин қоралаб, инқирозни тинч, музокара йўли билан ҳал қилиш учун дипломатияни зудлик билан қайта тиклаш орқали кескинлашувни дарҳол тўхтатишга чақирди».
Индонезия: Индонезия Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Президент Вашингтон ва Теҳрон ўртасида воситачилик қилишга тайёр:
«Индонезия АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар муваффақиятсиз тугаганидан, бу эса Яқин Шарқда ҳарбий кескинлашувга олиб келганидан чуқур афсусда. Индонезия барча томонларни вазминликка чақириб, мулоқот ва дипломатияни устувор деб билишга даъват этади».
«Индонезия Ҳукумати, хусусан Индонезия Республикаси Президенти, хавфсизлик бўйича барқарор шароитни қайта тиклаш мақсадида мулоқотни ташкил этишга тайёрлигини билдиради. Агар ҳар икки томон рози бўлса, Индонезия Президенти воситачилик олиб бориш учун Теҳронга боришга ҳам тайёр».
Шунингдек, баёнотда кескинлик минтақа ҳамда «жаҳон тинчлиги ва хавфсизлиги»га путур етказиши мумкинлиги таъкидланган.
Матбуот: камида 7 та ракета президент қароргоҳига тушди
Эроннинг «Тасним» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, камида етти ракета президент қароргоҳи ва Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Ҳоманаий резиденцияси жойлашган ҳудудга тушган.
Эрон раҳбарияти манбалари Reuters агентлигига Оятуллоҳ Али Ҳоманаий тирик ва Теҳрон ташқарисидаги хавфсиз жойда эканини айтган. Эрон ОАВлари Исфаҳон, Қум, Табриз ва Луристон ҳудудларида ҳам портлашлар бўлганини ёзмоқда.
The New York Times нашрининг Исроил хавфсизлик тузилмаларидаги манбаларига кўра, зарбаларнинг асосий нишонларидан бири Ислом Республикаси раҳбарлари ҳисобланади. Режага кўра, ушбу ҳужумларда қатор юқори лавозимли эронлик амалдорлар йўқ қилиниши керак бўлган.
Паҳлавий: Халқ томонига ўтинг!
Эрон мухолифатининг етакчиларидан бири — АҚШда яшайдиган собиқ Эрон шоҳи ўғли Реза Паҳлавий эронлик куч тузилмаларини «халқ томонига ўтишга» чақирди:
"Эндиликда Ислом Республикаси қулаб бораётган бир пайтда, мамлакат ҳарбийлари, полицияси ва хавфсизлик кучларига мурожаатим аниқ: сизлар Эрон ва эрон халқини ҳимоя қилишга қасам ичгансизлар, Ислом Республикаси ва унинг етакчиларини эмас. Сизнинг бурчингиз — халқни ҳимоя қилиш, юртимизни зўравонлик ва жиноятлар орқали гаровга олган режимни қўллаб-қувватлаш эмас. Халқ томонига ўтинг ва барқарор ҳамда хавфсиз ўтиш жараёнини амалга оширишга ёрдам беринг", деди Реза Паҳлавий.
NetBlocks лойиҳаси маълумотига кўра, Эронда интернет деярли тўлиқ ўчирилган — мамлакатда интернет фаоллиги одатий кўрсаткичнинг атиги 4 фоизини ташкил этмоқда.
Трамп: Биз келишувга эришишга ҳаракат қилдик
АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга зарбаларда Америка армияси ҳам иштирок этаётганини тасдиқлаб, «кенг кўламли ҳарбий операция» бошланганини билдирди:
"Биз бир неча бор келишувга эришишга ҳаракат қилдик. Аммо Эрон рад этди, ўнлаб йиллар давомида қилганидек. Улар ўз ядровий мақсадларидан воз кечиш учун берилган барча имкониятларни рад этди ва биз бунга энди чидай олмаймиз. Шу сабабларга кўра, АҚШ ҳарбийлари Америка ва унинг асосий миллий хавфсизлик манфаатларига таҳдид солаётган бу ёвуз, радикал диктатурани тўхтатиш учун кенг кўламли ва давомли операцияни амалга оширмоқда. Биз уларнинг ракеталарини йўқ қиламиз ва ракета саноатини таг-томири билан барбод қиламиз. У бутунлай, яна айтаман, мутлақо йўқ қилинади".
Трампнинг айтишича, Эрон ядровий дастурини қайта тиклашга уринган ва узоқ масофали ракеталар ишлаб чиққан, бу эса «АҚШ ва унинг иттифоқчилари учун жиддий таҳдид»дир.
Трамп Эронни «дунёдаги терроризмнинг асосий ҳомийларидан бири» деб атади.
Унинг таъкидлашича, операциянинг мақсади — «Эрон томонидан келаётган бевосита таҳдидларни бартараф этиш», жумладан унинг ракета салоҳиятини йўқ қилишдир.
Шу билан бирга Трамп Эрон қуролли кучлари ва Ислом инқилоби посбонлари корпусини қурол ташлашга чақирди, Эрон фуқароларига эса ҳозирча паноҳгоҳларда қолишни, зарбалар тугагач «ўз тақдирини ўз қўлига олиш» имкони борлигини айтди.
Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяҳу ҳам қўшма зарба «эрон халқи ўз тақдирини ўз қўлига олиши учун шароит яратади» деб баёнот берди.
Эрон ТИВи зарбалар бошланганидан бир неча соат ўтиб баёнот бериб, АҚШ ва Исроил мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ва фуқаровий объектларга ҳужум қилганини, бу орқали Эроннинг “ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини қўпол равишда бузганини” билдирди. ТИВ таъкидлашича, операция ядровий дастур бўйича музокаралар авж паллада бўлган пайтда бошланган.