Нега Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларда президент бетоб бўлгани ҳақида миш-миш тарқалса, расмий ва батафсил изоҳ берилмайди? Бу саволларга экспертлар билан жавоб излаймиз.
Тожикистон: икки ҳафталик сукут ва саволлар
2026 йил феврал ойи бошида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон икки ҳафта жамоатчиликка кўринмади. Ижтимоий тармоқларда ва айрим интернет манбаларида унинг "юраги оғригани", "хорижда даволанаётгани" ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалди. Расмий изоҳ берилмади.
Давлат раҳбарининг "касаллиги" хақида гап-сўзлар кўпайган айни паллада, 15 феврал куни Раҳмон Осиё инфратузилма инвестициялари банки раҳбари билан учрашди ва Хитой лидери Си Цзинпинга анъанавий Янги йил байрами муносабати билан видеотабрик йўллади. Илгари бундай табриклар одатда ёзма шаклда эълон қилинар эди. Айрим кузатувчилар буни тарқалган миш-мишларга билвосита жавоб сифатида ҳам баҳоладилар.
Шундан сўнг Раҳмоннинг Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари билан учрашув суратлари, Рамазон ойи муносабати билан видеотабриги ҳам эълон қилинди. Икки ҳафталик танаффус ва соғлигига доир саволлар эса очиқлигича қолди.
74 ёшли Эмомали Раҳмоннинг саломатлиги ҳақида миш-мишлар аввал ҳам кузатилган ва бу мавзу жамоатчиликда доимий қизиқиш уйғотиб келади.
Тожикистон - Марказий Осиёда раҳбар саломатлигига оид маълумотлар ёпиқ ягона давлат эмас. Минтақада раҳбарлар саломатлиги нега ёпиқ мавзу экани ҳақида таҳлилчи Брюс Панниер қуйидагича фикр билдиради:
“Президент саломатлиги масаласи расмийлар томонидан одатда ёпиқ сақланади. Бу, қисман Совет давридан қолган анъана билан боғлиқ. Марказий Осиёда ҳам 1990-йиллар бошида бу жиддий муаммо сифатида кўрилмаган. Аммо Сапармурод Ниязов (Туркманистоннинг собиқ президенти - таҳририят) узоқ вақт жамоатчилик олдида кўринмай қолганидан кейин одамлар етакчиларнинг қаерда экани ва соғлиги ҳақида очиқ савол бера бошлади. Шундан бери бу минтақадаги давлатларда раҳбар қисқа муддатга кўринмай қолса, бу оддий ҳол ҳисобланади, лекин бир неча ҳафта кўринмаса, табиий равишда миш-мишлар пайдо бўлади. Чунки уларнинг аксарияти 60 ёшдан ошган, аммо расмийлар одатда фақат “таътилда” ёки “иш билан банд” деган жавоб билан чекланади”.
Ўзбекистон: ахборот сиёсати мероси
Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг ўн йиллик президентлиги давомида унинг саломатлигига доир алоҳида изоғ бўлмаган. Ҳатто у таътилга чиққанлиги ҳақида ҳам ҳеч қандай хабар берилмаган. Расмий ахборотда давлат раҳбарининг доимий иш фаолияти акс эттирилади.
Сиёсий таҳлилчи, Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence маркази раҳбари Алишер Илҳомов бу ҳолатни давлат бошқарув тизими билан боғлайди:
“Давлат раҳбарлари ва ҳукумат бошлиқлари — оддий одамлар, улар ҳам касал бўлади. Улар баъзан енгил касалликка чалинган бўлиши ҳам мумкин, ёки жиддий бетоб бўлиб, вақтинча бўлса ҳам, давлат раҳбари сифатидаги вазифаларини бажара олмай қолишлари эҳтимоли бор. Бундай ҳолларда дунёдаги кўплаб мамлакатларда муайян қоидалар, қонунлар белгиланган, ҳатто Марказий Осиё мамлакатларида ҳам, формал жиҳатдан бўлса-да, маълум даражада шундай нормалар мавжуд. Айниқса, буни ривожланган, ғарб демократик давлатлари мисолида яққол кўриш мумкин, у ерда ҳокимиятнинг ҳақиқий бўлиниши ва давлат институтларининг ривожланиш даражаси юқори”.
Кузатувчилар фикрича, Ўзбекистондаги ахборот сиёсати собиқ президент Ислом Каримов даврида шаклланган.
2016 йил август ойида Каримовнинг оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида дастлаб халқаро ва норасмий манбалар хабар берган. Расмий маълумот бир неча кундан кейин тақдим этилган. 2 сентябр куни унинг вафоти расман эълон қилинган. Айни дамда ахборот вакууми юзага келиб, турли тахминлар тарқалган.
Бу ҳолат жамоатчилик ишончига қандай таъсир кўрсатишини Брюс Панниер шундай изоҳлайди:
“Ислом Каримов 2016 йилда инсульт билан касалхонага ётқизилгани расман маълум қилинганида, жамият дарҳол унинг вафот этгани ҳақида ўйлай бошлади. Чунки бунгача бундай хабарлар берилмаган эди. Шу сабаб, Марказий Осиёда расмий равишда “президент оғир аҳволда касалхонага ётқизилди” деган хабар чиқса, кўпчилик унинг вафот этганини тахмин қилади”.
Таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг таъкидлашича, минтақада ҳокимиятни вақтинча топшириш механизми мукаммал эмаслиги ҳам раҳбарлар саломатлигига оид масалани мураккаблаштиради:
“Ўзбекистонда ва умуман Марказий Осиёда ҳозирда вице-президент институти мавжуд эмас. Бу кўп жиҳатдан Ислом Каримов ҳукмронлигининг бошидаги авторитар тажриба билан боғлиқ. У президент этиб сайланганидан сўнг, вице-президент лавозимини жорий қилган ва унга Шукрулло Мирсаидов тайинланган эди. Бироқ тайинловдан кўп ўтмай, улар орасида зиддиятлар пайдо бўлди. Каримов ўз ҳокимиятига таҳдиддан қўрқиб, 1992 йил бошларида бу лавозимни бекор қилди. Шу билан президент касал бўлиб, давлатни бошқара олмай қолган ҳолатларда уни алмаштириш механизми амалда йўқолди. Кўринадики, бу тажрибадан Марказий Осиёнинг бошқа президентлари ҳам хулоса чиқаришган ва ҳозирча ҳеч бир мамлакатда бундай лавозим йўқ”.
Қозоғистон: президент саломатлиги - давлат сири
2025 йилда Қозоғистонда "Давлат сирлари тўғрисида"ги қонунга киритилган ўзгартишлар амал қила бошлади. Унга кўра, президентлар, собиқ президентлар, шунингдек уларнинг оила аъзолари соғлиғи ва шахсий ҳаётига оид маълумотлар давлат сири сифатида таснифланиши ва тарқатилиши тақиқланиши керак. Бироқ расман махфийлаштирилмаган тақдирда ҳам бундай маълумотлар жамоатчилик учун ёпиқ ҳисобланади.
2026 йилнинг 5 январида Turkistan нашрида чоп этилган интервьюсида 72 ёшдаги президент Қасим-Жомарт Тоқаев ўз соғлиғи атрофидаги "турли гап-сўзлар" ва сезиларли даражада озиб кетгани ҳақидаги саволга жавоб берар экан, саломатлигидан шикоятлари йўқлигини айтган.
"Қон босимим барқарор, меъёрда. Ҳар куни йога билан шуғулланаман, аммо медитациясиз. Ҳафтада бир-икки марта собиқ профессионал ўйинчи билан стол тенниси ўйнайман. Ростдан ҳам тўққиз килограммга оздим, бу эса ўзимни яхшироқ ҳис қилишимга ёрдам берди", — деган Тоқаев.
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотлар ҳам жамоатчиликка очиқ бўлмаган.
2011 йил июль ойида давлат раҳбари қисқа таътилда бўлган пайтда, Германиянинг Bild таблоиди Назарбоев Германиядаги Гамбург-Эппендорф клиникасида простата бези бўйича операция қилингани ҳақида ёзган. Аммо бу хабар расман инкор этилган.
Назарбоевнинг оғриб қолгани ҳақида расман фақат бир марта, 2016 йилда айтилган. Матбуот котиби у шамоллаш сабабли режали даволанишдан ўтаётгани ва умуман олганда саломатлиги хавотирли эмаслигини билдирган.
Айни дамда Назарбоевнинг Арманистонга режалаштирилган ташрифи бекор қилинган. Ахборот воситаларида ёзишича, бу ташриф мақбул деб ҳисобланмаган.
"Назарбоевнинг соғлиғи ҳақида одатда изоҳ бермайдиган президент администрацияси Марказий Осиё давлатлари учун ноодатий баёнот қилди ва президент шамоллашдан даволаётганини билдирди. Шу боис баъзилар буни ҳафта охирида Ереванда ўтадиган, Россия бошчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти йиғинига бормаслик учун сабаб сифатида айтилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилди" - деб хабар берган Reuters агентлиги.
Ўша пайтда Озарбайжон ва Тоғли Қорабоғдаги арман сепаратистлари ўртасидаги можаро сабабли Астана билан Ереван ўртасидаги муносабатлар таранг бўлгани хақида хабарлар тарқалганди.
Марказий Осиёда шаклланган сиёсий тизимлар хусусиятини баҳолар экан, Брюс Панниер Қозоғистон ва бошқа давлатлар мисолида қуйидагича фикр билдирди:
“Марказий Осиёда шаклланган сиёсий тизимларда президент бўлсангиз, турли сабабларга кўра одамларга касал эканингизни ошкор қилмайсиз. Чунки душманларингиз бўлиши мумкин. Шундай экан, ўзингизни ҳимоя қила олмайдиган ҳолатга тушиб қолганингиздан кимдир фойдаланишини истамайсиз. Рақиблар фаоллашиши мумкин, ички кураш кучайиши эҳтимоли бор. Шунинг учун раҳбарлар ўз саломатлиги ҳақида очиқ айтишни истамайдилар. Ёпиқ тизим президент учун қулай. Чунки бу ҳолатда ҳокимият ичидаги ихтилофлар ёки кучлар мувозанати бузилиши хавфи камаяди. Аммо жамият учун бу ноаниқлик демакдир".
Қирғизистон: нисбатан очиқ амалиёт
Қирғизистон минтақада нисбатан очиқ амалиёт кузатиладиган давлат сифатида тилга олинади. Экспертлар буни сиёсий муҳит, фаол ахборот воситалари ва жамоатчилик назоратининг кучи билан изоҳлайди.
2016 йилда Алмазбек Атамбаев президент бўлиб турган пайтда саломатлиги сабаб Нью-Йоркка режалаштирилган ташрифини бекор қилган. У Истанбулга етиб борганида кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлгани хабар қилинган ва сафар шу ерда тўхтатилган. Шунингдек, Атамбаевни тиббий замбилга ётқизилган ҳолда олиб кетаётгани акс этган сурат ҳам оммага тарқалган.
2020 йилда Сўўрўнбай Жээнбеков президентлигида саломатлик туфайли Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этмаган. Россияга у билан бирга борган делегация аъзоларидан икки нафарида коронавирус аниқлангач, Жээнбеков уч кунлик изоляцияга жойлаштирилгани маълум қилинган.
2021 йилда президент Садир Жапаров кўзидан операция бўлгани ҳақида расмий хабар берилган. 57 ёшдаги давлат раҳбари ўзини фаол ҳаёт тарзи олиб борадиган лидер сифатида кўрсатади ва футбол ўйнаб туради. Танқидий фикр билдирганларга у 2023 йилда "эрталабдан кечгача интернетда ўтирмасдан, спорт билан шуғулланишни" маслаҳат берган.
Бишкеклик медиа-эксперт Асел Сооронбаева раҳбарлар саломатлигига оид масалани қуйидагича баҳолайди:
“Мамлакатда авторитар тузум қанчалик кучли бўлса, давлат раҳбари халқдан шунчалик узоқлашади, авторитарлик даражаси пастроқ бўлса, раҳбарлар элга яқинроқ бўлади. Масалан, Қирғизистонда президентлар касал бўлганини яширмай, очиқ айтиб келишади. Бу орқали "биз ҳам оддий одаммиз" деган мессеж берилади. Бунда оммавий ахборот воситаларининг эркин ёза олиши ҳам муҳим омил. Қирғизистон узоқ йиллар Марказий Осиёда "демократия оролчаси’" сифатида тилга олинган ва сўз эркинлиги бўйича етакчи ҳисоблангани боис, журналистлар президент саломатлиги ҳақида ёзишдан қўрқмайди. Агар президент кўринмай қолса, журналистлар бунга қизиқишади ва жавоб олишади. Албатта, агар давлат раҳбари касал бўлса, бу ҳақда айтилади, аммо батафсил тиббий хулосалар эълон қилинмаслигини ҳам таъкидлаб ўтишим керак. Шунга қарамай, минтақанинг бошқа давлатларига нисбатан Қирғизистонда раҳбарлар касаллиги ҳақида очиқ маълумот бериш амалиёти анча кенг тарқалган”.
Туркманистон: чекланган ахборот
Кузатувчиларга кўра, Туркманистонда президент саломатлигига оид маълумотлар жуда чекланган. Сапармурат Ниязов давридан бошлаб президентнинг шахсий ҳаёти, жумладан соғлиги ҳақида маълумотлар очиқ муҳокама қилинмаган. 2006 йилда унинг вафоти расман эълон қилингунига қадар саломатлиги ҳақида кенг маълумот берилмаган.
Бу амалиёт кейин ҳам давом этди. Гурбангули Бердимуҳамедов ва ҳозирги президент Сердар Бердимуҳамедов даврида ҳам раҳбар соғлиги ҳақида батафсил ахборот эълон қилинмайди.
Брюс Панниер буни қуйидагича изоҳлайди:
“Бу ерда асосий масала — махфийлик. Масалан, 2019 йилда Гурбангули Бердимуҳамедов бир ойдан ортиқ жамоатчиликка кўринмай қолганида, у ҳақиқатдан ҳам оғир ҳолатда бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалди, аммо расмий маълумот берилмади”.
Халқаро тажриба
Дунё тажрибасида давлат раҳбарининг саломатлиги кўп ҳолларда очиқ ахборот доирасига киради. Айрим ривожланган мамлакатларда бу жамоатчилик манфаатига дахлдор масала сифатида қаралади.
Масалан, АҚШда президентлар мунтазам тиббий кўрикдан ўтади ва унинг қисқача натижалари эълон қилинади.
Буюк Британияда 2020 йилда бош вазир Борис Жонсон реанимацияга тушгани расман айтилган ва унинг ваколатлари вақтинча ҳукуматнинг бошқа аъзосига топширилган.
2024 йилда Букингем саройи қирол Карл IIIда саратон касаллиги аниқланганини маълум қилган. Бир неча ойдан кейин унинг келини, Уэльс маликаси Кэтрин видео мурожаат қилиб, тўққиз ой давом этган саратонга қарши даволаниш курсини тугатганини айтган.
Британия жамоатчилиги қироллик оиласи аъзоларига ўз касаллиги ҳақида очиқ гапиргани учун миннатдорлик билдирган. Бу саратон билан курашаётган оддий британияликлар учун ҳам руҳий қўллаб-қувватлаш деб баҳоланган.
Европанинг қатор давлатларида жиддий жарроҳлик ёки касаллик ҳолатлари ҳақида расмий баёнот берилади ва шаффофлик масаласи қатори кўрилади.
Яна мақола бошидаги саволга қайтамиз: президент саломатлигидан ҳалқ хабардор бўлиши керакми ёки буни давлат сири даражасида сақлаш лозимми?
Форум