Бу ҳақда 17 февраль куни Region телеканали раҳбари ва сиёсатчига яқин деб қараладиган журналист Ўткирбек Раҳмонов хабар берди. У ижтимоий тармоқда Ташиевнинг яқинлари билан хайрлашаётганини акс эттирган қисқа видеони жойлади. Бироқ унинг мамлакатдан чиқиб кетиши сабаблари ёки мақсади ҳақида аниқ изоҳ берилмади.
Айни пайтда Қирғизистон Конституциявий суди президент Садир Жапаровнинг келгуси президентлик сайловларида қатнашиши бўйича қарор қабул қилди. Жапаров ва Ташиев атрофидаги сиёсий вазият ҳам айнан шу масала — президент сайлови билан боғлиқ ҳолат туфайли кескинлашган эди.
Кутилмаганда лавозимдан бўшатиш
10 февраль куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров фармони билан Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан ҳамда Вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари вазифасидан озод этилган эди. Шу куни унинг бир қатор ўринбосарлари ҳам ишдан олиниб, уларнинг ўрнига янги раҳбарлар тайинланган.
Ташиев ўша пайтда Германияда даволанаётганини айтиб, лавозимдан озод этилгани ҳақидаги хабар унинг учун кутилмаган бўлганини билдирган ва 13 февраль куни Бишкекка қайтган. Тарафдорлари яқин кунларда матбуот анжумани ташкил этилишини маълум қилган бўлса-да, бундай тадбир ўтказилмади.
Президент Жапаров “Кабар” миллий ахборот агентлигига берган изоҳида Ташиевни лавозимдан озод этиш ҳақидаги қарорни унга телефон орқали маълум қилганини ва бу ҳолат уларнинг шахсий муносабатларига таъсир қилмаслигини билдирган. Шунингдек уни ишдан бўшатиш қарори давлат ва халқ тинчлиги, бирдамлиги учун қабул қилинганини таъкидлаб, Ташиев билан дўстлигича қолишини айтган.
16 февраль куни Садир Жапаровнинг “Кабар” агентлигида катта интервьюси эълон қилиниб, унда мазкур масалага батафсил тўхталган:
“Кеча оқшомда уни қабул қилдим. “Дам ол, дўстим, соғлиғингга эътибор бер, тинч юр”, дедим. Дўстимнинг айтишича, “оқсоқоллар” деймизми, “кўксоқоллар” деймизми, ҳеч ким билан гаплашмаган. Шунинг учун мен хулоса чиқардим: демак, улар дўстимга билдирмасдан, ўзларича яширин режа билан иш юритишган экан”.
Президент шунингдек, Ташиев эндиликда давлат хизматида ишламаслигини ҳам қўшимча қилган.
Президент сайловига боғлиқ баҳсли вазият
Бу воқеалардан сал олдин, 9 февралда аввал сиёсий хизматларда ишлаб кетган 75 нафар шахсдан иборат гуруҳ муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш таклифини илгари сурган. Кейинчалик бу мурожаатнинг айрим иштирокчилари унинг мазмуни билан танишмасдан имзо чекканини айтишган. Ушбу жараён доирасида беш киши қўлга олиниб, Жиноят кодексининг "Оммавий тартибсизликлар" моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Президентнинг таъкидлашича, парламентда турли сиёсий фикрлар туфайли қарашлар бўлина бошлаган, бу ҳолат жамоатчилик муҳокамаларида ҳам акс этган.
Жапаров президент сайловининг муддатига ойдинлик киритиш учун Конституциявий судга мурожаат қилган ва улардан тушунтириш сўраган.
Президент сайловини аниқлаш атрофидаги баҳсли масалалар фонида Конституциявий суд 17 февралда қарор чиқарди. Унга кўра, Жапаровнинг ҳозирги президентлик муддати 2027 йилда якунланади. Унинг бу муддати 2010 йилги Конституция асосида бошланган бўлиб, ўша қонунга кўра президент бир марта етти йилга сайланар эди. Шу етти йиллик муддат 2027 йилда тугайди.
Суд шу амалдаги етти йиллик муддатни 2021 йилда қабул қилинган янги Конституция бўйича Жапаровнинг биринчи президентлик муддати сифатида ҳисоблашга қарор қилди.
2021 йилги Конституцияга мувофиқ, президент энг кўпи билан икки марта беш йиллик муддатга сайланиши мумкин. Шунинг учун Жапаров 2027 йилдан кейин яна бир марта беш йиллик муддатга номзодини қўйиши мумкин бўлади.
Тандем бўлиниши хақида таҳминлар
Расмий маълумотларга кўра, Ташиевнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш Давлат қўриқлаш хизмати томонидан давом эттирилмоқда ва бу масала бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.
Давлат парламенти - Жогорку Кенеш депутати Шаирбек Ташиев “Озодлик”нинг қирғиз хизматига берган интервьюсида акаси Қамчибек Ташиевнинг соғлиғи ҳозир яхши эканини билдирган:
“Мен у билан учрашдим. Ака-ука сифатида муносабатимиз яхши. Ота-онамиз вафот этганидан кейин Ташиевлар оиласида ҳам ота, ҳам она ўрнини шу киши эгаллаган. Даволаниб келганидан кейин соғлиғи бироз яхшиланди, лекин уни мустаҳкамлаш учун яна вақт керак. Президент қабул қилган қарорларга келсак, барча ходимлар ва фуқаролар президент қарорига амал қилишлари шарт. Бу - президентнинг қонуний қарори. Биз уни тўғри ёки нотўғри деб баҳолашга даъвогар эмасмиз. Бу қарор оиламизда ҳеч қандай резонанс келтирмади”.
Қамчибек Ташиев узоқ йиллар давомида президент Садир Жапаровнинг яқин сиёсий ҳамкорларидан бири сифатида танилиб келган ва унинг ҳокимиятга келишида фаол қўллаб-қувватловчилардан бири бўлган.
Шу билан бирга, у махсус хизматни бошқарган даврда айрим сиёсий танқидлар ва ижтимоий тармоқлардаги фикрлар учун ҳуқуқий таъқиб ҳолатлари кўпайгани ҳақида ҳуқуқ фаоллари айтиб келмоқдалар. Сўз эркинлиги бўйича ҳалқаро индексларда ҳам Қирғизистоннинг рейтингги сўнгги йилларда пастлаган. Расмий идоралар эса бу чораларни мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш зарурати билан изоҳлаб келадилар.
Қирғизистон сиёсий майдонида аввал миллатпарвар, кейин эса ватанпарвар сиёсатчи сифатида танилган Қамчибек Ташиев махсус хизматга беш йилдан ортиқ раҳбарлик қилган даврида ўзини қаттиққўл раҳбар қилиб намоён этди. Унинг фаолияти даврида давлат амалдорларини ишдаги камчиликлар учун танқид қилиши, айрим ҳолатларда эса йиғилиш жараёнида ҳибсга олиш билан боғлиқ воқеалар кузатилган.
Ташиев билан боғлиқ ҳозирги вазият айрим таҳлилчилар томонидан қирғиз сиёсий саҳнасида кўп йиллар давом этган тандемнинг бўлиниши сифатида ҳам баҳоланмоқда. Бу жараён нафақат Қирғизистон ички ахборот майдонида, балки Марказий Осиё минтақаси ва Россия медиасида ҳам кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Форум