Линклар

Шошилинч хабар
06 феврал 2026, Тошкент вақти: 23:51

Қурилишда мигрантлар сони қисқаради. Россияда янги қоидалар

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россияда мигрантларга оид чекловлар яна кучайтирилиб, қурилиш, такси ва юк ташиш соҳаларида уларнинг улуши сезиларли даражада қисқармоқда.

Расмийлар бу чораларни “қонунсиз миграцияга қарши кураш” деб изоҳлайди.

Айни дамда, бир йил ичида Россиядаги чет элликлар сони қарийб миллион кишига камайган, мигрантлар фарзандлари сони эса тахминан 25 фоизга озайган.

Қурилиш ва таксига чеклов

Янги қарорга премьер-министр Михаил Мишустин 23 январда имзо чеккани айтилмоқда.

Рус матбуоти ҳамда migrant.uz портали маълумотларига кўра:

  • Қурилиш соҳасида мигрантлар улуши 80 фоиздан 50 фоизга туширилди;
  • Такси ва юк ташиш соҳасида мигрантлар улуши 24 фоиздан ошмаслиги керак;
  • Мигрантларга алкоголь ва тамаки сотиладиган жойларда, дорихоналарда, дори савдоси билан боғлиқ ширкатларда ишлаш тақиқланади;
  • Сабзавот етиштириш, ўрмон хўжалиги ва ёғочни қайта ишлашда ҳам мигрантлар улуши 50 фоиздан 40 фоизга камайтирилди.


Бу талабларга амал қилмаган компанияларга миллион рублгача жарима солиниши ва фаолияти уч ойгача тўхтатилиши огоҳлантирилган.

Migrant.uz портали муассиси, юрист Ботиржон Шермуҳаммад янги чекловларнинг ўзбекистонлик мигрантларга таъсири хақида шундай дейди:

Ботиржон Шермуҳаммад
Ботиржон Шермуҳаммад

"Энг катта ўзгариш қурилиш соҳасида кузатилмоқда. Ўтган йили бу соҳада ишчиларнинг 80 фоизигача чет элликлар бўлиши мумкин эди. 2026 йилдан эса бу лимит 50 фоизга туширилди. Яъни, қурилиш компанияларида чет эллик ишчилар умумий ишчи кучининг ярмидан ошмаслиги шарт. Бундан ташқари, яна бир муҳим ўзгариш такси ва юк ташиш соҳасига тааллуқли. Илгари бу йўналишда чекловлар йўқ эди, энди эса расмий корхоналарда чет эллик юмушчилар улуши 24 фоиздан ошмаслиги белгиланди. Бу соҳада ўзбек ватандошларимиз кўп ишлайди, шунинг учун бу талаб уларга тўғридан-тўғри салбий таъсир кўрсатади".

Юристнинг таъкидлашича, Россиянинг турли ҳудудларида ҳам маҳаллий ҳокимиятлар жорий этган алоҳида чекловлар сақланмоқда. Краснодарда чет элликларга 88 йўналишда ишлаш тақиқланган, Москва вилоятида эса хизмат кўрсатиш ва овқатланиш соҳаларига чекловлар қўйилган.

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ботиржон Шермуҳаммад патент нархлари ошганини ҳам қайд этди: Краснодарда ойлик тўлов 17 мингдан 27 минг рублга, Москва шаҳри ва вилоятида 8900дан 10000 рублга, Санкт-Петербургда эса 6000дан 8000 рублга кўтарилган.

"Ватандошларимиз патент қимматлагани ҳақида тезда хабардор бўлишади. Аммо бошқа чекловлар ва ҳукумат белгилаган лимитлар ҳақида вақтида билмай қолишлари мумкин, чунки бу борада маълумотлар кенг тарқатилмайди. Натижада, улар ҳужжатларга пул сарфлаган бўлса-да, ишсиз қолиб кетиш эҳтимоли бор. Бу эса моддий зарарга ва сарсон бўлишга олиб келади" - дейди юрист.

Россияда чет элликлар, жумладан, ўзбекистонлик мигрантлар патент билан ишлайди, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирган давлатларнинг фуқаролари бундан мустасно. Патентни Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий миграция бўлинмалари беради.

Таҳлилчилар кузатишича, Ўзбекистонга чет элдан келадиган пул ўтказмаларининг асосий қисми Россиядан жўнатилган маблағларга тўғри келади. Лекин охирги йилларда бу улуш камаймоқда. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг маълумотларига кўра, 2025 йил охирида Россиядан юборилган пул ўтказмалари чет элдан келган умумий маблағнинг тахминан 77 фоизини ташкил этган. 2022 йилда эса, Россия Украинага бостириб кирган пайтда, бу кўрсаткич 82 фоиз атрофида бўлган.

2025 йил 19 июнда Владимир Путин Москва билан Тошкент миграция масалаларини биргаликда ҳал қилишини билдирган. Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева, президент админстрацияси раҳбари бўлиб тайинланишидан сал олдин Москвада бош вазир Михаил Мишустин билан учрашиб, мигрантларга патент бериш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга оширишни таклиф этган, аммо унинг натижаси ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Мигрант болалар камайди

28 январдан Россияда яна бир қонун кучга кирди. Унга кўра, ички ишлар ва таълим муассасалари хорижлик болалар ҳақида маълумот алмашади. Бу маълумотлар вазирлик базасига киритилиб, рақамли профил шакллантирилади.

Ички ишлар вазирлиги вакили Ирина Волкнинг маълум қилишича, мигрант болалар сони ўтган бир йил давомида бир йилда қарийб 25%га камайган.

2025 йил апрелдан мактабга қабул қилишда рус тили имтиҳони жорий этилгани сабаб кўп болалар ўқишга киролмаган. Рособрнадзор ўтган йил сентябрда чет эллик болаларнинг 87,5% мактабга қабул қилинмаганини билдирган.

2025 йилнинг декабрида Москва вилоятида содир бўлган фожеа - тожикистонлик 10 ёшли Қобилжоннинг мактабда ўлдирилиши эса мигрант болаларнинг ижтимоий ҳимоясизлиги масаласини кун тартибига чиқарган.

Шунингдек, январ охирида Ички ишлар вазирлиги вакили Александр Пережогин Россиядаги чет элликлар сони 10% камайганини маълум қилгани хақида “Ведомости” нашри ёзди. Унга кўра бир йил олдин 6,3 миллион чет эллик бўлса, ҳозир 5,7 миллион қолган.

Рус полицияси ходими кўчада одамларни назорат қиляпти. Архив.
Рус полицияси ходими кўчада одамларни назорат қиляпти. Архив.

Тартиб, тазийқ ва уруш

2024 йилда Москвадаги “Крокус Сити Холл”даги ҳужумда камида 145 киши ҳалок бўлиб, тожикистонликлар терактга гумонланиб қўлга олинган. Шу воқеадан кейин Россияга Марказий Осиё мамлакатларидан бориб ишлаётган мигрантларга муносабат кескин салбийлашган.

Ҳукумат талабларни кучайтириб, миграцияга қарши рейдлар фаоллаштирилди. Тазийқ ва қўпол муомала акс этган видеолар тарқалганидан кейин, Ўзбекистонни қўшган ҳолда бир нечта давлат Москвага нота йўллади. Кремл ҳолат ўрганилаётганини айтди, аммо ноталардаги талаблар бўйича аниқ чоралар ҳақида маълумот бермади.

Расул Кушербоев
Расул Кушербоев

"Россияда мигрантлар, айниқса ўзбекистонликлар нимадандир норози бўлиб, оммавий ҳаракатларга қўл уришини кутишаёгандек ҳолат яратилмоқда. Гўё уларнинг жиғига атайин тегилаётгандек. Бу орқали мақсад - марказий осиёликларни, жумладан ўзбекистонликларни Россиядан чиқариб юбориш ёки уларни уруш мақсадларида тирик куч сифатида ишлатиш учун асос топиш деб ўйлайман. Уларни қамоққа олиб, кейин урушга юбориш ҳақида таклифлар берилаётгани ҳам айтилади. Россия томони буни яширса-да, амалда жуда кўп марказий осиёликлар, хусусан ўзбекистонликлар урушга мажбур қилинаётгани инкор қилиб бўлмайди. Демак, бу ҳаракатлар фақат баҳона сифатида қўлланилмоқда" - дейди Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Расул Кушербоев.

Аммо Россия ахборот воситаларига кўра, рус жамоатчилиги ва расмийлари миграция масаласини миллий хавфсизлик ва ички тартибни таъминлаш нуқтаи назаридан кўради. Улар чеклов ва назорат чораларини давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий барқарорликни сақлаш ҳамда маҳаллий аҳоли эҳтиёжларини устувор қўйиш мақсадида жорий этилганини таъкидлайдилар.

Шу билан бирга ҳуқуқбонлар Россияда охирги йилларда турли сабаблар билан қамалган мигрантлар кўпайганини, улар таҳдид ва босим орқали урушга жалб қилинаётгани ҳақида огоҳлантириб келишмоқда. Маълумотларга кўра, Украинага қарши урушга ёлланганларнинг орасида Россияга иш излаб борган меҳнат мигрантлари бўлиб, уларга гўёки ҳарбий хизматнинг орт қисмида ишлаш учун юқори маош ва фуқаролик ваъда қилинади. "Озодлик" радиоси мухбирлари суҳбатлашган манбалар, шу жумладан алдов билан Украинага юборилганини айтган мигрантлар буни тасдиқлаган. Россия бунга расмий муносабат билдирмаган.

Украина ҳукуматининг "Яшашни истайман" лойиҳаси эса Россия томонида урушда иштирок этган юзлаб Марказий Осиёликлар, жумладан ўзбекистонликларнинг шахсларини аниқлагани ҳақида маълумот бериб келмоқда.

Айни пайтда Россияда ҳиндистонлик мигрантлар сони Москва ва Нью-Дели ўртасидаги меҳнат келишуви сабаб ортиб бормоқда. Экспертлар бу ҳолат Марказий Осиёлик мигрантлар учун рақобатни кучайтиши, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тазийқларнинг янада кўпайиши ва натижада уларнинг Россияни тарк этиши эҳтимоли ортишини тахмин қиладилар.

РБК нашри таҳлилига кўра, 2026 йили Россияда миграция сиёсати янада қатъийлашда давом этади. Россия президенти келаси беш йил учун, яъни 2026-2030 йилларда амалга оширилувчи давлат миграция сиёсати концепциясини тасдиқлаган. Бу оралиқда рақамли технологиялар орқали чет элликлар профили яратилади. Ҳужжатнинг асосий мақсади – ноқонуний мигрантлар сонини камайтириш деб асосланади. Шунингдек, ишга жойлашишда қонунчилик, тарих ва рус тили имтиҳонлари мураккаблаштириш, хориждаги русларни Россияга қайтишига давлат кўмак кўрсатиши белгиланган.

Ўзбек мигрантлар ва расмий муносабат

Ўзбекистонликларнинг Россияга меҳнат миграцияси турли даврларда иқтисодий ва сиёсий омиллар таъсирида ўзгариб келган. 1990-йиллардан буён миграция оқими турли босқичларда ўсиш ва пасайишни кўрсатган. 2020 йилда пандемия сабабли чекловлар кучайган, 2022 йилда Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли, кейинчалик рус ҳукуматининг кучайтирилган қоидалари ва куч органлари ходимларининг тазийқлари ортидан мигрантлар сони камая бошлади.

"Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан санкциялар ва иқтисодий қийинчиликлар кучайди. Бу ҳолат Россиядаги ўзбек мигрантлар ҳаёти ва даромадларига салбий таъсир кўрсатди. 2022 йилдаги уруш ва 2024 йилдаги "Крокус сити" воқеаси эса "мигрантларга қарши чораларни кучайтириш даври" бошланганини англатади. Россия ҳукуматининг бирин-кетин киргизаётган тақиқ ва чекловлари, қонунлари албатта ўзбекистонлик мигрантлар ишида ҳам салбий таъсир кўрсата бошлади" - дейди юрист Ботиржон Шермуҳаммад

2013 йилнинг июнида ўша пайтдаги президент Ислом Каримов Жиззах вилоятида фермерлар ва маҳаллий аҳоли билан учрашувда Россиядагит меҳнат мигрантларини “дангасалар” деб атаб, миграция орқали пул топишни ор-номусга зид деб ҳисоблашини айтган. Бу нутқ катта муҳокамага сабаб бўлгани билан Ўзбекистон ҳукуматининг мигрантлар ҳақидаги расмий муносабатни кўрсатиб берган.

2016 йилда ҳокимиятга келган Шавкат Мирзиёев чет элда ишлаётганларнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини эътироф этган ва уларни ўз ватанларида иш билан таъминлашга ваъда берган.

2023 йилдаги муддатидан олдин ўтган президент сайлови арафасида Мирзиёев Россиянинг номини тилга олмасдан, мигрантлар хақида бундай деган:

“Мусофир юртда турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб нон топиш албатта осон эмас. Биз чет элда даромад билан бирга тажриба ва малака орттираётган ана шундай юртошларимизга раҳмат айтишимиз керак. Улар бизнинг фарзандларимиз, ака-укаларимиз ва жигарларимиз десак, тўғри бўлади. Уларнинг билимини ошириб, Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўлайдиган мамлакатларга бориб ишлашига кўмаклашамиз”.

2025 йилнинг 11 июнида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Акмал Бурҳонов Россияда ишлаб юрган ўзбекистонликлар сони бир миллион атрофида эканини, 7-8 йил аввал бу кўрсаткич 5-6 миллион атрофида бўлганини айтган. У буни ўзбек ҳукуматининг фуқароларни бошқа давлатларга ишлашга йўналтириш сиёсатининг натижаси деб асослаган. Шунингдек Осиё тинч океани минтақасида, Европада ва Америкада ишлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини таъкидлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG