АҚШ Адлия вазирлиги Epstein Files Transparency Act - Эпштейн ҳужжатларида шаффофлик қонуни асосида терговда йиғилган 3 миллиондан зиёд саҳифа, 180 мингга яқин сурат ва 2 мингдан ортиқ видеодан иборат ҳужжатлар тўпламини жамоатчиликка эълон қилди.
Бу файллар - вояга етмаган болалар билан жинсий жиноятлар ҳамда юзлаб машҳур юлдуз, сиёсатчи ва ҳатто президентлар билан шахсий алоқалари боис катта халқаро можарога сабаб бўлган америкалик молиячи ва инвестор, эндиликда марҳум Жеффри Эдвард Эпштейн жиноят иши доирасида ошкор қилинмоқда.
Озодлик бу ҳужжатлар тўпламида ўзбекистонлик қизларга оид маълумотларни хам топди.
23 яшар Г.нинг орзуси
АҚШ Адлия вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган миллионлаб ҳужжат орасида 23 яшар (ҳозирда 35 яшар - таҳр.) самарқандлик қиз - Г.О.нинг, гўёки Жеффри Эпштейн билан тўғридан-тўғри ёзишмалари эълон қилинди.
Шу ўринда алоҳида эслатиш жоиз, АҚШ Адлия вазирлиги эълон қилган бу ҳужжатлардаги маълумотлар, шу жумладан Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар билан боғлиқ маълумотлар расман тасдиқланган факт ёки алоҳида шахсга нисбатан илгари сурилган айблов эмас.
Бу ёзишмалар мазмуни жуда оғир жиноятларда айбланган ва қамоқхонада ўлик ҳолда топилган миллиардер Жеффри Эпштейн жиноий фаолиятига ҳатто ўзбекистонлик қизлар ҳам илинган бўлиши мумкинлигига ишорат бермоқда.
Жумладан, моделлик ва кино соҳасига қизиқиш билдирган ҳамда инглиз тилини биладиган самарқандлик ёш қизнинг Эпштейн билан ёзишмалари бор ва 2011 йилдаги бу ёзишмалар мазмунидан улар шахсан танишдек кўринади:
“Салом Жеффри, сентябр ойининг охирида Парижда бўлишим учун фақат битта йўл бор — визамни ота-онамдан бири билан бирга узайтириш. Бизда ёлғиз ўзбек қизларига виза беришмайди — биламан, бу аҳмоқона. Мен бу саёҳатни режалагандим, лекин санада муаммо чиқяпти. Сен сентябрнинг 14-кунигача у ерда бўлишингни ёзганингда, мен буни тушундим. Тушунаман, қачон сенинг шошилинч ишинг чиқиши ёки чиқмаслигини олдиндан билмайсан”.
Яна қатор ёзишмаларда уларнинг 2011 йил октябрда Парижда учрашиш йўлларини муҳокама қилгани кўринади:
“Қайси вақтда етиб келасан?”
“Салом, Жеффри. Мен 30-куни Парижда бўламан. Сўраганингдек, меҳмонхона номи: Arcantis Fronchot 75009 Париж. Сен билан кўришишни сабрсизлик билан кутяпман. Ўзингни эҳтиёт қил, Г.”.
"Эпштейндан ёрдам"
Бу орада ўзбек қизи молиявий кўмак ёки қандайдир келишувлар асосида аввалдан ваъда қилинган тўловларни ўтказиб беришни қайта-қайта сўраган ёзишмалар ҳам учрайди.
Бундай электрон хатларда қизнинг тиш докторию бу докторнинг пахта термига чиқиши кераклиги ҳақида ҳам гап боради:
“Вақт фарқи сабабли, агар сен пулни тахминан бир соат ичида юборсанг, мен уни эртага ола оламан, акс ҳолда яна бир кун йўқолади. У эса мен учун ҳафтанинг 7 кунида ишлаяпти, чунки Ўзбекистонда пахта йиғим-терими бошланди ва октябр охирида барча шифокорлар икки ойга теримга кетишади, шунинг учун бу ишни унгача тугатишимиз керак”.
Ҳужжатларда ўзини Эпштейннинг ёрдамчиси сифатида тақдим қилган шахсларнинг самарқандлик Г. учун бир неча минг АҚШ доллари миқдорида пул жўнатгани, бир неча бор чипталар харид қилиб бергани ва хориждаги харажатларини ҳам қоплаб бергани кўринади.
Ўзбек қизи билан, гўёки Эпштейн ўртасида кечган ёзишмалар, Озодлик кўрган ҳужжатларда 2015 йилгача давом этади. Мактублардан бирида қиз 2015 йилнинг мартида Тошкентга қайтганини билдирган:
“Мен Тошкентга етиб келдим. Бу ерда ҳам сени соғиняпман”.
Дарвоқе, мактубларда ўзаро интим, хусусан яланғоч суратлар ҳақидаги ёзишмалар ҳам учрайди. Озодлик бу ёзишмалар мазмуни ҳамда қизнинг АҚШ Адлия вазирлиги сайтида очиқланган ҳужжатларда кўринган шахсига оид маълумотларни тўлиқ ошкор қилмаётир.
Кейинчалик бу қизнинг ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда инглиз тилидан дарс бергани, хорижга кетиш истагидан воз кечмаганига ишорат берувчи постлар учрайди.
Озодлик айни пайтда бу қиз билан боғланишга уринмоқда. Янгиликларни Озодликда кузатишда давом этинг!
“С. янги ўртоқ”дан таклиф
АҚШ Адлия вазирлиги расмий сайтида эълон қилинган миллионаб ҳужжат орасидаги Ўзбекистон ва ўзбеклар билан боғлиқ ёзишмаларда “С. янги ўртоқ” деган исм ҳам учрайди. Ёзишмалар мазмунидан бу шахс афтидан, Эпштейн ва ўзбек қизлари ўртасида воситачи бўлган:
“Бу менинг янги 22 ёшли ўзбек қизим. Илтимос, шу шахсий электрон мактубга жавоб бер”.
"Янги ўртоқ”нинг бу таклифи афтидан, Эпштейннинг бошқалар билан ёзишмаларида муҳокама қилинган:
“Ҳа ҳақсан, у яна икки йилга яхши, деб ўйлайман”.
Озодлик кўрган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Эпштейннинг ўзбекистонликлар ёки Ўзбекистонга алоқадор ёзишмалари 2008 йиллардан бошланиб, 2016 йилгача давом этган.
Уч миллиондан ортиқ матн, яна 2 мингдан ортиқ видео ва 200 мингга яқин сурат ҳозирда АҚШ Адлия вазирлиги сайтида очиқ турипти. Ҳали бу ҳужжатлар орасида ўзбекистонликларга оид кўплаб маълумотлар бўлиши мумкин.
"Эпштейн файллари"да Путин, Трамп, Лавров
Эпштейн иши дорасида очиқланган файлларда Марказий Осиёнинг Қирғизистон, Қозоғистон республикалари, Россия федерацияси ва бу давлатлардаги фуқаролар, таниқли шахслар ва сиёсатчилар билан боғлиқ маълумотлар ҳам кўп.
Хусусан, янгиланган "Эпштейн файллари"да Россия президенти Владимир Путиннинг исми минг мартадан ортиқ келтирилган.
Ҳужжатлар мазмунидан, 2010–2018 йиллар давомида Эпштейн Путин билан шахсан учрашишни хоҳлаган. Аммо бу учрашув бўлгани ёки бўлмагани номаълум. Қолаверса терговда Эпштейн ва Путиннинг алоқасига доир айблов борлиги ҳақида ҳам расман тасдиқланган маълумот йўқ.
Бундан ташқари, ёзишмалардан бирида Эпштейн, Россия Ташқи ишлар вазири Лавров билан учрашиб, АҚШ президенти Трамп ҳақида маълумот алмашишни режалагани, шундай қилса Россия томони Трампни яхшироқ тушунишига умид қилгани тушунилади. Аммо бундай учрашув бўлгани ёки бўлмагани ҳақида ҳам маълумот йўқ.
Аслида "Эпштейн иши" тергови доирасида эълон қилинган ҳужжатлар ва ўзаро ёзишмалардан дунёнинг технология соҳасидаги йирик вакиллари, АҚШда Молия маркази бўлган Уолл-стритнинг кучли брокерлари ва хорижлик мансабдор шахслардан тортиб, кўплаб қудратли пулдорларнинг номи чиқиб келмоқда.
Жумладан, очиқланган ҳужжатлар тўпламида Трампга оид маълумотлар бор. Хусусан, Эпштейн ва бошқалар Трамп ҳақидаги янгиликларни ўзаро ёзишган. Бундай ёзишмалар ва визуал материалларда Трампнинг сиёсати ва унинг оиласи билан яқин алоқалар ҳақида гап боргани кўринади.
Бундан ташқари, АҚШнинг собиқ президенти Билл Клинтон ҳам Эпштейн билан бирга кўп вақт ўтказгани, баъзан унинг шахсий самолётида бирга учгани ва Оқ Уйда учрашгани қайд этилган ҳужжатлар бор.
Аммо Клинтон ҳам, Доналд Трамп ҳам Эпштейннинг жиноятлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмагани ва муносабатларни 2006 йили Эпштейнга илк айблов қўйилган пайтдаёқ узганини билдирган.
АҚШ Адлия вазири ўринбосари Тодд Бланш эса, Федерал тергов бюроси “юқори мартабали шахслар ҳақида юзлаб қўнғироқ” олгани, лекин “бу маълумотларнинг ишончли эмаслиги тезда аниқланган”ини билдирди.
Шунингдек, Эпштейн файлларида номи учраган дунё миқёсидаги йирик шахслар ва сиёсатчилар, шоу-бизнес юлдузлари, пулдорлар ҳам терговга сабаб бўлган жиноятлар, жумладан ёш қизлар, болалар ёки аёлларга нисбатан жинсий ёхуд одам савдосига оид жиноятларга алоқадорлиги оид айбловларни қатъиян рад этмоқда.
Муҳими, эълон қилинган ҳужжатларда ҳам аксар таниқли шахсларнинг Эпштейн жиноятларига алоқадор эканини кўрсатувчи, бундай алодқадорликка ҳатто ишорат берувчи маълумотлар йўқ.
Жеффри Эпштейн ким?
1953 йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида туғилган, америкалик молиячи ва инвестор Жеффри Эпштейн 1980-йиллардан кўзга кўрина бошлаган.
Унинг инвестиция ва активларни бошқариш фаолияти орқали жуда бой ва нуфузли шахслар билан алоқалар қургани ва шу йўл билан катта капитал тўплагани айтилади.
Асосан, 1990–2000 йилларда бойиган Эпштейннинг шахсий самолёти, хусусий ороллари ва қасрлари бўлгани қайд этилган. 2008 йилга келиб эса, унинг вояга етмаган қизларга нисбатан жинсий зўравонлик қилгани ўртага чиққан ва судланган, аммо енгил жазо билан озод қилинган.
2019 йилда эса у яна инсон савдоси ва жинсий эксплуатация билан боғлиқ жиноятлар бўйича қўлга олинди ва бу гал қамалди. Ўша йилнинг 10 августида Нью-Йоркдаги қамоқхонада ўлик ҳолда топилди.
Расмий хулосага кўра, у ўз жонига қасд қилган, аммо бу хулосага шубҳа қилганлар ҳамда унинг ўлимига - у қурган жиноий фаолиятга кўплаб йирик шахслар, ҳатто президент даражасидаги расмийларнинг аралашганини яшириш мақсади сабаб бўлган, дея шубҳа қилувчилар кўпчилик. Буни иддао қилаётганлар орасида АҚШ ва дунёнинг кўзга кўринган етакчи сиёсатчилари ҳамда жамоатчилик арбоблари талай.
Шу боис, “Эпштейн иши” сўнгги ўн йиллардан буён АҚШ адлия тизими, элитасининг фаолияти ва мамлакатда очилмай қолаётган жинсий жиноятларга нисбатан жавобгарликнинг сустлиги ҳақидаги жиддий ижтимоий резонансни уйғотганича қолмоқда.
Форум