Жиноят иши доирасида Ўзбекистоннинг уч нафар фуқароси гумондор сифатида қўлга олинган.
Ахлат контейнеридан топилган жасад
Тафсилотларга кўра, 24 январ куни оқшомда Истанбулнинг Шишли туманида чиқиндиларни йиғиб юрган одам контейнер ичида ётган жасадни кўриб, полицияга мурожаат қилган. Жасад аёл кишига тегишли экани ва бош қисми йўқлиги қайд этилган. Айрим хабарларга кўра, бош суяги кейинчалик бошқа кўчада чемодан ичида топилган.
Маҳаллий полиция ўтказган экспертиза натижасида марҳуманинг шахси аниқланиб, у ўзбекистонлик 36 ёшли Дурдона Ҳокимова экани маълум қилинди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам буни тасдиқлади.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикасининг икки нафар фуқароси қўлга олинган. Улар Туркиядан Грузияга авиарейс орқали қочишга уринган вақтида ушланган. Бош консулхона дипломатлари томонидан марҳуманининг оила аъзолари билан алоқа ўрнатилди ҳамда уларга тегишли консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда” – дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати.
Маҳаллий матбуотда кейинчалик яна бир шахс гумонланувчи сифатида ушлангани хабар қилинди. Ҳозирча иш Туркияда тергов қилиниши ёки Ўзбекистонга топширилиши бўйича расмий маълумот йўқ.
Ҳали расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра, гумонланувчилардан бири полицияга аёл билан ўша куни танишганини ва келиб чиққан жанжал вақтида уни пичоқлаб қўйганини айтган.
Хабарларга кўра, консуллик Дурдона Ҳокимова етти йилдан буён Истанбулда яшаб, қонуний ишлаб келаётганини, икки нафар фарзанди борлигини билдирган.
Истанбул ва Анқарада норозилик намойишлари
Туркиядаги аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва фаоллар якшанба куни Истанбул ва Анқарада норозилик акцияларини ўтказишди. Euronews, BBC ва бошқа ахборот воситалари маълумотларига кўра, юзлаб аёллар “Эркак зўравонлигини тўхтатинг”, “Ўлдирилган аёллар учун адолат талаб қиламиз”, “Мигрант аёллар ёлғиз эмас” каби шиорлар ёзилган плакатлар билан чиқишган.
Намойишчилар қўлида Дурдона Ҳокимова исми ёзилган плакатлар ҳам бўлган. Улар жасад топилган жойга бориб, “Аёллар энди сукут сақламайди” деган шиорларни айтишган.
“Аёллар қотилликларини тўхтатамиз” платформаси ташаббуси йиғилган намойишчилар жиноят учун жавобгарлик талаб қилишган. Ташкилот вакили Ишил Курт баёнот бериб, жиноятчилар ўзларига жазо бўлмаслигига ишонган ҳолда жасадни очиқ ҳолда контейнерга ташлаб кетишганини таъкидлаган.
Ўзбекистондаги фаоллар бу воқеага нисабатан деярли муносабат билдиришмади.
Журналист Шуҳрат Шокиржонов Х ижтимиой тармоғига:
"Туркиянинг аёлларига қойил. Зўравонлик натижасида аёл ўлдирилдими — ялпи норозилик намойишга чиқишади. "Э, бу биздан эмас, бегона, ўзбекистонлик ябанжи экан", деб қараб ўтиришмайди..." - деб ёзди.
Туркия Ўзбекистон фуқаролари учун асосий меҳнат миграцияси йўналишларидан бири ҳисобланади. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил бошига келиб мамлакатда 58 400 нафар ўзбекистонлик расмий яшаш рухсатномаси билан рўйхатдан ўтган. Ўзбекистонликлар асосан хизмат кўрсатиш соҳаларида, қурилишда ва уй хўжалиги хизматида меҳнат қилади.
Тадқиқотлар жамланмаси сақланадиган йирик рақамли академик платформа – JSTOR базасида чоп этилган маълумотларда Туркиядаги ўзбек мигрантлари орасида аёллар эркакларга нисбатан юқори экани қайд этилган.
Зўравонлик статистикаси
Сўнгги йилларда Туркияда ўзбекистонлик аёллар билан боғлиқ бир нечта зўравонлик ҳолатлари қайд этилган.
Ахборот воситаларининг ёзишича, 2023 йили Дюзже шаҳрида ўзбекистонлик аёл турмуш ўртоғи томонидан пичоқлаб ўлдирилган. 2025 йилнинг апрелида Истанбулнинг Пендик туманида ўзбекистонлик эркак ўз турмуш ўртоғини пичоқлаб ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2025 йил август ойида эса Истанбулнинг Умрание туманида 35 ёшли ўзбекистонлик аёл турмуш ўртоғи томонидан ўлдирилгани ҳақида хабар тарқалган.
Туркияда аёллар ўлими бўйича расмий умуммиллий статистика эълон қилинмайди. Шу сабабли фаоллар ва ташкилотлар ҳолатларни ахборот воситалари хабарлари асосида юритади.
“Аёллар қотилликларини тўхтатамиз” платформаси маълумотларига кўра, 2025 йилда эркаклар томонидан 294 аёл ўлдирилган, яна 297 аёлнинг жасади шубҳали ҳолатларда топилган.
Ўзбекистонда ҳам аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари сўнгги йилларда кескин ошгани расмий ва халқаро манбаларда қайд этилмоқда.
2025 йил август ойида сенатор Малика Қодирхонова расмий статистикага таяниб маълум қилишича, йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйлаб 48 303 та зўравонлик ва тазйиқ ҳолати қайд этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга юқори. Шунингдек, 930 нафар аёл такрорий ҳимоя ордери олгани маълум қилинган. Сенатор ўшанда бу масалага жиддий эътибор қаратишга чақирганди.
Расмийлар гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича ишлар олиб борилаётганини таъкидлаб келаётган бўлса‑да, UN Women маълумотларига кўра, Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDG) доирасидаги гендерга оид кўрсаткичларнинг фақат 40,2 фоизи мавжуд. Мутаҳассислар бу ҳолатни аёллар ҳаётига оид бир қатор муҳим соҳаларда тўлиқ ва ишончли маълумот етишмаётгани билан изоҳлайди.
Human Rights Watch ташкилотининг 2024 йилги ҳисоботида ҳам қонунчиликда амалга оширилган ислоҳотларга қарамай, амалиётда аёлларни ҳимоя қилиш механизмлари етарлича самара бермаётгани қайд этилган.
Форум