Линклар

Шошилинч хабар
09 январ 2026, Тошкент вақти: 00:43

Paynet Xolis - монополия эҳтимоли хавотир уйғотмоқда


Ўзбекистонда 1 январдан бошлаб дўкон ва бозорларда QR код орқали тўлов жорий этилмоқда.

Буни амалга ошириш учун солиқ инспеторлари тадбиркорларни Paynet Xolis иловасидан рўйхатдан ўтишга ундашмоқда.

“Paynet ни регистрация қиласизлар, савдони шу билан бажарасизлар деб солиқ идоралари ходимлари келиб, ҳар битта бозорга, ҳар бир тадбиркорга жорий қилишни янги йилдан олдин бошлаган. 1 январдан расман ишга тушган экан”, дейди тадбиркор Ҳаётулло Байбаев.

Ўзбекистон президентининг ўтган йил 12 августида қабул қилган ва шу йил 1 январдан кучга кирган 247-сонли қарорига кўра, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахсларда рақамли платформаларда генерация қилинган электрон тўловларни қабул қилувчи махсус QR код бўлиши шарт.

Бундай кодни юкламаcлик касса аппаратидан фойданмаслик билан бир хил ҳисобланади ва жаримага тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Яъни, чакана савдо билан шуғулланувчи хусусий тадбиркор ёки пулли хизмат кўрсатувчи ўзбандлар тўловларни қабул қилиши учун назорат-касса машинаси ёки ҳисоб-китоб терминали бўлиши баробарида уларда энди махсус QR код ҳам бўлиши лозим.

Тадбиркорларнинг QR кодлардан фойдаланилмаётганлиги савдо қоидаларини бузиш деб малакаланиши мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзбандлар Paynet Xolis ҳамёнида жамланадиган тушумларидан 1 фоиз солиқ тўлайди.

Бундан ташқари тадбиркорлар шу ҳамёндан Humo ёки Uzcard карталарига пул чиқариб олиш учун Paynet Xolis фойдасига 0,9% комиссия ҳам тўлашга мажбур.

“Оборотдан 1 фоиз тўлайсизлар деяпти. 10 миллион оборот бўладиган бўлса 100 минг сўмни тўлаймиз. Лекин 0,9% комиссия деган нарса қаердан келган, шунга ҳайронмиз. 1 январдан ишга тушяпти бу. Бизга яхши бўладими, ёмон бўладими ҳали билмаймиз. Ҳали бузилиб қоладими бу, уни ҳам билмаймиз. Лекин, бошқа тўлов иловалари ҳам бўлса яхши бўларди. Ҳозир энди Paynet монополист бўлиб қоляпти-да? ”, дейди тадбиркор Байбаев.

Бундан олдин ўзбекистонлик бир қатор тадбиркорлар солиқ идоралари ходимлари уларни Paynet Xolis иловасидан рўйхатдан ўтишга мажбурлашаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда шикоят қилишган эди.

“Бу тизим фақат Paynet да ишлар экан, ўз ўзидан пул ўтказишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин ва бу монополяга ҳам олиб келиши мумкин”, дейди блогер Нодир Файз.

Солиқ қўмитасидан раддия

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси мажбурлов бўлаётганини рад қилиб чиққан.

“Солиқ органлари Paynet Xolis мобил иловасини ихтиёрий равишда ўрнатишни тавсия қилади. Агар солиқ органлари якка тартибдаги тадбиркорлар ва якка тартибдаги тадбиркорларни ушбу иловани ўрнатишга мажбурласа, сиз 1198 қисқа рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки маҳаллий солиқ органларига мурожаат қилишингиз мумкин”, дея баёнот берди қўмита.

Бу жараëнни шарҳлаган айрим иқтисодчилар¸ Ўзбекистондаги нақд пул "хазина"си бўлиб келган бу тизимнинг ҳозирча номлари тилга олинмаëтган ҳокимиятга яқин шахслар монополиясига ўтиш эҳтимолини тилга олишмоқда.

Уч йил олдин Озодлик суриштируви Ўзбекистондаги энг йирик тўлов тизими PAYNET 2022 йил 1 апрелидан “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” МЧЖга текин фойдаланишга берилганини айниқлаган.

Бу компания эгалари эса Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоевнинг қизи Назима Файзибоева ва унинг эри Бахтиëр Маҳкамовлар экани маълум бўлган эди.

Uzbekistan - Paynet Logo
Ҳуқуқий таҳлил: PAYNET МЧЖнинг INSTANT PAYMENT SOLUTIONS хусусий компаниясига ТЕКИН фойдаланишга берилиши давлат манфаатига ЗИД!

Манфаатлар тўқнашуви борасида хавотирлар


2023 йил июн ойида “INSTANT PAYMENT SOLUTIONS” компанияси фаолияти тугатилган.

Лекин Олимжон Файзибоев ҳанузгача Ўзбекистон Солиқ қўмитаси раҳбарининг ўринбосари лавозимида.

Бу эса ўз-ўзидан манфаатлар тўқаншуви билан боғлиқ саволларни ҳам ўртага чиқармоқда.

"Ҳар қандай монополияда суиистеъмолликлар бўлади. Бундан кимдир фойда кўради. Катта эҳтимол билан Ўзбекистонда бундан манфаатдорлар ҳукуматга, қарор қабул қилувчиларга яқин одамлардир. Ва, албатта, бу ерда манфаатлар тўқнашуви мавжуд. Бу қарор давлат органларига алоқадор айрим шахслар манфаатларини кўзлаб қабул қилинмоқда. Бу тўлов хавфсизлиги учун хавф туғдиради. Монополия истеъмолчилар ҳуқуқларига қарши ҳукмини ўтказади”, дейди Лондонда яшовчи таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам масалага эътибор қаратди.

У Телеграмдаги саҳифасида шундай ёзди:


“Ўзбек номенклатураси нимаики ясаса, ё навбатдаги монополист чиқади ёки астари кўриниб турган чўнтак пайдо бўлади. Охирги ҳафталарда, ҳокимликлар, солиқчилар-у, маҳалла еттиликларигача хусусий тадбиркорлар ва ўзбандларга Paynet (Xolis) иловасини ихтиёрий-мажбурий улаттириш билан овора. Тармоқда Paynet (Xolis) иловасига мажбурлашларни шимолдаги тоталитар режимнинг Max иловасига мажбурлаш билан менгзашмоқда”.

Ўзбекистон президентининг 247-сонли қарорида якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун махсус ҳуқуқий режим бўйича фақат Paynet тўлов ташкилоти шу иш билан шуғуллансин деган жойи йўқ.

Лекин Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси расмийларининг тушунтиришича, ҳуқуқий режимда иштирок этиш учун Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки, яъни IT парк резидентлари ҳисобланмаслиги лозим.

Йирик тўлов ташкилотларидан фақат Paynet'гина IT парк резиденти эмас.

Ўзбекистондаги бошқа тўлов тизимлари Payme, Click, Uzum, Alif, Oson'лар ҳуқуқий режимда ишлаш мезонига тушмайди.

“Натижада, йўқ жойдан навбатдаги ясама монополистни қабул қилиб олмоқдамиз ва энг хунуги – жойларда бу бўлажак монополист учун бутун маҳаллий бюрократия хизмат қилмоқда", деб фикр билдирди Бакиров.

Ўзбекистонда Paynet 2005 йилдан бери молиявий технологиялар соҳасида фаолият юритиб келаётган энг йирик тўлов операторларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур тўлов тизими йилига 20 миллиондан зиёд фойдаланувчига хизмат кўрсатади.

"Paynet" тўлов тизимининг Ўзбекистондаги фаолиятига назар солсак ўтган 20 йил ичида унинг эгаси камида тўрт марта ўзгарганини кўрамиз.

Бирламчи эгасидан Гулнора Каримова¸ Гулнора Каримовадан эса давлат тортиб олган бу қимматли тўлов тизимининг 100 фоизлик давлат улуши "Nеw Industrial Technologies" МЧЖга сотилган. Олди-сотди битими айнан қачон амалга оширилгани маълум эмаc. "New Industrial Technologies" МЧЖ 2019 йил очилган. Бугунги кунга келиб, ягона эгаси сифатида Мустафа Абдураҳманов кўрсатилган. У, шунингдек, Асиа Аллианc Груп компаниясининг 77,6 фоиз улушига ҳам эгалик қилади.

2025 йил январда эса "Paynet" АЖ "Миллий банклараро процессинг маркази" (HUMO тўлов тизими) нинг 100% давлат акциялар пакетини 65 миллион АҚШ долларига сотиб олган.


Форум

XS
SM
MD
LG