Линклар

Шошилинч хабар
04 январ 2026, Тошкент вақти: 15:45

АҚШ-Венесуэла: Ҳаво зарбалари пайти ушланган Мадурога АҚШ айблов эълон қилди


Венесуэла президенти Николас Мадуро, 10 декабр, 2025, Каракас
Венесуэла президенти Николас Мадуро, 10 декабр, 2025, Каракас

Венесуэла ҳукумати 3 январга ўтар кечаси, АҚШ томонидан тажовузга учраганини маълум қилди.

АҚШ президенти Трамп эса ижтимоий тармоқдаги постида АҚШ томонидан “кенг кўламли зарба” берилгани, сўнгра Венесуэла президенти Николас Мадуро қўлга олинганини эълон қилди.

АҚШ президенти Дональд Трампга кўра, АҚШнинг Венесуэлага қилган “Ярим тун болғаси” номли ҳарбий амалиёти “диктатор Мадурони ағдариш” мақсадида амалга оширилган. Бу ҳақда у 3 январь куни Флорида штатидаги Палм-Бич шаҳрида жойлашган Мар-а-Лаго қароргоҳида ўтказилган матбуот анжуманида билдирди.

«Кеча кечқурун ва бугун эрта тонгда, менинг кўрсатмамга биноан, Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Венесуэла пойтахтида фавқулодда ҳарбий операция ўтказди. Американинг мутлақ ҳарбий қудрати — ҳаво, қуруқлик ва денгиз кучлари — ишга солиниб, улкан ҳужум амалга оширилди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан бери одамлар кўрмаган даражадаги ҳужум эди. Бу Каракас юрагида жойлашган, кучли мустаҳкамланган ҳарбий қўрғонга қарши қаратилган куч бўлиб, қонундан ташқари диктатор Николас Мадурони адолат олдига олиб келиш мақсадида амалга оширилди. Бу Америка тарихидаги энг ҳайратланарли, энг самарали ва энг қудратли ҳарбий намойишлардан бири бўлди», — деди Трамп анжумандаги чиқишида.

Трамп “кенг кўламли зарба” берилганидан сўнг Венесуэла президенти Николас Мадуро ва Биринчи хоним Силия Флорес қўлга олингани ҳамда Венесуэладан олиб чиқиб кетилганини билдирди:

«Барча Венесуэла ҳарбий имкониятлари ишдан чиқарилди. Қуролли кучларимизнинг аёл ва эркак хизматчилари АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда Мадурони тун қоронғусида муваффақиятли қўлга олди. Қоронғи эди. Каракас чироқларининг катта қисми бизда мавжуд муайян тажриба туфайли ўчирилган эди. Қоронғи ва ҳалокатли эди. У хотини Силия Флорес билан бирга қўлга олинди. Энди уларнинг иккаласи ҳам Америка адолати олдида жавоб беради. Мадуро ва Флорес Нью-Йорк жанубий округида, Жей Клейтон раҳбарлигида, АҚШ ва унинг фуқароларига қарши қаратилган фалокатли наркотерроризм кампанияси учун айблов хулосасига тортилган».

АҚШ Қўшма штаблари қўмондони Дэн Кейнга кўра, Венесуэладаги ҳарбий амалиётда 20 та ҳарбий базадан 150 дан ортиқ самолёт ва вертолёт қатнашган.

Унинг айтишича, Мадуронинг ҳаракатларини тўлиқ ўрганиш учун ойлаб разведка ишлари олиб борилган.

«Вертолётлар Мадуронинг уйи яқинига қўнди. Етиб келганимизда ўққа дуч келдик, уни бостирдик. Вертолётлар шикастланди, аммо барчаси қайтиб келди. Разведка жонли эфирда олиб борилди», — деди Кейн.

АҚШ президентининг айтишича, Мадуро бункерига етиб боришга улгурмаган. Қўлга олиш операцияси 47 сония давом этган.

АҚШ Бош прокуратураси Венесуэла президенти Николас Мадурога “наркотерроризм” бўйича айблов эълон қилиб, унинг АҚШда суд қилинишини маълум қилди.

Трампнинг таъкидлашича, АҚШга олиб кирилаётган гиёҳванд моддаларнинг 97 фоизи денгиз орқали, катта қисми Венесуэладан келади.

Трамп АҚШ Венесуэла устидан назоратни ўз қўлига олишини ва у “хавфсиз, тўғри ва оқилона ўтиш жараёни” деб атаган даврга қадар “мамлакатни бошқаришини” айтди. Бу қандай амалга ошиши ҳозирча номаълум.

АҚШ президенти ҳарбий босқиннинг иккинчи тўлқини ҳам ишлаб чиқилганини, аммо у “эҳтимол, керак бўлмаслигини” таъкидлади.

Трамп Венесуэла вице-президенти Делси Родригесни Мадуронинг қўлловчиси ва вориси деб атаб, унинг аллақачон қасамёд қилгани ва АҚШ истакларига мувофиқ ҳаракат қилишга тайёр эканини айтди. Анжумандаги журналистлардан бирининг Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо ҳақидаги саволига жавобан Трамп «у етакчи бўлиши қийин, чунки уни ҳеч ким ҳурмат қилмайди», деди.

Бироқ Трампнинг бу чиқишидан кўп ўтмай Делси Родригес АҚШ президентининг ўзи ҳақидаги гапларини инкор қилиб, Николас Мадуро ва унинг рафиқасини зудлик билан озод қилишни талаб қилди:

«Биз президент Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресни зудлик билан озод қилишни талаб қиламиз. Венесуэланинг ягона президенти — президент Николас Мадуро».

Родригес Каракасда давлат телевидениеси орқали акаси — Миллий ассамблея раиси Хорхе Родригес, шунингдек ички ишлар, ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари билан бирга чиқиш қилди.

У тунда ўтказилган АҚШ амалиётини мисли кўрилмаган ҳарбий тажовуз деб атаб, уни икки томонлама муносабатлардаги оғир доғ сифатида баҳолади:

«Бугун эрта тонгда, соат 1:58 да, Америка Қўшма Штатлари ҳукумати Венесуэла Боливар Республикасига қарши мисли кўрилмаган ҳарбий тажовузни бошлади. Бу икки томонлама муносабатлар ривожига тушган даҳшатли доғдир. Ушбу операция давомида президент Николас Мадуро ва биринчи хоним Силия Флорес қўлга олинди».

Родригес президент Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флореснинг АҚШ томонидан ҳибсга олинишини «одам ўғирлаш» деб атади.

У Венесуэла аҳолисини мамлакатни ҳимоя қилиш учун хотиржамлик ва бирликка чақирди ҳамда Венесуэла ҳеч қачон ҳеч қандай империянинг колонияси бўлмаслигини билдирди:

«Венесуэла халқи ва бу мамлакат аниқ билган битта нарса бор: биз ҳеч қачон қайтадан қул бўлмаймиз, ҳеч қачон, қандай бўлишидан қатъи назар, ҳеч қандай империянинг колонияси бўлмаймиз».

Родригеснинг айтишича, ҳукумат мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қилинган ҳужумга жавоб қайтариш учун Венесуэла давлатининг барча тармоқларини бирлаштирган махсус мудофаа кенгашини чақирган.

«Биз Венесуэлани ҳимоя қилишга тайёрмиз, миллий тараққиёт учун хизмат қилиши керак бўлган табиий бойликларимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз», деди Делси Родригес.

3 январга ўтган кечаси АҚШ ҳарбий кучлари уюштирган ҳаво зарбалари пайтида қўлга олинган Венесуэла президентига АҚШ Бош прокуратураси айблов эълон қилди.

Бош прокурор Памела Бондига кўра, Николас Мадуро тез орада АҚШда суд қилинади:

“Наркотерроризм бўйича фитна, кокаинни импорт қилиш бўйича фитна, пулемётлар ва вайронкор қуролларга эгалик қилиш, шунингдек АҚШга қарши пулемётлар ва вайронкор қуролларга эгалик қилиш бўйича фитна. Улар тез орада Америка ҳудудида, Америка судларида Америка адолатининг бутун қаҳрига дуч келади”.

3 январь куни АҚШ президенти Доналд Трамп ижтимоий тармоқдаги постида АҚШ томонидан Венесуэлага “кенг кўламли зарба” берилганидан сўнг президент Николас Мадуро қўлга олинганини эълон қилди.

“Америка Қўшма Штатлари Венесуэла ва унинг раҳбари — президент Николас Мадурога қарши кенг кўламли зарбани муваффақиятли амалга оширди. Президент Мадуро хотини билан бирга қўлга олинди ва мамлакат ҳудудидан олиб чиқилди,” деб ёзди Трамп Truth Social’ ижтимоий тармоғидаги постида.

Рейтерс агентлигининг хабар қилишича, 3 январ шанбага ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасда портлашлар содир бўлган. Каракас порти ва Кариб денгизида жойлашган ҳарбий объектлар мавжуд Маргарита ороли ҳам АҚШ кучлари ҳаводан берган зарбаларга учраган.

3 январ шанбага ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасда портлашлар содир бўлган.
3 январ шанбага ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасда портлашлар содир бўлган.

Венесуэла ҳукумати АҚШ томонидан ҳарбий тажовузга учраганини билдириб, мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий қилди. Бундан ташқари, Венесуэла раҳбарияти БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилди.

Мурожаатда айтилишича, ҳужумлар фақат Каракасда эмас, балки Миранда, Арагуа ва Ла-Гуайра штатларидаги “фуқаролик ва ҳарбий объектлар”га ҳам қаратилган.

Юта штати сенатори Майк Ли, давлат котиби Марко Рубио билан суҳбатидан сўнг, Венесуэла етакчиси Мадуро АҚШда суд қилиниши ҳақида маълум қилди.

“Ҳозиргина Марко Рубио билан телефон орқали гаплашдим. У менга Николас Мадуро АҚШда жиноий жавобгарликка тортилиши учун Америка кучлари томонидан ҳибсга олингани, шунингдек, бугун оқшом қилинган ҳарбий ҳаракатлар ҳибсга олиш ордерини бажараётган шахсларни ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилганини айтди,” деб ёзди сенатор Х ижтимоий тармоғида.

Бунга қадар, Оқ уй бир неча бор Венесуэла амалдаги ҳокимиятини ноқонуний деб атаб, уларни гиёҳванд савдосига алоқадорликда айблаган. The New York Times нашрининг ёзишича, бунга қадар Трамп маъмурияти Николас Мадурони ўз ихтиёри билан лавозимини тарк этишига эришишга уринган.

Венесуэла ҳукумати шанба куни мамлакат пойтахти Каракаста портлашлар овози эшитилганидан кейиноқ Венесуэла президенти Николас Мадуро миллий фавқулодда ҳолат эълон қилган эди.

Шанба куни эрта тонгда ҳам Каракасда бир неча портлаш содир бўлиб, бутун шаҳар бўйлаб ҳаво ҳужуми сиреналари янгради.

Пойтахтдан ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда бир неча вертолётлар паст баландликда учиб юргани, айрим туманларда кенг кўламли электр таъминоти узилишлари кузатилгани ва аҳолининг вазиятни текшириш учун кўчаларга чиққанини кўриш мумкин.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳарбий база яқинида жойлашган жанубий маҳаллалар электрдан узилган, ҳавода тутун кўринган ва юқоридан самолётлар овози эшитилган.

АҚШ сўнгги ойларда Кариб ҳавзасида ҳарбий техникани кўпайтирган ва назоратни кучайтирган, хусусан ўтган ҳафта АҚШ Кариб денгизига катта миқдордаги ҳарбий самолёт ва қўшин йўллаган.

Бундан ташқари, Трамп маъмурияти Венесуэлага кириб-чиқаётган ва санкция остидаги нефть танкерлари ҳаракатини тўхтатишини билдирганди.

Айни пайтда, дунё давлатлари бу ҳодисага муносабатини билдирмоқда. 2022 йилдан бери Украинага босқинини давом эттираётган Россия, АҚШнинг Венесуэлага қарши ҳарюий ҳаракатларини “қуролли тажовузи”, деб атади ва қоралади.

“Бугун эрталаб АҚШ Венесуэлага қарши қуролли тажовуз амалини содир этди. Бу жуда хавотирли ва қораланадиган ҳолатдир. Бундай ҳаракатларни оқлаш учун келтирилган баҳоналар асоссиз”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Ҳозирча, Ўзбекистон Ташқи ишлар ишлар вазирлиги ёки бошқа бирор расмий идоранинг бу ҳодиса юзасидан баёнот бергани ёки муносабат билдиргани кузатилмади.

Николас Мадуро — чап қанотдаги президент Уго Чавеснинг авторитар вориси — 2013 йил баҳоридан бери Венесуэлада ҳокимиятида қолмоқда. Мамлакат мухолифати ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар унинг режимини сайловларни сохталаштириш ва инсон ҳуқуқларини бузишда айблаб келади.

АҚШ Лотин Америкасида бундай тўғридан-тўғри аралашувни 1989 йилда Панамага бостириб кириб, ҳарбий етакчи Мануэль Норьегани ағдарганидан бери амалга оширмаган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG