Линклар

Шошилинч хабар
28 октябр 2025, Тошкент вақти: 18:00

Нега Ўзбекистон дунё ўзбекларининг тарихий ватани ва ёрдамчиси эмас?


Summary

  • Бу мактуб Туркманистонда яшовчи ўзбек диаспораси вакили томонидан Озодлик радиосига юборилган. Муаллиф ўз номини ошкор этмасликни сўраган ҳолда мамлакатдаги ўзбек аҳолиси орасида тил ва миллий ўзликни сақлашга оид кечаётган муаммолар ҳақида сўзлаб берган.

Ассалому алайкум, ҳурматли Озодлик радиоси.

21 октябрь — Ўзбек тили куни арафасида атрофдаги ўзбекларда, шу жумладан Туркманистонда ҳам, ўзбек тилига бўлган истак, хоҳиш ва соғинч кучаймоқда.

Туркманистонда 2022 йилда ўтказилган аҳолини рўйҳатга олиш натижаларига кўра, аҳолининг расман 9,1 фоизи, яъни 642 минг кишидан ортиғи этник ўзбеклар деб кўрсатилган. Туркманистоннинг Тошҳовуз ва Лебап вилоятларида истиқомат қилувчи ўзбеклар асрлар давомида бу заминда қўшни туркманлар, тожиклар, эронликлар ва араблар билан дўстликда яшаб келмоқдалар.

Лекин Советлар даврида бошланган ассимиляция сиёсати 1991 йилдан бошлаб бора-бора кучайди. 1993–1994 йиллардан бошлаб, юртда бошқа миллий озчиликларники каби ўзбек мактаблари ҳам ёпила бошлади. XX асрнинг охирига келиб, Лебап вилоятидаги ўзбек мактаблари бутунлай ёпилди, Тошҳовузда эса энг сўнгги ўзбек тили ўқитилган синфлар 2011 йилда тугади.

Айтиш зарурки, Туркманистоннинг айнан Лебап вилоятида совет давридан қолган туркманлаштириш сиёсати пешқадам бўлди. Буни 2022 йилги аҳоли ёзуви натижалари ҳам кўрсатди: вилоят аҳолисининг расман 10 фоизидан ортиғи ўзбек деб айтилса-да, уларнинг фақат 28 фоизи учун она тили ўзбек тили деб кўрсатилган, қолган 70 фоиздан ортиғи учун эса туркман тили она тили сифатида қайд этилган.

Маҳаллий манбаларнинг айтишича, ёпиқ мамлакатдаги бу статистик рақамларга ишониш жуда қийин, лекин умумий тенденция кўзга ташланиб турибди — Лебапда ўзбеклар юқори тезликда маъмурий йўллар билан туркманлаштирилмоқда.

Туркманободлик тарихчининг аноним айтишича, аҳоли ёзуви натижаларида кўрсатилган “10 фоиз ўзбеклар” сонига аллақачон “туркманлаштирилган ўзбеклар”, шунингдек ўзбек миллийлигига яқин бўлган араблар ва тожиклар киритилмаган, улар “туркман” деб қайд этилган.

“Ўзингиз ўйлаб кўринг, 1926–1939 йиллардаги совет аҳоли ёзувларига кўра, ҳозирги Лебап вилоятининг аввалги Фараб, Каганович (кейин шаҳар таркибига кирган), Карлюк (ҳозирги Кўҳитонтоғ, Қойтендаг тумани) туманларида ўзбеклар аҳолининг кўпчилигини ташкил этган. Масалан, 1926 йилда Фараб туманида 90 фоиз ўзбек яшаган бўлса, 1939 йилга келиб 50,4 фоиз ўзбек қолган. Аммо 1995 йилги аҳоли ёзувига кўра, Фараб туманида 1,5 фоиз, Чоржўй шаҳрида эса 8 фоиз ўзбек қолган. Бу ҳам очиқчасига совет давридан бошлаб вилоятнинг этник таркибини маъмурий йўллар билан сунъий ўзгартириш амалиётини кўрсатади”, — дейди туркманободлик тарих муаллими.

Ҳозирги аҳвол ҳақида айтсак, Туркманистонда Каримов давридаги қўшни Ўзбекистондаги қашшоқлик, оғир иқтисодий муаммолар, шунингдек Каримовнинг атрофдаги ўзбекларга бўлган бефарқлиги фонида, йиллар давомида туркманлашиш жараёни кучайди. Ниёзов давридан қолган ижтимоий енгилликлар туфайли ассимиляцияга розилик тенденциялари жуда кучли бўлган.

Бироқ 2015–2016 йиллардан бошлаб мамлакатда иқтисодий инқирознинг кучайиши, сиёсий атмосферанинг янада буғилиши, 2019 йилдан бошлаб барча ижтимоий енгилликларнинг бекор қилиниши ва қўшни Ўзбекистонда Каримов вафотидан кейин ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларда очиқлик бошланиши билан Туркманистон ўзбекларида миллий онг ва миллий ўзликка интилиш яна кучайди.

Каркилик маданиятчи Сардор шундай дейди:

“2016–2017 йиллардан аввал ўзбекона миллий либосларимиз, ўзбекона урф-одатларимиз деярли оддий ҳаётимиздан сиқиб чиқарилганди. Лекин юртда иқтисодий ва сиёсий босимлар кучайиши, миллий озчиликларнинг маданияти ва тилига бўлган тақиқлар кенгайиши натижасида жамиятда бунга нисбатан протест реакцияси уйғонди. Бу реакция ҳам сўнгги ўн йилликларда янги куч билан ўзбекона урф-одатларга, миллий кийимларга, ўзбек тилли кино ва санъат асарларига қизиқиш уйғотди. Этник ўзбеклар қўшни Ўзбекистондаги ҳеч бўлмаса иқтисодий соҳадаги енгилликлардан қувона бошлади. Ҳатто аллақачон ‘туркманлаштирилган’ Фараб, Дейнов, Чоржўй туманларида, Туркманобод ва Сейди шаҳарларида ҳам ўзбекона тўйлар, одатлар, кийимлар ва маданий маҳсулотларга бўлган қизиқиш кучайди.”

Айтиш керакки, бу қизиқиш айнан туркман ҳукуматларининг тўйларда ўзбекча урф-одатлар ва ўзбекча қўшиқларни чекловга солиш сиёсати фонида кечмоқда, — дейди Каркилик Сардор.

Кўҳитонтоғлик, Дарғаноталик, Ашхободлик, Кўҳнаурганчлик ўзбеклар ҳам сўнгги вақтларда ўзбек миллийлигига бўлган истагини тобора очиқ ифода эта бошлаган.

Маҳаллий таълим мутахассисининг айтишича, 2023–2024 йиллардан бошлаб, юртда ўзбек тилли синфларни очишни талаб қилувчи ота-оналар сони кескин кўпайган.

“Бу тенденция охирги йилларда жуда кучайди. Сабаби, аввал одамлар ўз ҳақини талаб қилишдан қўрқарди, лекин сиёсий атмосферадаги тоқатсизлик ва репрессиялардан чарчаш одамларда жим ўтиришдан фойда йўқлигини англашга олиб келди. 2025–2026 ўқув йили арафасида ҳам кўпчилик этник ўзбеклар она тилида биринчи синфларни очишни талаб қилишди. Ҳатто вилоят ва туман таълим бўлимлари ходимлари бунга ҳеч қандай қаршилиги йўқлигини, қарор фақат Ашхободдан келишини айтди. Кўрибсизки, маҳаллий амалдорларда ҳам ёпиқлик ва дискриминацияга нисбатан ҳеч қандай хоҳиш қолмаган,” — дейди таълим мутахассиси.

Туркманистонлик ўзбеклар ўзларининг тил, маданият, Ўзбекистонга борди-келди, виза ва йўловчи транспорт масалаларида қўшни Тошкентдан ёрдам зарурлигини айтишди.

“Каримов давридаги қўрқув ва душман излаш сиёсати тугаб, дунёдаги барча халқлар каби ўз этник ватандошлари билан алоқаларни тиклаш вақти аллақачон келган. Биз, туркманистонлик ўзбеклар, Тошкент учун фақат қўшни мамлакат фуқаролари эмас, балки бир жону бир тан бўлган жигарлармиз.

Нега Қозоғистон — дунё қозоқларининг ватани, нега Арманистон — дунё арманларининг, нега Озарбайжон — дунё озарбайжонларининг ватани, аммо Ўзбекистон дунё ўзбекларининг тарихий ватани ва ёрдамчиси эмас? Ўзгариш вақти келди,” — дейди 63 ёшли ёшули Саттор оға Кўҳнаурганчдан.


Форум

XS
SM
MD
LG