Линклар

Шошилинч хабар
20 август 2025, Тошкент вақти: 17:28

АҚШ президенти Зеленский ва Путин учрашувини тайёрлашга киришди


АҚШ президенти Дональд Трамп Украина Президенти ва Европа лидерлари билан учрашув якунлари бўйича муҳим баёнот берди.

У ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Украина Президенти Владимир Зеленский ва Россия Президенти Владимир Путин ўртасидаги учрашувга тайёргарлик бошлаганини эълон қилди.

Бу ташаббус Россия ва Украина ўртасида тинчликка эришиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

- Биз Украина учун хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилдик, бу кафолатлар турли Европа давлатлари томонидан АҚШ билан ҳамкорликда таъминланади. Ҳамма Россия ва Украина ўртасида тинчликка эришиш имкониятидан жуда хурсанд. Учрашувлар якунлангач, мен президент Путинга қўнғироқ қилдим ва у билан Президент Зеленский ўртасидаги учрашувга тайёргарликни бошладим. Бу учрашувнинг жойи кейинчалик аниқланади. Ушбу учрашувдан сўнг уч томонлама саммит ўтказишни режалаштирмоқдамиз,” деб ёзди Доналд Трамп.

Трампнинг қўшимча маълумотига кўра, АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ва махсус вакил Стив Уиткофф Россия ва Украина билан музокараларни мувофиқлаштирмоқда.

Reuters’га таянган манбага кўра, Зеленский ва Путин учрашуви Венгрияда бўлиб ўтиши мумкин, Франция Президенти Эммануэль Макрон эса уни Женевада ўтказишни таклиф қилди.

Германия канцлери Фридрих Мерц учрашув “кейинги икки ҳафта ичида” режалаштирилганини тасдиқлади.

Axios журналисти Барак Равид хабарига кўра, Оқ уй август охиригача Зеленский ва Путин ўртасидаги учрашувни амалга оширишга умид қилмоқда.

Трамп ва Зеленский: тинчлик йўлида

АҚШ Президенти Доналд Трамп 2025 йил 18 август, душанба куни Оқ уйда Украина Президенти Владимир Зеленский ва бир қатор Европа лидерлари билан учрашди.

Ўша куни Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашди ва Зеленский ва Путин ўртасида тўғридан-тўғри учрашув уюштириш имкониятини муҳокама қилди.

Бу сафар учрашув февраль ойидагига нисбатан анча тинч ўтди: ўшанда Зеленскийнинг Оқ уйдаги ўтган ташрифи Трамп ва унинг маъмурлари билан жанжаллашиш билан якунланган эди. Бу гал украиналик раҳбар одатдаги ҳарбий форма ўрнига классик костюмда келди. Трамп Зеленскийнинг костюмини учрашув бошидаёқ мақтаб қўйди:

Февраль ойида Зеленскийдан унинг костюми ҳақида сўраган америкалик журналист эса ҳурмат белгиси сифатида Путин делегациясидан рус водкаси шишасини олди.

Владимир Зеленский эса АҚШ раҳбарига Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленскаядан хат олиб келди, унда у Мелания Трампга уруш пайтида украин болаларининг азиятлари тўғрисида Путинга ёзган хати учун миннатдорлик билдирди.

Украина Президенти Владимир Зеленский учрашувда хавфсизлик кафолатлари муҳокама қилинган асосий масала бўлганини таъкидлади:

- Бугун болаларни қайтариш, ҳарбий асирлар ва фуқароларни озод қилиш масалаларига кўп эътибор қаратилди. Бу борада ишлашга келишдик. АҚШ Президенти лидерлар даражасидаги учрашувни қўллаб-қувватлади. Бу учрашув ҳассос масалаларни ҳал қилиш учун зарур.

Зеленский учун энг муҳим масала — ҳудудий масала. У Вашингтондаги журналистлар билан суҳбатда ҳудудий ён босишлар ҳақидаги саволга “Ҳудудлар масаласини мен ва Путин ўртамиздаги муҳокамага қолдирамиз”, дея жавоб берди.

- Биз бу масала бўйича узоқ суҳбатлашдик. Айрим ҳудудлар, шарқий қисмлaр ва Қрим босиб олингани армиялар ўртасидаги жанглар натижасида эмас, балки, масалан, Қримда жанг бўлмаганлиги сабабли содир бўлган. Шунинг учун фалон муддат ичида катта ҳудуд босиб олинди, чунки Россия армияси кучли деб айтиш нотўғри, деди Украина президенти.

Хавфлизлик кафолатлари

Душанба куни кечқурун бўлиб ўтган матбуот анжуманида Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан берилган “аниқ сигнал” — АҚШнинг Украина хавфсизлиги кафолатчиларидан бири бўлишга тайёрлигини муҳим деб атади.

16 август куни Европа оммавий ахборот воситалари Трамп Украинага НАТОнинг 5-моддасига ўхшаш жамоавий мудофаа тўғрисидаги хавфсизлик кафолатларини таклиф қилгани ҳақида ёзди. Бу агар янги уруш бошланса, кафолатчи давлатлар тажовузкорга жавоб қайтариши кераклигини англатади.

Зеленский шунингдек, хавфсизлик кафолатлари доирасида Европа давлатлари томонидан қарийб 100 миллиард долларлик Америка қуролларини харид қилиш ва уларни Украина армиясига ўтказиш муҳокама қилинаётганини маълум қилди. Яъни, АҚШ энди Украинага қурол тақдим этмайди - украинлар уни ўз пулига сотиб олади.

Бунинг эвазига Украина Россия билан тинчлик келишувидан сўнг АҚШдан хавфсизлик кафолатларини олишга умид қилмоқда.

АҚШ Украинада ишлаб чиқарилган тақрибан 50 млрд долларлик дронларни харид қилишни бошлаши мумкин, аммо бу борада ҳали расмий келишувлар имзоланмаган.

Душанба куни яккама-якка суҳбатдан сўнг Доналд Трамп ва Владимир Зеленскийга Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Италия Бош вазири Джорджиа Мелони, Германия канцлери Фридрих Мерц, Финляндия Президенти Александр Стубб, Франция Президенти Эммануэль Макрон, НАТО бош котиби Марк Рютте ва Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен қўшилган тўққиз кишилик учрашув бўлиб ўтди.

Франция Президенти Эммануэль Макрон матбуот анжуманида Кремлнинг тинчлик йўлидаги музокараларга тайёрлигига шубҳа билдирди.

- Мен президент Путин тинчликни хоҳлайди деб ўйламайман. Унинг асосий мақсади — Украинанинг имкон қадар кўпроқ ҳудудларини босиб олиш ва уни заифлаштириш, дея хулоса қилди Франция президенти.

Оқ Уйдаги фотосессия вақтида Франция президенти қўлини чўнтагида ушлаб тургани — бу дипломатик протоколда бироз ноодатий деб ҳисобланган ишорадир, - журналистлар эътиборидан четда қолмади.

Хавотирлар

Айрим экспертлар Трамп ва Зеленский музокараларида Путин томонидан “Украинанинг яширин таслим бўлиши” сценарийси бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Бу Россиянинг ҳаддан зиёд талаблари, жумладан, Донецк ва Луганскдан Украина қўшинларини чиқариш ва рус тилига расмий мақом бериш билан боғлиқ.

Трамп Европада сўнгги 80 йил ичидаги энг ваҳшатли ва қонли урушни тезроқ тугатишга интилаётганини айтмоқда, аммо Киев ва унинг иттифоқчилари у Аляскада Путинни қизил гилам ёйиб кутволганидан кейин, Россия шартлари асосида келишувни мажбуран амалга оширишга уринишидан хавотирда.

Халқаро суд томонидан қидирувга берилган Владимир Путин учун қизил гиламни америкалик ҳарбий аскарлар ёйишга мажбурлангани АҚШ жамоатчилиги ғазабини келтирди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Fox News эфирида тинчлик ўрнатиш учун иккала тараф ҳам ўзаро шартларга кўниши керак, деди:

“Россия ва Украина тинчлик келишуви учун ҳудудий ён босишларга бориши керак. Бу осон эмас, балки ҳатто адолатсиз бўлиши мумкин, аммо урушни тугатиш учун айнан шу талаб қилинади.”

Рубионинг сўзларига кўра, бу чизиқлар қаердан ўтишини Путин ва Зеленский ўзлари ҳал қилиши керак, АҚШнинг вазифаси эса томонлар ўртасида алоқа таъминлашдан иборат.

Зеленскийнинг ҳудудий масалалар бўйича қатъий позицияси музокараларни мураккаблаштириши мумкин - Украина конституциясига кўра, бу ҳудудларни бериб бўлмайди.

Макрон ва бошқа Европа лидерлари хавфсизлик кафолатларини таъминлашда фаол иштирок этишга тайёр.

Кремлнинг муносабати

Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Украина ўртасидаги “тўғридан-тўғри музокаралар” ғоясини муҳокама қилди, деб хабар берди сешанба куни Путиннинг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Юрий Ушаков.

Украина ва Россия томонидан вакиллар даражасини ошириш имкониятини кўриб чиқиш зарур”, — деб қўшимча қилди у.

Ўтган жума куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин Аляска штатининг Анкориж шаҳридаги Элмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида юзма-юз учрашув ўтказди. Учрашувнинг асосий мавзуси Россия-Украина можаросини ҳал қилиш масаласи бўлди. Музокаралар 2 соат 45 дақиқа давом этди, бироқ аниқ келишувга эришилмади.

Трамп ва Путиннинг Аляскадаги учрашуви аниқ келишувларга олиб келмасада, Зеленский ва Путин ўртасидаги кейинги учрашувга ҳамда АҚШ ва Европа раҳбарлари ўртасида кўплаб масалалар бўйича якдиллик учун замин яратди.

Аммо Россия раҳбарининг Украина президенти билан учрашувга “журъати етадими” йўқми, ҳали маълум эмас.

…..

Путин Трамп билан телефон суҳбатида тинчликка интилаётганини айтар экан, Россия армияси 19 августга ўтар кечаси Украинага 270 та дрон, бешта баллистик ракета ва бешта қанотли ракета билан зарба берди. Зарбаларда стратегик авиация иштирок этди.

Украина марказидаги Кременчуг шаҳри уруш давридаги энг йирик ҳужумлардан бирини бошдан кечирди. Шаҳарни қaлин тутун қоплади.

Айрим маълумотларга кўра, ҳужумнинг асосий зарбаси Кременчуг нефтни қайта ишлаш заводига берилди - унда Озарбайжон нефти қайта ишланиши айтилмоқда.

18 августга ўтар кечаси Россия Одесса яқинидаги Озарбайжоннинг SOCAR копаниясига қарашли нефт базасига ҳужум қилиб, 17 катта резервуарни ёқиб юборди.

Нефт терминалида 16 минг тонна нефт ёниб кетди.

Форум

XS
SM
MD
LG