Эрондан шу кунларда дунёга, хусусан Марказий Осиёга эҳтимолий таҳдид сирасига радиация ҳам қўшилдими ёки бундай хавотирга асос йўқми?
АҚШ Эрондаги ядровий объектларни аёвсиз бомбалаганидан бери аксариятни хавотирга солаётган савол шу бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон Эронга яқин - орадаги энг яқин масофа 1 ярим минг километр атрофида. Ўзбекистонда тез-тез Эрон шамоли эсиб туради.
13 июн куни Исроил, Теҳрон ядровий қуролни тайёрлашига бир неча кун қолди, деган даъво билан Эронга ҳужум қилган.
АҚШ президенти Трамп, икки давлат ўртасидаги 12 кунлик урушни тугатиши мумкин, деб кутган илк оташкесим эса бир кунга ҳам чўзилмади.
Узоққа чўзилмаган оташкесим
Исроил мудофаа вазири Исроил Кац сешанба куни эрталаб ўз ҳарбийларига Теҳронга янги ҳужум учун буйруқ берганини билдирди ва буни, ўртада келишилган оташкесимни Эрон бузди, деган даъво билан изоҳлади.
“Эрон АҚШ Президенти томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш шартларини қўпол равишда бузгани сабабли, ҳарбийларга Теҳрондаги режимга тегишли объектлар ва террор инфратузилмасига қарши юқори шиддатли операцияларни давом эттиришни буюрдим”, ёзди Исроил Кац Телеграм саҳифасида.
Исроил ОАВ, Эрон иккита баллистик ракета учирди, аммо улар ҳаво мудофаа тизими томонидан тўхтатиб қолинди, деб хабар қилди.
Эрон эса буни рад этмоқда. Nour News ва Тасним ахборот агентликларига кўра, Теҳрон Қуролли кучлари бош штаби оташкесим соатларида Исроилга қарши ҳеч қандай ракета учирилмаган.
Бундан бироз муқаддам АҚШ президенти Дональд Трамп, Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро бўйича “тўлиқ ва мутлақ” ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилди, деб эълон қилганди.
Ўзининг Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Трамп бу оташкесим “12 кунлик уруш”га якун ясаши мумкин,деган. Исроил ва Эрон ҳам ўт очишни тўхтатишини тасдиқлаган эди.
Аммо, ундай бўлмади. Бу натижа - икки давлат ўртасида бошланган ва 22 июндан АҚШ ҳам қўшилган ҳаво ҳужумларининг тезда тугаши ҳамда минтақада ядровий уруш таҳликаси йўқолишига бўлган умидларни сўндира бошлади.
24 июн куни президент Трамп, Оқ Уй олдидада саволга тутган журналистларга жавобан хавфсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади ва ҳатто, инглиз тилида “F” ҳарфи билан бошланадиган сўкинч сўзни қўллади.
“Биласизми, ҳозир иккита давлат бор ва улар бир-бири билан жуда узоқ вақтдан бери, жуда қаттиқ урушяптики, охир-оқибат нима қилаётганининг фарқига боришмаяпти, тушундингизми мени?!” деди Трамп.
Вертолётга чиқишдан олдин у оташкесим бузилганидан норози экани, айниқса Исроилдан рози эмаслигини билдирди.
Ер остига яширилган Фордо
Яқин Шарқ ва унга туташ минтақаларга жиддий таҳдидга айланган Эрон-Исроил низоси 13 июнь куни бошланди.
Исроил, Теҳрон ядровий қуролни тайёрлашига бир неча кун қолди, деган даъво билан Эроннинг қатор ядровий иншоотларига ҳаводан ҳужум бошлади. Эрон ҳам бу ҳужумларга қарши Исроилга ракета ёғдирди.
22 июн куни, катта норозлик ва хавотирларга қарамай, АҚШ ҳам бу ҳужумларга қўшилди. Ўз арсеналида ядровий бомбадан кейинги энг кучли бомбаларни Эронга ташлади.
Эроннинг бомбаланган уч иншоотидан бири - Фордо - Қум шаҳридан 30 километр шимолда ер остида, тахминан 60-80 метр чуқурликда жойлашган уранни бойитиш заводидир.
Фордо мажмуаси Ислом инқилоби қўриқчилар корпуси учун тоғ бағрида махсус қурилган ер ости туннеллари тизимига яширилгани айтилади.
Бу объектнинг борлиги 2009 йили АҚШ президенти Барак Обама, Франция президенти Никола Саркози ва Британия бош вазири Гордон Браун берган қўшма баёнотдан сўнг жаҳон жамоатчилигига ошкор бўлган.
Шундан бери, Теҳрон ядровий дастури халқаро сиёсатнинг хавотирли масаласига айланди.
Фордо - Эрондаги иккинчи йирик уранни бойитиш заводи, биринчиси – Натанз ядровий иншооти.
Тоғлар бағрига беркитилган Фордо заводи 2006 йилда яширинча қурилган.
2020 йилда унда 1 минг 44 та центрифуга борлиги аниқланган.
Заводда уран 20 фоизгача бойитилиши расман айтилган. 2023 йилда Халқаро атом агентлиги бу заводда уран 83,7 фоизгача бойитилаётган бўлиши мумкин, деб маълум қилди.
Ядровий қуролга айланиши учун эса уран 90 фоизгача бойитилиши керак.
Ҳозирча радиация хавфи йўқ
Эрон ҳозиргача Фордо заводи қурилишида халқаро қонунчиликни бузганига оид айбловларни тан олмайди ва объектда бойитилаётган уран тинчлик мақсадларда ишлатилади, деб келади.
Аммо асосий эътироз - бу объектларнинг нафақат халқаро назоратчиларга ёпилгани, балки тамоман махфийлигидир.
Жумладан, заводнинг асл ҳажми, унда олиб борилаётган ядровий дастур кўлами ҳамда мақсадига оид маълумотлар ҳануз халқаро жамоатчиликдан сир сақланади.
Халқаро атом энергияси агентлигининг 23 июн куни маълум қилишича, Фордо ядровий заводига катта зарар етган бўлиши мумкин.
Агентлик директори Рафаэл Гроссига кўра, завод атрофида чуқур кратерлар пайдо бўлган, бу эса ер тагида катта портлашдан далолат бўлиши мумкин:
“Ҳозирда, ҳатто агентликнинг ўзи ҳам Фордо ер ости объектидаги зарарни тўлиқ баҳолаш имконига эга эмас. Бироқ ишлатилган портловчи моддалар ва центрифугалардаги вибрация инобатга олинса, объектга жуда катта зарар етгани аниқ”.
Маълумки, Эроннинг яширин ядровий дастурлари юритилаётган манзил сифатида Исфаҳон шаҳри теграсидаги объектлар ҳам тилга олинади.
Халқаро атом энергияси агентлиги 2008 ва 2022 йилларда, бу объектларда ядровий қурол чиқариш учун етарли даражада бойитилган уран сақланади, деган хулосани билдирган, Эрон буни ҳам рад этганди.
АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари 22 июн куни Исфахон ва шунингдек, Натанз уранни бойитиш заводини ҳам нишонга олганини билдирган. Бу икки завод кейинги 10 кун ичида Исроил кучлари томонидан ҳам бир неча марта нишонга олинганди.
Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Гроссининг таъкидлашича, бу 3 объектда ҳозирча радиация даражаси ошмаган, яъни атроф-муҳитга радиация ҳавфи йўқ:
“Ҳали ҳам дипломатия учун йўл бор. Биз шу йўлдан боришимиз керак. Акс ҳолда, зўравонлик ва вайронагарчилик тасаввур қилолмайдиган даражага етиши мумкин”.
B-2 Spirit ташлаган янги бомбалар
АҚШ ҳужумларига асосий нишон бўлган Фордо заводи ер остига кўмилган, 2016 йилдан бери уни С-300 ракета тизимлари ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилаётганди.
22 июнь куни АҚШ завод устига - 60 метргача ер остида бўлган объектларни уриш учун махсус ясалган янги русумдаги энг кучли бомбаларни ташлади.
Пентагон берган хабарга кўра, B-2 Spirit бомбардимончи учоқлари бу бомбаларни 18 соатлик махфий парвоз (бу орада ҳаводан туриб ёнилғи қуйиш амалга оширилган) Шарқий Ўрта Ер денгизига олиб борган ва ўша ердан ҳужумга киришган.
Экспертларга кўра, B-2 бомбардимончи учоқлар илк кез жангга солинган ва 16 ярим минг тонналик иккита бомбани ташлаган. Бу бомбалар - АҚШдаги энг оғир конвенционал, аммо ядровий бўлмаган бомбаларидан ҳисобланади.
"Massive Ordnance Penetrator (MOP) — бу Фордо каби иншоотларни аниқ нишонга олиб, эҳтимол, бутунлай йўқ қила оладиган дунёдаги ягона қурол. У аввалбошда тоғ ичига қурилган объектларни йўқ қилиш учун махсус яратилган эди — дастлаб Шимолий Корея, кейинроқ Эрон каби мамлакатлардаги объектларни ҳам қамраб олди. Лекин, шунга қарамай, бир ва ҳатто иккита шундай бомба билан ҳам ҳам Фордо каби объектни тўлиқ ишдан чиқариш мумкинлигига кафолат йўқ", дейди АҚШдаги CNAS маркази эксперти Карлтон Хейлиг.
АҚШ Ҳаво кучларининг таркибида атиги 20 та B-2 бомбардимон учоғи бор ва одатда жуда эҳтиёткорлик билан, фақат ўта зарур ҳолатлардагина қўлланилади.
22 июн кунги ҳужумлардан сўнг Эрон расмийлари мамлакатдаги қатор муҳим ядровий объектларга ҳаво ҳужуми бўлганини тасдиқлаган. Бундан ташқари, бу ҳужумлардан аввал стратегик материал, жумладан бойитилган уран ва зарур ускуналар бошқа манзилга кўчирганини билдирди.
Аммо, ҳужум оқибати ёки етказилган зарар ҳақида маълумот бермади. Аксанча, кескин қарши ҳужум бўлишидан огоҳлантирди.
Ядровий қурол бормиди?
13 июнь куни Эрон ядровий объектларига ҳужум бошлаган Исроил, Теҳроннинг ядровий қуролни тайёр ҳолга келтиришига бир неча кун қолганди, деб иддао қилмоқда.
Бу иддаони қисман қувватлаган баёнотни 12 июн куни Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам берди.
Ҳужжатда, Эрон ядровий объектларида олинган намунада ураннинг бойитилиш даражаси ядровий қурол ясаш даражасига етгани айтилди:
“Бош директорнинг GOV/2025/25 рақамли ҳужжатда келтирган хулосасига кўра, 1995–2000 йиллар оралиғида Жобир ибн Ҳайён лабораториясида ўтказилган ва агентликка олдиндан маълум қилинмаган экспериментларда қўлланган уран миқдори агентликка ҳануз номаълум, бундан ташқари олинган уранли материал ишлатилдими ёки агентликка очиқланган бирор материал таркибига қўшилдими, ёхуд ҳануз белгиланган тартиб-қоидадан ташқари сақланяптими - агентликка номаълум қолмоқда”.
Эроннинг Фордо, Исфахон ёки Натанз ядровий заводларида уран неча фоизга қадар бойитилиши мумкин ёки амалда қанча уран бойитилгани ҳақида аниқ расмий маълумот йўқ, фақат халқаро ташкилотлар илгари сурган тахминлар бор.
Жумладан Халқаро атом энергияси агентлиги берган сўнгги маълумотларига кўра, Фордо мажмуасида уранни 60 фоизгача бойитиш мумкин. Бундан кейинги босқич эса - 90 фоиз ва бунда бойитилган уран ядровий қуролга айланади.
Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг мудофаа ва хавфсизлик бўйича катта илмий ходими Ҳезер Уилямсга кўра, бу заводнинг мавҳум қолаётган ҳозирги аҳволи Теҳрон ядровий дастури келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга:
“Фордонинг ҳозирги ҳолати ёки унга эҳтимолий янги зарбалардан кейинги аҳволи — Эрон ядровий дастурининг келажаги учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Чунки, бу иншоот уранни айнан 60 фоиздан 90 фоизгача бойитиш мумкин бўлган мажмуа. Яна бир хавотир шундаки, бу Теҳроннинг уранни 60 фоизгача бойита оладиган объектларидан фақат бири бўлиши мумкин ёки шундай уранни сақлайдиган омбори бўлиши мумкин”.
Теҳронга ядровий санкция
2018 йил майида АҚШ Теҳронга ядровий дастури учун санкция қўллаган.
2019 йил октябрда Исроилга қарашли ImageSat сунъий йўлдоши Фордо заводида қайта қурилиш ишлари бораётганини тасдиқловчи фотосуратларни эълон қилганди.
2020 йилда эса заводда 1 минг 44 центрифуга борлиги аниқланган. 2021 йилга келиб, завод 20 фоизгача тозаликда уран ишлаб чиқарилаётгани расман хабар қилинган.
2023 йил мартда CNN ширкатлари Фордо биносида "бомба даражасига яқин" уран топилди, деб хабар қилган.
Ўшанда Халқаро атом агентлиги бу заводда ураннинг бойитилиш даражаси 83,7 фоигача тозаликда бўлгани, яъни амалда U‑235 типидаги уран аниқлаганини маълум қилганди.
²³⁵U ёки U-235 — У-235 — уран изотопи бўлиб, табиатда қазиб олинадиган уран рудаси таркибининг тахминан 0.72 фоизини ташкил қилади. Ураннинг асосий изотопи эса — У-238.
У-235 — ядрoвий занжир реакциясини ҳосил қила оладиган абиатда мавжуд ягона изотоп ҳисобланади.
Ядровий қурол даражасидаги уран — камида 85 фоизлик У-235 изотопидан иборат бўлиши керак. Аммо, 20 фоизга бойитилган урандан ҳам қуввати оз бўлган ядровий қуролларни ясаш мумкин.
Айнан У-235 изотопи 1945 йилда Хиросимага ташланган “Little Boy” - “болакай” атом бомбасида қўлланган.
Бойитилган Теҳрон урани қаерда?
Ҳозир халқаро ҳамжамият ва Халқаро атом энергияси агентлиги, Эронда қанча бойитилган уран бор эди, бу уран неча фоизга қадар бойитилган, ҳозир қаерда ва муҳими, хавфсиз шаклда сақланаяптими, деган саволларнинг жавобига қизиқмоқда.
13 июндан бери Исроил билан уруш ҳолида бўлган Эронга айни пайтда халқаро мустақил экспертларнинг кириши ва бу саволларга мустақил жавоб топиши имконсиз.
Маълумки, Эрон Ўзбекистонга яқин - автомобил йўлидан борилганда 2 минг километр масофани босиб ўртадаги Туркманистонни кесиб ўтиш керак.
Аммо, тўғридан-тўғри масофа айрим ҳудудларда 1 ярим минг километр атрофида. Ўзбекистон бот-бот Эрондан келадиган шамолга учрайдиган ўлка.
Бу эса Эронда ядровий офат бўлган тақдирда радиация нурининг мамлакатга етиб келиши эҳтимолини оширадими, деган хавотирни пайдо қилмоқда.
"Эроннинг марказий чўлларида юзага келадиган ҳаво оқими Туркманистон орқали Ўзбекистонга келади. Ҳозир биз айнан Эрон марказида шаклланган иссиқ ҳаво оқими таъсири остида турибмиз, шу кунларда Тошкентда ҳаво жуда исиб кетган. Шу шамол оқими билан радиация ҳам кириб келиши мумкин эди, лекин ҳайриятки, бу уччала объектда ҳам радиация аниқланмаганини Халақаро атом энергияси агентлиги эълон қилди", дейди ўзбекистонлик иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Қўшнилар ядро хавфига тайёрми?
Эндиликда аксар экспертлар, Эрондан таралаётган ядровий таҳликага унга қўшни ва минтақа давлатлари қанчалик тайёр, деган саволни ҳам кўтармоқда.
Дунё ядровий қуролдан ҳоли бўлишга қанчалик ҳаракат қилмасин, 3 йил муқаддам Россиянинг Украинага босқини Запарожье ядровий иншооти, энди эса Исроил ва Эрон ўртасидаги қуролли низо Теҳрон ядровий таҳликасини ўртага чиқарди.
Эроннинг шу кунда қанчалик шикастлангани номаълум бўлиб қолаётган Фордо ядровий заводи омборларида 60 фоизгача тозаликда бойитилган 400 кг дан ортиқ уран захираси борлиги тахмин қилинади.
Халқаро стандартларга кўра, агар шу миқдордаги уран 90 фоизга қадар бойитилса, ундан 9 тагача атом бомбаси ясаш мумкин.
Ҳозирча, Халқаро атом энергияси агентлиги, ҳозирга қадар Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқармоқда, деган конкрет далил йўқлигини айтиб келади.
Аммо, Теҳрон ўз ядровий дастурини сир сақлаётгани ва агентлик билан ошкор ҳамкорлик қилмаётгани боис, хавотирлар аримаётир.
Аксинча, Эрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаши ва атом бомбасини яратиш нияти йўқлигини муттасил таъкидлаш билангина чекланмоқда.
Форум