Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2024, Тошкент вақти: 23:19

Диний рамзлардан қўрқув. Тошкентда яна соқолга қарши рейдлар


"Малика" бозори
"Малика" бозори

Тошкентнинг халқ орасида "Малика" номи билан танилган бозорида яна "антисоқол" рейдлари ўтказилгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Асосан электр жиҳозлари билан савдо қилувчи ва расмий номи “Техно-Олам” савдо мажмуаси дея аталувчи бу бозор сўнгги йилларда бир неча бор “антисоқол рейдлари”га саҳна бўлган.

Бир биридан мустақил икки савдогарнинг Озодликка айтишича, охирги рейдлар бу масканда 2 февраль куни бўлган, соқолли камида 10 киши ушланиб, Шайхонтохур тумани ИИБ ҳуқуқий профилактика бўлимига олиб кетилган.

“Жума намозидан кейин мелиса ўндан зиёд намозхон болаларни олиб кетди. Шайхонтохур ГОМига олиб бориб, соқолини олишга мажбурлашган, ё оласан ё 15 суткага қамаймиз деб, қўрқитишган”, - дейди Озодлик суҳбатлашган савдогарлардан бири.

“Деярли ҳар жума куни бўлади. Озгина ўсса, ол дейди. Соқоли сал узунроқ бўлса олиб кетиб, қисқартиришга мажбурлайди”, дейди бошқа бир савдогар.

ИИБга олиб кетилганлар диндор бўлганликлари учун соқоллари олинганлигини даъво қилишмоқда.

Озодлик бу иддаолар юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан изоҳ ололмади.

Малика бозори жойлашган ҳудудга масъул участка нозири соқолга қарши рейдлар бўлганини рад этди.

“Тўғри, жума кунлари масжидда намоз пайти фуқаролар тинчлигини сақлаш учун чиқиб қўриқлаб турамиз, масжидда бирон кор-ҳол бўлмасин деб. Одамлар ҳам миннатдор бўлиб раҳмат айтиб кетишади, дуолар қилиб. Энди ўша куни соқол қўйган ўғриларни ушлаб кетган бўлса, шунга йўйишгандир. Лекин, унақа бўлгани йўқ. Шайхонтохурда намозхонлар кўп, бемалол намозини ўқийди, ҳеч ким тўсқинлик қилаётгани йўқ”, дейди участка нозири.

“Малика” савдо мажмуасида бундан олдин ҳам ўнлаб соқолли эркаклар тутиб олиб кетилиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда Озодликка айтишганди.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги расмийлари соқолга тақиқ йўқлиги ва соқолга қарши рейдлар ИИВ ходимлари томонидан ўтказилмаслигини айтиб келади.

Икки йил аввалги антисоқол рейдлари ҳақида сўралганида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов “соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ, бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея баёнот берганди.

“Агар фуқароларда конституцион ҳуқуқи бузилаётгани тўғрисида эътироз бўлса, албатта, шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Сиз айтган ҳолатлар бирор марта бўлгани йўқ. Ҳеч қандай тақиқ йўқ”, деганди Шохруҳ Ғиёсов.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси вакили ўша пайтда Озодликка “Малика” бозорида савдогарлар соқоли мажбурлаб олинганини рад этаркан, "ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган, айни пайтда "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаганди.

Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов соқол диний радикализм белгиси сифатида кўрилиши боис хавфсизлик хизматлари диққат марказида бўлиб келишини айтади.

"Соқол қўйиш ҳар кимнинг шахсий иши ва бунинг учун таъқиб қилиш ёки олишга мажбурлаш нотўғри. Лекин бизда соқол радикал ислом белгиси сифатида кўрилади ва бунга муҳофазакорлик билан қаралади".

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев фикрича, соқолга қарши кампания бутун мамлакат миқёсида бўляпти деб бўлмайди.

"Малика" бозорида доим соқолга қарши рейдлар бўлганини эшитамиз. Менимча ўша ерни милиция бошлиқларини ўзбошимчалиги бўлса керак. Бизни Фарғонада соқолга ва рўмолга эътироз йўқ", - дейди Эргашев.

Шотландиядаги Сент-Эндрю университети Терроризм ва сиёсий зўравонлик масалаларини ўргануви Ханда маркази тадқиқотчиси, профессор Ноах Такер фикрича, Ўзбекистонда Мирзиёев президентлиги даврида диний эркинлик бобида илгарилаш кузатилган эса-да мамлакат Каримов давридаги эски режим сарқитларидан тўлиқ қутилгани йўқ.

"Мен сўнгги марта Ўзбекистонда бўлганимда Тошкент кўчаларида, Андижон ёки Бухорода соқол қўйган ёки рўмол ўраган одамлар кўпроқ кўзга ташланди, Тошкентнинг Эски шаҳарида масалан. Қизлар ҳижобда мактабга боряпти, гарчи бунга қонунда чеклов бўлса-да. Чунки, қонунни ўзи тушунарсиз. Нима демоқчиман, одамларнинг Ўзбекистонда илгарига қараганда озми-кўпми эркинроқ юриши яхши ва буни олға силжиш деган бўлардим. Лекин, айни пайтда соқол қўйганларни соқолини олишга мажбурланаётгани ҳақидаги алоҳида холатларга ҳам кўз юмиб бўлмайди", - дейди Такер.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинади.

Вашингтондаги муҳокама

Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш , аёлларнинг ҳижобини ечтириш, рўмолли ўқувчи ва талабаларнинг таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.

Тошкентда соқолга қарши навбатдаги рейдлар Вашингтонда Ўзбекистондаги диний эркинлик масаласи муҳокама қилинаётган паллада юз бермоқда.

Унда қатнашган Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов ўз мамлакати ҳукумати “инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш тарафдори” эканини таъкидлади.

"Бу биз учун устувор масала. Бу бўйича АҚШ билан кенг қамровли, очиқ, конструктив мулоқот олиб бормоқдамиз. Муҳокама қилиб бўлмайдиган ҳеч қандай масала йўқ", - дея ўзбек элчисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда “Америка овози” радиоси.

Сидиқовнинг таъкидлашича, Тошкент диний эркинлик борасида бошқа давлатларга яхши кўриниш учун эмас, балки миллат манфаати учун қадамлар ташламоқда.

“Албатта, муаммолар бор. Бу табиий, лекин ҳозир ёндашувимиз бошқача”, - деб қўшимча қилган Ўзбекистоннинг Вашингтондаги юқори мартабали дипломати.

Муҳокамаларда қатнашган Халқаро Диний Эркинлик Котибияти президенти ва USCIRF собиқ раиси Надин Маензанинг айтишича, фуқаролар ўз эътиқодларига қонуний йўл билан қандай амал қилишлари ҳақида давлат томонидан аниқлик йўқ.

Бошқа экспертлар сингари, у кўпчилик мусулмонлар устидан назоратни кучайтириш вақти-вақти билан таъқибларга олиб келишидан хавотир билдиради. Ҳукумат “диний экстремизмга аниқ ҳуқуқий таъриф бериш, бу таърифнинг шаффоф ва оммага очиқ бўлишини таъминлаши керак”, дейди у.

Маенза Ўзбекистон ҳукуматини тинч йўл билан диний эътиқодни ифода этиш ва хавфсизликка таҳдид соладиган ҳаракатлар ўртасидаги фарқни аниқлаш учун маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ экспертлари билан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Ўзбекистон расмийлари мамлакат диний эркинликлар соҳасида илгарилаб бораётганини даъво қилишади. Расмийлар БМТ Махсус маърузачиси тавсияси билан қийноқлар билан ном чиқарган "Жаслиқ" қамоқхонаси ёпилгани, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун сўнгги халқаро талаблар даражасида таҳрир қилинганини таъкидлайдилар.

Адлия вазирлиги диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ва ҳисобот талаблари соддалаштирилганини айтган.

Жумладан, рўйхатдан ўтиш учун тўловлар энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 20 тагача, яъни 18,4 миллиондан 3,6 миллион сўмгача камайтирилган.

Фаолият юзасидан ҳисобот даврийлиги йилига 4 дан 1 мартагача туширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги чиқишларидан бирида қарийб 18 минг нафар шахс “қора рўйхат”лардан чиқарилганини айтган эди.

Шунга қарамай, халқаро ташкилотларнинг сўнгги мониторинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон диний эркинликлар учун хавфли мамлакатлар сирасига киритилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, 2021 йилнинг 1 август ҳолатига мамлакатда 16 та конфессияга мансуб 2 285 та диний ташкилотлар мавжуд.

Шуларнинг 2098 таси исломий, 188 таси бошқа диний оқимларга мансуб ташкилотлардир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, дин давлатдан ажратилган. Диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Форум

XS
SM
MD
LG